Тошкент шаҳри Миробод туманидаги 482-сонли мактабгача таълим ташкилотида ўтказилаётган “Зукко Болажон!” фотоальбоми тақдимотига отланганида, “боғчалардаги анъанавий тадбирлардан бири-да,” деган ўй кўпчиликнинг хаёлидан ўтган бўлса керак.
Аммо МТТга кириб боришданоқ, тадбирга ўзгача тайёргарлик кўрилгани, бунга Республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти, Мактабгача таълим вазирлигининг яхшигина меҳнатлари сингганини англадик. Шу ҳолида боғча миллийлигимизни тараннум этадиган, чинакам бир болажон ўзбекнинг ҳовлисини ҳам эслатиб юборди. Негаки, боғчада миллий тандиримиздан иссиқ нонлар едик, десак ишонасизми? Бунга ўзимиз ҳам ишонгимиз келмай, тандир томон бордик. Ўзбекона седанаю, чеккич, пахтадек оқ ва момиқ хамир боғча опалар қўлида бўрсилдоқ нонга айланаётганди.
Миллий бурчаклардаги миллий қўғирчоқларни суратга олмаган меҳмоннинг ўзи бўлмади-ёв. Чунки миллийлик қалбга яқин, қонимиздаги азалий туйғуларни қўзғатиб юборадиган куч.
Хуллас, “Зукко Болажон!” фотоалбомини тақдим қилиш учун бежизга мазкур МТТ танланмаган экан. Тадбирда сўзга чиққан Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти вакиллари, Мактабгача таълим вазирининг маслаҳатчиси ҳам бунга алоҳида тўхталиб ўтишди.
— Насиб қилса, фотоальбомдан жой олган суратларни республикамизнинг барча ҳудудларида белгиланган МТТлар деворларига жойлаб, эртамиз эгаларининг миллийлик руҳида тарбияланишига ҳисса қўшамиз, — деди “Маърифат” тарғиботчилар жамияти раиси Баҳтиёр Хусанов. — Суратлар ғоят самимий ишланган, улар нафақат болалар, балки ота-оналарнинг ҳам эътиборини тортишига ишончимиз комил. Чунки бу ерга болалар билан биргаликда уларнинг ота-оналари ҳам келади. Шу маънода альбомга оилавий қадриятларни, айниқса, фарзанд тарбияси билан боғлиқ жиҳатларни кўпроқ сингдирдик.
Таъкидлаш жоизки, Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти томонидан ўсиб келаётган ёш авлодни маънан баркамол, зукко, соғлом этиб тарбиялаш ҳамда маънавий оламини янада бойитишга қаратилган қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этиб келинмоқда. Хусусан, ногиронлиги бўлган болалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари учун ҳам “Болаларга маърифат улашиб”, “Бахтли болалик” лойиҳалари доирасида китоб кўргазмалари, турли кўнгилочар томошалар, концерт дастурлари ҳам ўтказилган бўлиб, мазкур тадбирлар давомида 5 минг нафардан ортиқ бола қамраб олинган. “Маърифат тур” лойиҳаси давомида эса ўғил-қизларнинг юртимиздаги қадимий обидалар, қадамжолар ва диққатга сазовор жойларга ташрифлари амалга оширилди.
Фарзандларимизнинг маънавий дунёсини бойитиш мақсадида тайёрланган “Зукко Болажон!” фотоалбоми болаларда ижтимоий мотивларни уйғотиш, бадиий-эстетик дидни шакллантириш, интеллектни ривожлантириш, кундалик турмушдаги қоидаларини ўргатиш, яқинларга ғамхўрлик қилиш, ўз туйғуларини бошқариш каби фазилатларни ўргатишга хизмат қилади. Юртимиздаги таниқли олимлар, педагог-психологлар, экспертлар ва соҳа мутахассисларини жалб этган ҳолда миллий анъаналаримизга хос таълим-тарбия, йўқолиб бораётган одоб-ахлоқ меъёрларини ёдга соладиган 50 дан ортиқ ҳолатни ўзида акс эттирган сценарий лойиҳалари ишлаб чиқилгани ва шу сценарий асосида суратга олиш ишлари ташкил этилгани унинг аҳамиятини янада оширади. Ушбу албом мамлакатимиздаги 17 нафар фан арбоблари, адабиёт, санъат, маданият намояндалари, олимлар, шоир-ёзувчилар ва спортчилар томонидан маънавий-ахлоқий тарбияни ривожлантиришга ҳисса қўшадиган хулосалар асосида тўлдирилиб, 100 дан ортиқ лавҳалар билан бойитилди.
Тақдимот давомида “Марварид” болалар мусиқий гуруҳи иштирок этиб, улар ижросидаги куй-қўшиқлар тадбир қатнашчилари ҳамда болажонларга хуш кайфият бахш этди.
Муножат Мўминова,
“Янги Ўзбекистон” мухбири