Пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги 238-умумтаълим мактабида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган умумтаълим мактабларида ўзбек тили ўқитиш методикасини такомиллаштириш ва оммалаштиришга қаратилган «Ўзбек тили бўйича энг яхши видеодарс» услубий-ижодий ишлар танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Танловга умумтаълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган она тили ва ўзбек тили фанлари ўқитувчилари амалдаги ўқув дастурлари асосида икки йўналишда: ўзбек тили ҳамда она тили фанлари бўйича ижодий ишларини тақдим этишди. Жорий йилнинг 20 августидан 20 сентябрига қадар давом этган танлов учун тайёрланган видеодарс ва унинг тақдимоти электрон шаклда телеграм боти орқали қабул қилинди. Она тили ўқитувчиларидан қабул қилинган 4 мингдан ортиқ видеодарслар 2020 йилнинг 20 сентябридан 10 октябрига қадар ҳакамлар ҳайъати томонидан сараланди ҳамда 15 октябрга қадар бўлган муддатда ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўртасида онлайн овоз бериш учун ҳавола этилди.
Танлов хулосасига кўра она тили фани бўйича Наманган вилояти Косонсой туманидаги 27-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Барно Тошпўлатова 1-ўрин, Тошкент шаҳар аниқ фанларга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ўқитувчиси Доно Саидаҳмедова 2-ўрин, Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги 150-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Музаффар Ҳабибуллаев 3-ўринни қўлга киритди. Ўзбек тили фани йўналишида эса Андижон вилояти Асака туманидаги 57-мактаб ўқитувчиси Замира Назарова 1-ўрин, Фарғона шаҳридаги 4-мактаб ўқитувчиси Шаҳноза Маҳмудова 2-ўрин, Тошкент вилояти Ангрен шаҳридаги 21-мактаб ўқитувчиси Фотима Абдуллаева 3-ўринга муносиб кўрилди. Шунингдек, номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.
Ғолиблар 1-ўринга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробари, 2-ўринга 35 баробари, 3-ўринга 25 баробарида пул мукофоти билан тақдирланди.