Навоийлик Фарҳодлар достони: "Қизилқум жавоҳирлари"дан сочилган ёғдулар

    Эртагу достонларда, саргузашт фильмларда бўлгани каби биз ҳам олтин конини излаб йўлга чиқдик. Қўлимизда ҳазрат Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин”и, кўнглимизда навоийлик бугунги фарҳодларнинг янги достонини – улар забт этаётган юксак довонлар таърифини эшитиш истаги...

    Ҳа, тўғри англадингиз, биз бугун юртимизнинг энг гигант корхоналаридан бири ҳисобланган Навоий кон-металлургия комбинатининг фидойи ишчилари ва санъатга иштиёқманд йигит-қизлари ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз.

    ***

    Деди ҳар ишки қилмиш одамизод,

    Тафаккур бирла билмиш одамизод...

    Ҳозир қайси ҳудуд ёки масканга ташриф буюрманг, янги дунёқараш асосидаги рақамлаштириш жараёни ҳар бир инсон фаолиятини янги чўққилар сари руҳлантираётганига гувоҳ бўласиз. Шу боис, биз ҳам дастлаб янги инновацион технологияларнинг ишлаб чиқариш жараёнига қандай татбиқ этилаётгани билан қизиқдик.

    – Комбинатимиз йўналиши бўйича дунёдаги етакчи компаниялар сафида туради, – дейди “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ раиси, бош директори Қувондиқ Санақулов. – Соҳани ривожлантиришга қаратилган муҳим дастур ва пухта ўйланган йирик инвестицион лойиҳалар изчил татбиқ этилаётгани сабаб комбинат тараққиётнинг янги манзиллари сари юзланди. Кон-металлургия соҳасида корхона конларни ўзлаштириш, маъдан қазиб олишдан тортиб, тайёр маҳсулот етказиб беришгача бўлган яхлит бир тизим асосида фаолият юритаётган улкан кластерга айланди. Жаҳонда тенги йўқ илғор технологияларга асосланган замонавий гидрометаллургия заводлари ва кўплаб ишлаб чиқариш тармоқлари барпо этилиши, ишлаб чиқариш қувватларини ошириш лойиҳалари комбинат имкониятларини янада кенгайтириб юборди.

    Олтмиш беш йил... Мана шу даврда босиб ўтилган йўл, амалга оширилган ишлар, қўлга киритилган ютуқлар айтишга осон. Чунки бунинг замирида жуда катта меҳнат, жасорат, фидойилик ётибди. Айниқса, кейинги йиллар комбинат учун янги истиқболлар очди. Бунда давлатимиз раҳбари томонидан 2017 йилда тасдиқланган комбинатни 2026 йилгача ривожлантириш дастури муҳим аҳамиятга эга бўлди. Геологик қидирув ишларидан тортиб, тайёр маҳсулот олишгача бўлган барча жараён тўлиқ рақамлаштирилди. Бу эса корхонада маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ортишига мустаҳкам замин яратди.

    – Ўтган йиллар давомида 23 та йирик инвестиция лойиҳаси ишга туширилиб, 15 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган саноат ходими Йўлдош Ғаниев. – Натижада олтин ишлаб чиқариш 2023 йилда 2016 йилдагидан 25 фоиз, кумуш олиш 46 фоиз ошди. Бу марралар билан комбинат олтин ишлаб чиқариш бўйича дунёда еттинчи ўриндан тўртинчи ўринга чиқиб олгани кон-металлургия тарихида мисли кўрилмаган улкан натижадир.

    ***

    Хуш дурур боғу коинот гули,

    Барчадин яхшироқ ҳаёт гули.

    Ҳаёт гулига не етсин... Эрта тонгдан шошиб-пишиб ишга отлансанг, севимли жамоанг бағрида севган касб машаққатларию севинчларига шўнғиб мазза қилиб ишласанг-у, ёқимли ҳорғинлик ҳисси билан яна уйингга, оила аъзоларинг дийдорига ошиқсанг...

