Айтиш керакки, шу кунларда юртимизда “Зўравонликларга қарши биргаликда курашамиз!” мавзусида акция ўтказилмоқда. Аёлларга нисбатан зўравонлик – бу "жинс белгисига асосланган жисмоний, жинсий ёки психологик зарарга олиб келадиган ёки аёлларга азият етказадиган, шунингдек, бундай ҳаракатларнинг таҳдидлари, жамият ёки шахсий ҳаётда бўлсин, мажбурлаш ёки аёлларга нисбатан зўравонлик – инсон ҳуқуқларининг энг кенг тарқалган бузилишларидан биридир. У хотин-қизларни тенглик, хавфсиз ҳаётдан маҳрум қилади, инсон қадр-қимматини ерга уради ва асосий эркинликларни амалга ошириш имкониятларини чеклайди. Шу боис, бутун дунёда бу муаммога қарши кураш олиб борилади.

Ўзбекистонда ҳам кейинги вақтларда хотин-қизларнинг ҳуқуқ-манфаатларини, гендер тенгликни таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, уларга янги иш ўринларини яратиш, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозирда ушбу масала давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Шу муносабат билан оғир ижтимоий аҳволда қолган, шу жумладан оилавий муаммолар ва турмушида турли ҳил зўравонликка дуч келган хотин-қизларни руҳий қўллаб-қувватлаш ва уларга мотивация бериш, зўравонликка қарши тарғибот ишларини кучайтириш мақсадида жамоатчилик эътиборини ушбу масалага жалб этишга қаратилган тадбирлар ташкил этилмоқда.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрганлар билан ишларни такомиллаштириш мақсадида Президентимизнинг 2021 йил 19 майдаги қарорига асосан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида 29 та Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш бўйича республика маркази, шу жумладан, 1 та Республика маркази, 14 та ҳудудий марказлар ва 14 та намунали туманлараро марказлар ташкил этилди. Марказларнинг асосий вазифаларидан бири тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган, ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизларга аноним тарзда шошилинч тиббий, психологик, ижтимоий, педагогик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатишдан иборат.

2021 йилнинг 10 ойида Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларига 7226 нафар фуқаролар мурожаат қилган, улардан 4518 та ҳолатда турли зўравонлик содир этилган. Тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрганлар билан ўзаро алоқани амалга ошириш ва шошилинч руҳий, психотерапевтик, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, маслаҳат бериш ва ахборот тақдим этиш учун мўлжалланган 24 соат узлуксиз ишлайдиган “ишонч телефони” ишламоқда.