Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, шунингдек вазмин, ўзаро фойдали ва конструктив ташқи сиёсатни амалга ошириш масалалари устувор вазифа сифатида белгиланган.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жамиятда барқарорлик, тинчлик ва тотувликни таъминлаш, фуқаролар онгида катта, кўп миллатли ягона оилага мансублик туйғусини мустаҳкамлаш, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантириш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилди.
Шунингдек, Президентимизнинг 2019 йил 15 ноябрдаги Фармони билан Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси ҳамда уни 2019-2021 йилларда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди. Ушбу Концепция ва “Йўл харитаси”нинг ижросини мувофиқлаштириш ишлари Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан амалга оширилмоқда.
Қонун лойиҳаси билан мамлакатимизда 30 июль — Халқлар дўстлиги куни сифатида нишонланиши белгиланяпти. Халқлар дўстлиги кунини байрам қилишдан асосий мақсад — инсонлар, халқлар, давлатлар – умуман олганда жамиятнинг турли қатламлари ҳамда тузилмалари ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш ва дўстлик алоқаларини янада ривожлантиришдан иборат.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.