    Навоийлик саноатчиларнинг фидокорона меҳнати билан бепоён Қизилқум бағридан қазиб олинаётган, дунё миқёсида юксак эътироф этилаётган олтин, уран ва бошқа нодир қазилма бойликлари иқтисодиётимиз тараққиётини таъминлашда беқиёс стратегик аҳамиятга эга. Шу боис, ишчилар, хизматчилар меҳнатини рағбатлантириш, меҳнат ва дам олиш шароитларини яхшилаш масаласи ҳам доимий эътиборда. Ўтган 2023 йилда давлатимиз раҳбарининг фармонига асосан ишлаб чиқариш илғорларидан бир гуруҳи мукофотланди.

    – Мамлакатдаги энг катта заводлардан бирининг қурилиш-монтаж ишларида қатнашиб, ютуқларга эришиб келаётганимдан фахрланаман, – дейди комбинатнинг Шимолий кон бошқармаси 3-гидрометаллургия заводи катта устаси, “Дўстлик” ордени соҳибаси Гулжамила Турғунбоева. – Ўзбек, рус, қозоқ, қорақалпоқ миллатлари жамоамизда ўзаро аҳилликда меҳнат қилиб келмоқда. Кейинги йилларда заводимиз ичида янги минизаводлар қурилди. Биокиссения, фильтрлаш-қуритиш цехлари ишга тушди. Бу самарадорликни яна ошириб, давлатимиз хазинасига кўпроқ олтин етказиб беришимизга имкон туғдирмоқда.

    Улкан майдонни эгаллаган марказий Қизилқум саҳроси бағрида Менделеев даврий жадвалидаги деярли барча элементларни учратиш мумкин. Бу, ўз навбатида, табиат бизнинг заминни етарли миқдорда минерал хомашё ресурслари билан сийлаганидан дарак бериб, кончилик саноати ривожига туртки бўлди. 1967 йилнинг март ойида аср мўъжизаси, дея таърифланувчи Мурунтов олтин конида илк портлатиш ишлари амалга оширилди. Бу тарихий воқелик Қизилқум чўлида Навоий кон-металлургия комбинатидек салоҳиятли корхона фаолият бошлашига асос бўлди. Бугун юртимизнинг еттита ҳудудида корхонанинг ишлаб чиқариш бўлинмалари жойлашган. Комбинатда 46 мингдан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Шундан 13 мингга яқинини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Саноат соҳаси драйвери саналган комбинат иқтисодий барқарорликни таъминлашга улкан ҳисса қўшмоқда. Ишлаб чиқарилаётган олтин қуймалари жаҳоннинг қимматбаҳо металлар биржаларида Ўзбекистон брендига айланди.

    ***

    Гар йўқтур адаб, не суд олтун унидин,

    Элнинг адаби хушроқ эрур олтунидин.

    Ҳа, бежиз ҳазрат Навоийнинг эл адаби, маданияти, маънавияти борасидаги мисраларини ёдга олмадик. Шу кунларда пойтахтимиз ва Тошкент вилоятининг бир неча туманларида Навоий кон-металлургия комбинати маданият муассасалари жамоаларининг “Қизилқум жавоҳирлари” анъанавий концерт дастури намойиш этилмоқда. Касаба уюшмалари федерациясининг пойтахтимиздаги катта концерт залида айни дастурнинг очилиш маросими байраму шодиёнага айланиб кетди.

    – Шундай улкан ишлаб чиқариш жараёнида мазкур комбинат маданият муассасалари фаолиятига алоҳида эътибор қаратгани таҳсинга сазовор, – дейди Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев. – Кўзларида орзулари порлаб турган йигит ва қизларимизни пойтахтимиздаги катта саҳналар сари дадил чорлагани, истеъдодини рўёбга чиқариш йўлида жонбозлик кўрсатаётгани учун комбинат раҳбариятига миннатдорлик билдираман. Улар бетакрор овози, жозибали рақслари билан кўпчилик қалбида ўзбек санъати келажагига бўлган умид чироқларини ёқди.

    Дарҳақиқат, миллий ва хорижий куй, қўшиғу рақсларни маромига етказиб ижро этган иштирокчиларни томошабинлар давомли қарсаклар, “Баракалла, устозингга раҳмат!”, “Қойил, барака топ!”, “Чиндан ҳам юрагида ўти бор ёшлар эканааа!” деган эътирофлар билан олқишлади.

