Маълумки, Президентимиз ташаббуси асосида ёш авлод билан манзилли ишлаш учун ҳар бир маҳаллада вилоят ҳокимининг ёрдамчиси — ёшлар етакчиси лавозими жорий этилди. Уларнинг асосий вазифалари йигит-қизлар муаммоларини ҳал этиш, касб ўрганиши ва бандлигига кўмаклашиш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш билан шуғулланишдан иборатлиги белгиланди. Шундан келиб чиқиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, фаолиятини ривожлантириш борасида саъй-ҳаракатлар Тошкент вилоятида ҳам бошланди.

Очиқ мулоқот шаклида ўтган тадбирда вилоят сектор раҳбарлари ва тегишли мутасадди идоралар вакиллари ҳам қатнашди.

Қайд этилганидек, маҳаллаларда иш бошлаган ёшлар етакчилари юқоридан топшириқ кутмасдан, ўзлари турли йўналишларда ташаббуслар қилиши, тенгдошлари ёнида туриб, ҳар жабҳада йигит-қизлар муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашиши лозим.

— Мактабни битириб, бир касбни ўрганиб, жамиятга фойда келтира бошлаган ўғил-қизларга кўмаклашган ёшлар етакчилари вилоят ҳокими мукофоти билан тақдирланади, — деди вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев. — Агар ёш тадбиркорлар ўз хонадонидан кутубхона ташкил этмоқчи бўлса 10 миллион сўм бошланғич сармоя берилади. Мактабларда кутубхона, қироатхоналарни тизимли ишлатиш бўйича ёшлар етакчилари таклифларини қўллаб-қувватлаш учун 20-25 миллион сўмгача китоб олиш учун пул берилади. Жойлардаги спорт залларидан фойдаланиш аҳволи қониқарсиз. Спорт мажмуа ва заллари суткада 16 соат ишлаши керак.

Вилоят ҳокими ёшлар билан мулоқотда маҳаллаларда замонавий АКТ тизимларини ривожлантириш, бу соҳага қизиқувчилар билимини ривожлантириш масалаларига эътибор қаратди. Бунинг учун биринчи навбатда мактабларни илғор компьютерлар, интернет тармоғи билан таъминлаш керак. Ёшлар улардан эмин-эркин фойдаланиши лозим. Масъул ташкилотлар барча имкониятларни қилиб бериши зарурлиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, Тошкент вилоятида яшаб ўтган жадидлар ҳаёти ва ижоди, ҳудуднинг топонимик номларини ўрганиш, маданий мерос объектлари ҳақида махсус сайтлар яратиш, шу иш билан шуғулланадиган ташаббускорларни молиявий томондан қўллаб-қувватлаш борасида таклифлар билдирилди. Хусусан, бу борада энг фаол, креатив ташаббускор ёшларга зарур имкониятлар яратилади. Айниқса, “Бир миллион дастурчи” лойиҳасини маҳаллаларда жадал тарғиб этиш, ёшларни шунга жалб этишга эътибор қаратилади.

— Фаолиятимизни самарали ташкил қилиш борасидаги билдирилган кўплаб таклифларни ўзимга белгилаб олдим, — дейди Янгийўл шаҳар “Фаровон” МФЙнинг ёшлар етакчиси Малика Назарова. — Ҳозир ҳудудимизда 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган 516 ёшлар бор бўлиб, уларнинг 413 нафари иш билан таъминланган. Бизнинг асосий вазифаларимиздан бири эса ҳудуддаги банд бўлмаган ёшларни атрофимизга қамраб олиш, уларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва бўш вақтини самарали ташкил қилишдир. Бунинг учун маҳалладаги мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланишимиз зарур.

Учрашувда ёшлар етакчилари жойларда ёшлар гузарлари фаолиятини йўлга қўйиш, спорт тўгараклари очиш, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, ишсиз ёшларни корхоналарга таклиф қилган ҳолда меҳнат шартномалари тузишга кўмаклашиш каби кўплаб таклифларини билдирди.

Тадбирда ҳафтанинг бир куни ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш куни, деб белгиланди. Бунда ёшлар томонидан билдирилган ҳар бир таклифни назоратга олиш, улар билан яқиндан ишлаш борасида масъулларга топшириқлар берилди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги

Ахборот хизмати