Маълумки, Қатарда ўтган футбол бўйича жаҳон чемпионатига қадар мундиалдан сўнг  Франция миллий жамоасини Зинедин Зидан бошқаради  деган гаплар бор эди. Аммо Зиданнинг Франция футбол федерацияси раҳбарияти билан муносабатидаги салбий ҳолат ва миллий жамоанинг ЖЧда муваффақиятли иштироки туфайли бу иш  амалга ошмади. Дидье Дешам камида Евро-2024 якунига қадар бош мураббий сифатида қолди.

The Athletic нашрининг хабарига қараганда, энди Зидан фақат уч клуб – “Реал”, “Ювентус” ва “Марсель”дан тушадиган таклифларни кўриб чиқиши мумкин. У учинчи марта Мадридга қайтишга қарши эмас.

Шунингдек, у “Марсель” да ҳам иш бошлашга тайёр, фақат бунинг учун клуб ПСЖ билан жиддий рақобатга киришадиган имкониятга эга бўлиши ва совринлар учун курашиши лозим.

Зидан аввалроқ  ПСЖ таклифини рад этганди. “Сабаби футболчи ўзи туғилиб, ўсган шаҳар жамоаси ва болалигидаги севимли клуби “Марсель”ни ёқтиради ва ҳурмат қилади”, – дейилади The Athletic хабариди.

Зидан 2021 йилда “Реал”ни тарк этгандан буён ишсиз юрибди.