    – “Қизилқум жавоҳирлари”ни кўриб, бу ёшлар истеъдод борасида чиндан ҳам юртимиз жавоҳирлари, гавҳар қалбли ёшлари эканига гувоҳ бўлдим, – дейди таниқли олим, фалсафа фанлари доктори, халқаро тоифадаги спикер Жамила Шермуҳаммедова. – Президентимиз маърузаларидан бирида “Барча раҳбарлар бир нарсани билиб олсин: эртанги кунимиз эгалари бўлган ёшлар билан ишлаш – биз учун ҳаёт-мамот масаласи! Биз ёшларга бугунданоқ шароит қилиб бермасак, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича инқилобий ташаббусларни илгари сурмасак, янги Ўзбекистонни қандай барпо қиламиз?” дея таъкидлаган эди. Бугунги кунда комбинат ҳузурида фаолият юритаётган “Ширин”, “Марварид”, “Фаввора”, “Офарин”, “Садо”, “Фаввора” ансамбллари, “Ниҳол” ва “Тарона” ўзбек халқ чолғу оркестрлари, “Шок” эстрада-рақс ансамбли бетакрор намойишлари билан барчамизни ҳайратга солди. Мен бу дастурни томоша қилаётиб, навоийлик санъатсевар ёш қалблар шижоатига, истеъдодига, орзу-интилишларига ҳавас қилдим. Ана шундай катта мақсад ва дадил қадамлар билан изланаётган ёшларимиз сафи янада кенгайишини истайман.

    “Учқудуқ” маданият уйи хонандаси Бону Исҳоқова ижросидаги “Саржайлов” қозоқ халқ қўшиғи янграганида саҳнага атиргуллар ҳавода сузгани каби “Афсона” рақс ансамбли қизлари кириб келди. Уларнинг инжа қўл ҳаракатлари ва миллий либосларидаги осмон рангли жилолар томошабинларни тўлқинлантириб юборди.

    – Мен ушбу ансамблга 4 йилдан буён қатнашиб келяпман, – дейди Сабина Умматова. – Устозимиз таниқли балетмейстер Юлдуз Исматовадан рақс сирларини ўрганаётганимдан жуда хурсандман. “Илк баҳор”, “Гуллар”, “Наврўз” каби кўплаб миллий ва қардош халқлар рақсларини турли танловларда ижро этиб, фахрли ўринларни эгаллаганмиз. Рақс сеҳри билан яшаш, сени тушунадиган, англайдиган устозларинг, дўстларинг, жонажон жамоанг борлигидан фахрланиш қандай яхши! Биз ҳар гал пойтахтдаги катта саҳналарга қадам қўйганимизда жуда қаттиқ ҳаяжонга тушамиз, ғурурланамиз!

    Шу ўринда шогирдларини навбатдаги қўшиқ учун шайлаётган “Ниҳол” давлат мукофоти совриндори, “Фарҳод” маданият саройи директори ўринбосари Шерзод Давроновни ҳам суҳбатга тортдик.

    – 2001 йилда “Фарҳод” маданият саройига хонанда сифатида ишга кирган эдим, – дейди Шерзод Давронов. – Жамоадаги муҳит туфайли завқу шавқ билан ижод қила бошладим. Аввал республика, сўнгра халқаро танловларда бирин-кетин совриндор бўлиш бахти насиб этди. 2004 йилда “Ниҳол” давлат мукофоти билан тақдирландим. Ўша йилдан бошлаб вилоятларда ва Тошкентда концерт дастурларимни тақдим этиб келаман. Таниқли бастакорлар, шоирлар билан ҳамкорликда янги қўшиқлар яратдим. 2022 йилда “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони билан тақдирландим.

    Комбинат санъат иштиёқмандларининг янги дастурлари ва ижодий лойиҳаларини ҳамиша қўллаб-қувватлаб келган. Эстрада, фольклор, мақом йўналишларида “Қизилқум санъат ғунчалари”, “Қизилқум овози”, “Қизилқум оҳанглари”, “Олтин мерос” каби танловлар мунтазам ўтказилмоқда. 2013 йилдан буён “Қизилқум жавоҳирлари” концерт дастури ҳар йили республика даражасида намойиш этилиши эса анъанага айланган.

