Давлатимиз раҳбари йиғилганларни Соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари куни билан самимий табриклади, эл-юртимиз саломатлиги посбонлари бўлган барча шифокор ва ҳамширалар, соҳа мутахассисларига ўзининг чуқур ҳурмати ва эзгу тилакларини билдирди.
«Бугун соҳа тараққиётига хизмат қиладиган кўплаб янги ташаббусларни сизлар билан муҳокама қилиб оламиз.
Замонавий тиббиётни фармацевтикасиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бундан буён ушбу байрамни «Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари куни» деб нишонласак, ўйлайманки, сизлар буни қўллаб-қувватлайсизлар!
Буларнинг барчаси тиббиёт ва фармацевтика ходимларига кўпроқ изланиш, илғор даволаш ва профилактика усулларини эгаллашда катта рағбат, куч-ғайрат беради деб ишонаман!», – деди Президентимиз.
Иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш, одамларни ишли ва даромадли қилиш, ёшларга замонавий билим ва тарбия бериш, халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича ислоҳотлар жадал олиб борилаётгани таъкидланди.
Сўнгги йилларда тиббиёт соҳасининг ўзига 230 триллион сўм (20 миллиард доллар) йўналтирилди. Бу йилда 45 триллион сўм, 2016 йилгидан эса 6 карра кўпдир.
Натижада жойларда 187 та янги поликлиника ва шифохона ишга тушди, 1 минг 244 таси реконструкция қилиниб, жиҳозланди.
Бирламчи тиббиёт муассасалари қуввати 60 фоизга ошиб, тиббий хизмат аҳолига анча яқинлашди. Илгари асосан пойтахтда бажарилган юқори технологик ва диагностика-даволаш усулларининг 400 дан ортиғи ҳудудларда амалга оширилмоқда. Юзлаб мураккаб амалиётлар вилоят марказларига, кам инвазив операциялар туман даражасига туширилди.
«Биринчи марта 45 та туманда буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти йўлга қўйилгани инсон саломатлиги борасидаги ишларимизнинг яққол амалий тасдиғидир», – деди Президентимиз.
«Тиббиётдаги ўзгаришларни қишлоқ ва олис ҳудудларда яшаётган миллионлаб одамларимиз ҳам ҳис қиляпти, халқаро ташкилотлар, таҳлил ва рейтинг марказлари эътироф этмоқда.
Юртимизда ўртача умр давомийлиги эркаклар ўртасида 71 дан 73 ёшга, хотин-қизларнинг орасида эса 76 дан 77,5 ёшга узайгани сизлар билан эришган катта ютуғимиз, десам тўғри бўлади.
Албатта, машаққатли меҳнат маҳсули бўлган бундай эзгу ишларда 600 мингдан зиёд жонкуяр тиббиёт ходимларининг муносиб ҳиссасини эътироф этиб, ҳар қанча раҳмат айтсак, арзийди», – деди давлатимиз раҳбари.
Шундан сўнг Президентимиз давлатимизнинг юксак унвон, орден ва медалларига сазовор бўлган инсонларга ана шу мукофотларни топширди.
Уларнинг орасида дунёнинг нуфузли олийгоҳларида таълим ва тажриба олиб, юртимизга қайтиб келиб ишлаётган, юқори технологик муолажаларни амалга ошираётган ёш шифокорлар ҳам бор.
Давлатимиз раҳбари аҳоли саломатлигини сақлашда яқиндан кўмак бераётган хорижий ҳамкорларга алоҳида ҳурмат ва эҳтиромини изҳор этди.









