Бугун пойтахтимиздаги “Hilton” меҳмонхонасида Зойир Мирзаев Рустам Минниханов билан учрашди.

Таъкидлаш жоизки, Тошкент вилояти ва Татаристон яқин ҳамкор ҳудудлар саналади. Томонлар ўртасида 2019 йили расман йўлга қўйилган ҳамкорлик натижасида бугун ҳудудда 10 дан ортиқ қўшма корхоналар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари фаолият олиб бормоқда.

Рустам Минниханов бошчилигидаги делегация шу вақт оралиғида 3 марта вилоятимизда бўлди, қатор янги лойиҳаларга старт берилди.

Татаристон делегацияси билан учрашган Зойир Мирзаев меҳмонларга Тошкент вилоятида бугун амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, янгиланишлар, режалар хусусида сўзлаб берди. Шунингдек, ўзаро алоқаларни янги босқичга кўтаришга қаратилган бир қатор икки томонлама манфаатли таклифлар муҳокама қилинди.

Мулоқотда савдо-иқтисодий, ижтимоий-маданий, қурилиш ва архитектура соҳасидаги ҳамкорлик имконияти ва истиқболи юқори баҳоланди.

Самимий, дўстона руҳда ўтган мулоқотда томонлар эсдалик совғалари алмашишди. Рустам Минниханов Тошкент вилояти ҳокимини Татаристонга меҳмонга таклиф этди.

Томонлар тез орада бизнес доиралар вакиллари учун махсус мулоқот ташкил этишга келишишди, деб хабар беради Тошкент вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.