Бу ҳақда Миграция агентлиги хабар берди.

    Қайд этилишича, Миграция агентлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси масъулларидан иборат делегация Саудияда ҳамюртларни қонуний ва тизимли ишга жойлаштириш масалалари юзасидан қатор учрашувлар ўтказди.

    Саудия Арабистони Инсон ресурслари ва ижтимоий ривожланиш вазири ўринбосари Аҳмад Ал-Шарқий билан бўлиб ўтган мулоқотда меҳнат бозорининг янги стратегияси, хорижий ишчи кучини жалб қилишнинг замонавий механизмлари ҳамда меҳнат визаларини малака даражалари бўйича ажратиш тизими муҳокама қилинди.

    Учрашув якунларига кўра, Миграция агентлиги ва Саудия Арабистони Меҳнат вазирлиги ўртасида қўшма ишчи гуруҳ ташкил этилиши белгиланди.

    Шунингдек, Ўзбекистонда тиббиёт, қурилиш, туризм ва муҳандислик соҳалари бўйича халқаро стандартлар асосида кадрлар тайёрлаш, малака имтиҳонларини ташкил этиш ҳамда номзодларни Саудия Арабистонида ишга жойлаштириш тизимини йўлга қўйишга келишиб олинди.

    Мулоқотлар давомида КДОТ рекрутинг ташкилоти ва йирик иш берувчилар билан юқори талабга эга касблар бўйича мақсадли таълим ҳамда касбий тайёргарлик дастурларини жорий этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.