    – Мен 17 ёшимда ишни оддий чилангарликдан бошлаганман, – дейди “Дўстлик” ордени соҳиби Сержан Жанахметов. – Аввал “Учқудуқ” маданият саройидаги тўгаракларга қатнашиб, концерт дастурларида қўшиқ айта бошладим. Кейинчалик мени “Фарҳод” маданият саройига таклиф қилишди. Бу жамоада ўзим орзу қилган кўплаб қўшиқлар яратишга муваффақ бўлдим. Бугунги концертда “Айдинлар” қўшиғини ижро этдим. Шундай гўзал ва фаровон юртда туғилганимдан, ёниб-жўшиб ижод қилаётганимдан жуда бахтлиман.

    ***

    Хулоса онларида яна “Фарҳод ва Ширин”ни варақладик:

    “Кўриб Ширинни ҳайрат лол қилди,

    Таажжуб бир йўли беҳол қилди.

    Кўрунгач кўзга мундоқ чеҳри онинг,

    Ичига солди шўриш меҳри онинг.

    Мўъжизалар яратучи Фарҳодни кўрган Моҳинбону ва Ширин унинг ишига офаринлар ўқиб, бошидан жавоҳирлар сочдилар”.

    “Қизилқум жавоҳирлари” дастурини томоша қилиш жараёнида Навоий бобомизнинг рағбати ва тасаввурот кучи ила Навоий кон-металлургия комбинати иш жараёни билан яна бир бора танишдик, ёнгинамизда ўтирган навоийлик фарҳодлару ширинлар билан суҳбат қурдик.

    – Ишчи-ходимларимизнинг дам олиш вақтини мазмунли ташкил этиш ишлари тизимли йўлга қўйилган, – дейди НКМК Касаба уюшмаси кенгаши масъул ходими Малика Холмуродова. – Жумладан, 2023 йилда комбинат ишчи-ходимлари учун “Айқулаш” қорақалпоқ давлат миллий фольклор ансамбли ҳамда Тошпўлат Маткаримовнинг концерт дастури, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабаларининг “Кундузсиз кечалар”, Жиззах вилояти мусиқали драма театрининг “Нодирабегим” спектакллари намойиш этилди. Юсуфжон қизиқ Шакаржонов номидаги республика аския ва қизиқчилик санъати марказининг “Аския сайли”, Ортиқ Султоновнинг “Бир тилим ҳандалак” дастури ҳамкасбларимизда катта таассурот қолдирди. “Наврўз сумалаги” адабий кечаси Жасур Мавлонов, Баҳром Назаров, Анвар Санаев, Ҳосила Раҳимова иштирокида янада файзли бўлди.

    Ҳа, “Яхши дам — меҳнатга ҳамдам”, дея бежиз таъкидлашмаган. Комбинатнинг қайси ходими билан суҳбатлашмайлик, олтину жавоҳирларга тенг умрини эл-юрт манфаати йўлида сарф қилаётган юртдошларимизнинг заҳматли меҳнатлари шукронаси ва яратилган шароитлар эътирофидан кўнглимиз тоғдек юксалди.

    Суҳбат асносида бир ҳақиқат қалбимизга ёруғлик бағишлади: хоҳ шаҳар марказида, хоҳ саҳрода, хоҳ қишлоғу овулларда яшасин, юртдошларимизнинг барчасини бир муқаддас ришта – Ўзбекистонимиз истиқболи қайғуси, орзуси, меҳру муҳаббати бирлаштириб туради. Албатта, ана шу юксак бирлашувимиз, ҳамкорликдаги меҳнатимиз, эзгу ғояларимиз рўёби Учинчи Уйғониш пойдеворига асос бўлгусидир!

    Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА,

    "Янги Ўзбекистон" мухбири

    Мақола "Янги Ўзбекистон" газетасининг 87-сонида (2024 йил 7 май) чоп этилган.