Самарқандда Жаҳон саммитининг иккинчи куни: қандай масалалар кўрилади?
“Болалар фаровонлигига инвестициялар: келажак авлодлар учун барқарор ва адолатли тараққиёт йўлида” халқаро саммити ҳамда Болалар онкологияси ва гематологияси бўйича II халқаро конгресс доирасида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Бош директори Ўзбекистон Биринчи хоними Зироат Мирзиёевага онкологик касалликларга чалинган болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини ривожлантиришдаги етакчилиги ва ҳар бир боланинг соғлом ҳаёт кечириш ҳуқуқини глобал миқёсда илгари сургани учун нуфузли халқаро мукофотни топширди.
“Муҳтарам Биринчи хоним! Сиз бутун дунёда болалар, айниқса, онкологик касалликлар билан курашаётган болалар манфаатлари йўлида чинакам курашчи, ҳар бир боланинг таълим олиш ва соғлом ҳаёт кечириш ҳуқуқининг ҳимоячисисиз”, — деди ЖССТ Бош директори Тедрос Адҳаном Гебреесус.
Мукофот 2019 йилда таъсис этилган. У аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасида аниқ натижалар берган алоҳида етакчилик ва юксак ютуқлар учун берилади.
Аввалги йилларда ушбу мукофотга давлатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари, Нобель мукофоти совриндорлари, таниқли олимлар ва жамоат арбоблари сазовор бўлган. Улар глобал эмлашни ривожлантириш, юқумли касалликларга қарши курашиш, тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва соғлиқни сақлаш соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун тақдирланган.
Шунингдек, халқаро конгрессда оғир касалликларга чалинган болаларни қўллаб-қувватловчи Глобал тармоқ тузилди. Тармоқ биринчи хонимлар ва давлат раҳбарларининг турмуш ўртоқларини бирлаштиради. Зироат Мирзиёева икки йил муддатга тармоқ раиси этиб сайланди.
Маълумот учун, Самарқандда “Болалар фаровонлигига инвестиция: келажак авлодлар учун барқарор ва адолатли тараққиёт сари йўл” мавзусидаги Жаҳон саммити ўз ишини давом эттирмоқда.
Саммитнинг иккинчи кунида халқаро ташкилотлар раҳбарлари, вазирлар ва экспертлар иштирокида юқори даражадаги пленар сессиялар, икки томонлама мулоқотлар ва мавзули муҳокамалар ўтказилмоқда.
Кун тартибидан қуйидаги муҳим йўналишлар ўрин олган:
- Болалар саломатлиги;
- Эрта ривожланиш ва инклюзив таълим;
- Ижтимоий ҳимоя;
- Келажак технологиялари;
- Болаларнинг тўғри овқатланиши.
Шунингдек, саммит доирасида болалар фаровонлигига инвестициялар бўйича Самарқанд декларациясини қабул қилиш режалаштирилган.