Ўрмончилар, экологлар ва соҳа мутахассислари билан иссиқ кунларда тоғли ҳудудда ёнғин келиб чиқиш хавфини камайтириш чора-тадбирлари, юзага келган ёнғин ва унинг оқибатида табиатга етказилган зарарлар кўлами кўздан кечирилди, ёнғин оқибатларини бартараф этиш, экотизимни ва яшил ҳудудларни қайта тиклаш бўйича фикр алмашилди.

Ўзбекистон Республикасининг «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги қонунининг 25-моддасига мувофиқ табиат боғларининг хўжалик мақсадида ва бошқа тарзда фойдаланиш зоналарида аҳолининг истиқомат қилишига, юридик ва жисмоний шахсларнинг табиий объектлар ва мажмуаларга зарар етказмайдиган фаолиятига йўл қўйилади. Шу билан бирга, мазкур ҳужжат билан табиат боғларида табиий объектлар ва мажмуаларга зарар етказиши мумкин бўлган фаолият турлари чекланиши ёки тақиқланиши белгиланган.

Ўрганиш давомида Зомин туманининг тоғли ҳудудларида ёнғинлар олдини олиш ва табиатни асраш, хусусан, ёнғинни олдини олиш билан боғлиқ огоҳлантирувчи белгиларни кўпайтириш, ёнғинга қарши техник ҳимоя воситалари, жиҳозлар ва анжомлари билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, Зомин миллий табиат боғи ҳудудига келувчи дам олувчилар томонидан маиший чиқиндиларни ташлаш учун инфратузилма яратиш, ўсимлик дунёсининг Қизил китобга киритилган турларини пайҳон қилмаслик ва юқори тоғ зоналарида табиий бойликларни асраб-авайлаш масалалари муҳокама қилинди, деб хабар беради Ўзбекистон Экологик партияси матбуот хизмати.