Turkiyada yashirinib yurganlarni ushlash amaliyoti kuchaytiriladi

    2024-yilning 10 oyida “javobgarlikdan qutulish maqsadida yillar davomida Turkiyada yashirinib yurgan” 37 nafar ayblanuvchilar qoʻlga olinib, sudga topshirilgan.

    Сўнгги йиллар давомида Ўзбекистонда тергов ва суддан яширинган айрим шахсларнинг Туркия ҳудудида яширинишга уриниш билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар кузатилмоқда.

    Шу билан бирга, Туркия ва Ўзбекистон Ички ишлар вазирликлари ўртасидаги ўзаро ҳуқуқий ёрдам тадбирлари доирасида бу каби шахсларга нисбатан жиноий таъқибни амалга ошириш янада самарали кўринишга эга бўлмоқда.

    Биргина 2024 йилнинг 10 ойида жавобгарликдан қутулиш мақсадида йиллар давомида қардош давлат ҳудудида яшириниб юрган 37 нафар айбланувчилар қўлга олиниб, одил судлов ҳукмига ҳавола этилди, деб ёзади Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси ўзининг расмий телеграм каналида.

    Қайд этилишича, бундан буён қидирувдаги шахсларни қўлга олиш тадбирлари янада кучайтирилади, жиноятчиликка қарши муросасиз кураш жадал давом эттирилади, жиноят учун жавобгарлик принципи қатъий таъминланади.

    Қидирувдаги шахслар учун ягона ва энг тўғри йўл — Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналарига ёки республика ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларига мурожаат қилиш, тергов ва суд процессида қонуний ҳимоя ҳуқуқидан фойдаланишдир.