Мулоқотда тиббиёт, туризм, авиация ва ахборот технологиялари соҳаларида меҳнат бозори эҳтиёжлари ҳамда Ўзбекистонда мақсадли тайёрлов курсларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунига кўра, Қатарнинг Бандлик ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари вакилларининг Ўзбекистонга ташрифи ташкил этилади. Шунингдек, идоралараро ишчи гуруҳ тузиш ҳамда тиббиёт ходимларини Қатар стандартлари асосида тайёрлаш бўйича махсус таълим дастурини йўлга қўйишга келишиб олинди.
Шу билан бирга, Қатарнинг давлат бандлик ташкилоти — Жусоур раҳбари Абдулҳади Баркан билан музокаралар ўтказилди.
Унга кўра, Қатарда ишлаш истагидаги ёшлар учун 2026 йил сентябрь ойида Тошкент шаҳрида 50 дан ортиқ иш берувчи иштирокида «Ўзбекистон — Қатар меҳнат форуми» ташкил этилади.
Qatar Airways вице-президенти Фатҳи Атти билан учрашувда эса жорий йил май–июнь ойларида авиация соҳаси бўйича 65 нафар номзодни танлаб олишга келишилди. Улар борт кузатувчиси, муҳандис ва аэропорт ходими сифатида юқори маошли ишларга жойлаштирилади.
Шунингдек, келгусида учувчилик, механика, электротехника ва муҳандислик йўналишлари бўйича 1600 нафар олий маълумотли мутахассисни ишга жалб қилиш лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда.