Бош консулхонадан олинган маълумотга кўра, жорий йил 15 май куни Бош консулхонага И.М. турмуш ўртоғи Қ.М. томонидан кучли босим ва таҳқирларга учраганлиги сабабли доимий яшаш манзилига юборишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Мазкур оила 2024 йил май ойида вояга етмаган икки нафар фарзанд билан бирга Россиянинг Сургут шаҳрига келган. Мазкур оиланинг учинчи фарзанди ушбу шаҳарда туғилган.
Жабрланувчининг турмуш ўртоғи Россия ҳудудида қонуний бўлиши учун лозим бўлган ҳужжатларни расмийлаштирмаган ҳолда турли жойларда ишлаган. Оиладаги етишмовчиликлар, тайинли иш жойи ва даромаднинг йўқлиги сабабли мазкур оилада келишмовчиликлар юзага чиқади. Кунора бўлаётган жанжалдан тоқати тоқ бўлган она болаларини олиб Ўзбекистонга қайтишга қарор қилади. Бундан хабар топган ота уларнинг паспортларини олиб қўяди.
Дипломатлар мазкур оилада бўлиб Қ.М.дан турмуш ўртоғи ва фарзандларининг ҳужжатларини олиб бердилар ва уларни Екатеринбург шаҳрига олиб келдилар. Шунингдек, И.М.нинг Россияда туғилган учинчи фарзандига Ватанга қайтиш гувоҳномаси расмийлаштирилди.
И.М. ва унинг 3 нафар фарзандига 19 май кунги "Екатеринбург-Наманган" авиайўналишидаги самолётга авиачипта харид қилинди ва юртимизга кузатиб қўйилди.