Илк шеърим чиққанда, узоқ-яқиндаги тенгдошларимдан кўплаб хат олганим, айримлари билан ҳанузгача қўнғироқлашиб туришим ҳам рост гап. Ўша кезлари оиламизга иккита “Ғунча”, учта “Гулхан” ва битта болалар газетаси келарди. Устозларимиз бот-бот матбуотда эълон қилинган мақола ва хикоялардан сўраб қолишарди. Оқибатда тилимиз бурролашиб, хотирамиз мустаҳкамланиб борарди.

Мени ўйлантиргани – бугун фарзандларимиз олтин даврини смартфон, компьютердаги турли кўнгилочар ўйинлар, юзаки маълумотлар, олди-қочди сафсата ва ёлғон хабарларга сарф этаяпти. Болалар журналлари, газета, китоблар кириб борадиган хонадонлар сони аввалгидек эмас. Янги аср биздан ўзгача фидойиликни, мутолаа учун жон куйдиришни талаб қилмоқда. Гўёки XX аср бошларида миллат фидойилари — жадид боболаримиз фикрини банд этган масала бугун бизнинг ҳам олдимизда кўндаланг тургандек.

Уч йил давомида мактабда маънавиятчи бўлиб ишладим. Қайсар, ўзибилармон, телефон ўйинларига шўнғиган болаларни кўриб, рости дилим оғриди. Бугун ота-оналар мутолаа учун маблағни қизғонадиган бўлиб қолган. Уяли алоқа, ундаги интернет ўйинлари учун ҳақ тўлаш оддий ҳолга айланди. Аммо ҳар мактабга битта (ҳар синфга битта қаёқда!) газета-журналга обуна бўлинг, деб эшик тақиллатиб келганларни кўриб, рости уялдим. Болаликда обуна бўлган журналларимизнинг янги сони келадиган кунга интиқ бўлиб йўл қараганимиз ёдимга тушди. Бугуннинг аксарият боласида мана шундай ҳаяжон, ширин ташвиш йўқлигини ўйлаб юрагим ачишди.

Кичкинагина Сингапур давлатининг юксалиб, дунёларга чиқишида билимдон болалари роль ўйнаган экан. Чет ўлкаларнинг вақтли матбуоти билан ҳам таниш экан улар. “Тонг юлдузи” газета саҳифаларини бир варақлаб кўринг. “Инглиз тилини ўрганамиз” рукни остида мунтазам дарс сабоқлари бор. Қолаверса, равон ўқиш, мустақил фикр қилиш учун иншолар танлови уюштирилади.

Сал кам бир асрлик нашрлар қанча бўлажак олиму оқилларни тарбиялаган! Миллионлаб нусхада чоп этилган болалар нашрлари космонавт бўламан, альпинист бўламан, деган болалар орзусига қанот бўлганди.

Юқорида жадидлар даврини бежиз ёдга олмадим. XX аср бошларида миллат фидойиларининг саъй-ҳаракати билан ғафлат уйқусидаги Туркистон узра замонавий илм-фан, таълим, маданият эпкинлари эса бошлаган. Тан олиш керакки, жадид маърифатпарварлари кичик бир муддатда улкан ишларни амалга оширган.  

Буни биргина Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Абдурауф Фитрат, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний ҳаёти мисолида кўриш мумкин. XX аср бошида уларнинг саъй-ҳаракати билан очилган мактаблар, яратилган дарслик, хрестоматия, адабиётлар, нашр этилган газета ва журналлар, саҳналаштирилган драмалар — барчаси замирида бир мақсад ётарди: Туркистон халқини уйғотиш, ахлоқ касалликларига чора топиш, илм-маърифат зиёси билан онгу шуурни нурлантириш. Биз ҳам мутолаани кучайтириш орқали бугунги кун болаларининг гаджетларга бўлган эътиборини китобга қарата оламиз.

Бугун миллий уйғониш даври маърифатпарварлари йўлидан боришимиз, улар илгари сурган ғояларга таянишимиз лозим. Жадид маърифатпарвари ўз даврида “ислоҳи макотиб, ислоҳи мадорис, ислоҳи идораи руҳония, ислоҳи ахлоқ, ислоҳи ҳукумат зарурияти ақл, нақл, шаръ ва замон муқтазоси” эканини чуқур англаб бутун ҳаракатларини шунга йўналтирган. Хусусан, Абдулла Авлоний мактаб ва мадраса, усули таълим ва тадрис ислоҳига катта куч сарфлаб “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир” деган қарашда собит бўлган.

Халқимизда “Зеҳн қўйсанг билимга, илм томар дилингга” деган мақол бор. Келажак авлоднинг қалби илм нури билан тўлиши учун амалга оширилган ишлар, албатта, келажакда ўз мевасини беради. Болалар нашрлари ҳар бир хонадонга кириб борса, келажак авлоднинг телефон, компьютер қарамига айланиб бораётгани ҳақидаги хадиклар камаяр, қўрқув ўрнини ишонч ҳисси эгаллар эди. Улар “online дўсти” билан эмас, китоб, газета, журналлар билан диллашадиган бўларди. Қувонарлиси, яна нашрларга ўқувчилар томонидан хатлар кела бошлайди. Болалар ёзишмаларига суянган газета ва журналлар эса жонланади. Китобхонликка йўл очилади. Тезроқ болаларимизга ўз газета ва журналларини берайлик. Бу эзгу мақсадга қунт ва изчиллик билан ёндашиб эриша оламиз.    

Умида АБДУАЗИМОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими,

“Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси