Жаҳондаги ривожланган давлатлар тарихига назар ташлайдиган бўлсак, уларда жамият ҳаётини ўзгартиришга қаратилган ислоҳотлар аввало таълим тизимидан, боғча, мактаб, тарбия масаласидан бошланганига гувоҳ бўламиз. Мана шу муассасаларда олиб борилаётган таълим сифати миллат тараққиётини белгилайди.
Биз бугун Янги Ўзбекистонни қуришда XX аср — Миллий уйғониш даври маърифатпарварлари йўлидан боришимиз, улар илгари сурган ғояларга таянишимиз лозим. Жадид маърифатпарвари ўз даврида “ислоҳи макотиб, ислоҳи мадорис, ислоҳи идораи руҳония, ислоҳи ахлоқ, ислоҳи ҳукумат зарурияти ақл, нақл, шаръ ва замон муқтазоси” эканини чуқур англаб бутун ҳаракатларини шунга йўналтирганлар. Хусусан, Абдулла Авлоний мактаб ва мадраса, усули таълим ва тадрис ислоҳига катта куч сарфлаб “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир” деган қарашда собит бўлганлар.
Жадидлар саъй-ҳаракати билан ғафлат уйқусидаги Туркистон узра замонавий илм-фан, таълим, маданият эпкинлари эса бошлаган. Тан олиш керакки, жадид маърифатпарварлари кичик бир муддатда улкан ишларни амалга оширган. Буни биргина Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон, Абдурауф Фитрат Мунаввар қори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний ҳаёти мисолида кўриш мумкин. XX аср бошида уларнинг саъй-ҳаракати билан очилган мактаблар, яратилган дарслик, хрестоматия, адабиётлар, нашр этилган газета ва журналлар, саҳналаштирилган драмалар — барчаси замирида бир мақсад ётарди: Туркистон халқини уйғотиш, ахлоқ касалликларига чора топиш, илм-маърифат зиёси билан онгу шуурни нурлантириш.
Чунки жаҳонни лол этган Шарқ тафаккури бу даврда мудраган, анъаналар моҳияти унутилиб миллат шаклий ҳодисалар, маҳдудлик гирдобига тобора ботиб бораётган эди. Яна бир тарафдан ўзгача дунёқараш эътиқод ва иймонга зид одатлар секин кириб келаётган эди. Жадидлар Ватан ва миллат олдидаги бурчни ўз ҳаётидан ҳам устун қўйишди. Улар миллат эртаси учун ўлимга-да тик боқишди.
Бугун янги аср биздан шу каби фидойиликни талаб этмоқда. Негаки, жадидлар давридаги турғунлик бугун ҳам бошқа шаклда яшамоқда. Ҳозир кўп фарзандларимиз олтин даврини смартфон, компьютердаги турли кўнгилочар ўйинлар, юзаки маълумотлар, олди-қочди сафсата ва ёлғон хабарларга сарф этаётганини кўриб турибмиз.
Тарих чархпалаги гўё қайта айланаётгандек. XX аср бошларида миллат фидойилари фикрини банд этган масала яна олдимизда кўндаланг турибди. Бугун чуқур илм олишнинг имкони кенг, “бир эмас тўрт тил” билиш мумкин бўлган даврда аксар ёшларимизнинг дунёқараши ҳаминқадар экани, уларнинг ашёнинг фақат юзасини кўрадиган, шундан қониқиб орзу-умидларини ҳам моддий қиймат билан ўлчаши юракка хавотир солмоқда.
Бу ҳол таълимнинг барча босқичларида ислоҳ ўрнатиш зарурияти мавжудлигини кўрсатади. Шу боис ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўли эканини алоҳида таъкидлаб ўтди. Биз Юртбошимизнинг “Қадимий ва бой тарихимизни, айниқса, ғоят оғир шароитда илм-маърифат, инсон эркинлиги, халқ озодлиги, Ватанга, миллий қадриятларга меҳр ва садоқат ғояларини дадил кўтариб чиққан жадид боболаримиз фаолиятини янада чуқур ўрганиш” ва уларнинг “Нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда” деган фикрларини ҳаётий дастур ўлароқ қўллаш ҳақидаги даъватига тўла риоя этсак, ишонамизки, катта ютуқларга эришамиз. Акс ҳолда техникага мақсадсиз қарамлиги тобора ошиб, онгу шуур ила унга боғланиб қолаётган фарзандларимиз тақдирига жадидлар каби куйинмасак, фарзандларимизни —келажагимизни бой берамиз.
Шу маънода маърифатпарвар жадидлар ҳақида олиб борилган тадқиқотларни ўрганиш, жадидларнинг ўз асарларини ўқитишни тизимли йўлга қўйиш керак. Ҳар қандай саёзлик, қоғозбозликка йўл қўймай, ҳақиқатда ўқиб-ўрганиш ва жамиятга татбиқ этиш учун жадидлар фаолиятига доир ўрта ва олий таълимда махсус фан киритилиши, жадидлар ғоясидан озиқланиб янги қарашларни ҳаётга татбиқ этувчи ёниқ қалбли ёшлардан иборат тўгараклар ташкил этиш мақсадга мувофиқдир.
Мактабни ўзгартирмасдан туриб, одамни, жамиятни ўзгартириб бўлмайди. Таълим ва тарбиянинг пойдевори — мактаб. Уни ҳақиқий зиё масканига айлапнтирадиган эса, алббатта ўқитувчилар. Сўнгги йилларда янги давр педагогларини тарбиялаш, педагогика фанини ривожлантириш, инновацион таълим технологияларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилиб, соҳа кишилари ҳар томонлама эъзозланмоқда.
Умид шуки, миллат маънавияти, тараққиёти учун умрини тиккан, эзгулик, маърифат йўлида жонини қурбон этган ватанпарварларимизнинг маслаги, жидду жаҳди глобал шароитда ўз мақсади, интилишларини аниқ белгилай олмаётган бугунги ёшларимиз қалбида акс-садо берсин!
Халқимизда “Зеҳн қўйсанг билимга, илм томар дилингга” деган мақол бор. Келажак авлоднинг қалби илм нури билан тўлиши учун амалга оширилаётган хайрли ишлар, албатта, келажакда ўз мевасини беради.
Насиба БОЗОРОВА,
филология фанлари номзоди,
ТДЮУ Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси доценти