Албатта, сўз айта олиш, унинг эркинлиги инсонга берилган энг улуғ неъматдир. Зотан, “сўз” сўзининг ўзи ҳам форс-тожик тилида “суз” ёндирмоқ, куйдирмоқ маъноларини англатиши бежиз эмас. Демакки, унинг моҳиятида ёндирмоқ, вужудга ҳарорат бермоқ, ёритмоқ вазифаси ётади. Сўз эркинлиги хусусида мулоҳаза юритар эканмиз, мамлакатдаги ахборот сиёсати, шаффофлик бўй чўза бошлаган даврларга нигоҳ ташлаш зарур.
Бундан 6-7 йил аввал — оммавий ахборот воситалари, миллий матбуотимиз, бир-биридан фойдали сайтлар ва ижтимоий тармоқлар гўёки қанот битгандек тезлик билан жонлана бошлади.
Аввалига халқимиз бу жараёнларга ҳадик билан қарагани рост. Лекин уларни ҳеч қайси бир куч тўхтатиб қололмаслиги, миллий тафаккур, миллий овоз етилганлигини аста-секин англаб етдилар. Йиллар ўтиб босқичма-босқич давлат ва жамият ўртасидаги “ялтироқ” парда кўтарилиб, ҳақиқат кўзи билан қарашлар даври бошланди.
Ҳаракатлар стратегияси ҳаётга татбиқ этила бошлангач, сўз эркинлиги, жамият ҳаётида журналистлар, ОАВнинг ўрни бутунлай янги даврга қадам қўйди. Халқимиз тили билан айтганда, оқни “оқ”, қорани “қора” дейдиган реалист журналистлар авлоди етишиб чиқди. Натижада давлат бошқаруви органлари ва ташкилотлар ўз фаолиятини ОАВ учун оча бошлади ва ҳисобдорлик таъминланишига мамлакатда қулай муҳит ва шароит шаклланди.
Бугунги кунда ОАВ вакиллари халққа бир ишончли кўприк сифатида ислоҳотларнинг инсонпарварлигини таъминлашга, ўзгаришлар мазмун-моҳиятини тушунтиришга, жамиятда мавжуд муаммолар ва камчиликларни ижобий ҳал этишга ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. Бу борада жамоатчилик назорати журналистларга энг асосий кўмак бўлмоқда.
Айтиш керакки, очиқлик ва ошкоралик сиёсати ҳаммага ҳам ёқавермайди. Чунки мустабид тузум даврида бу соҳага нисбатан салбий кайфият бир касаллик сингари кўпчиликка сингиб қолган. Лекин тан олиш керакки, сўз эркинлиги ва очиқлик ислоҳоти эндиликда бизни кайфиятимиз ва қарашларимиз билан ҳисоблашиб ўтирмайди. Чунки бу эркинлик қўллаб-қувватланаётган Янги Ўзбекистонда шахснинг шаъни ва қадр-қиммати тобора юқорилар экан, шаффофлик, ошкоралик одамларимизга сув ва ҳаводай зарур бўлади. Шу боис, сўз эркинлигига ривожланган мамлакатлар жамоатчилик вакиллари демократиянинг қон айланиш системаси сифатида катта баҳо берадилар.
Юртимизда айнан 27 июнь санасида матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларининг касб байрамлари нишонланиши ҳам бежиз эмас, албатта. Ушбу кун — миллий матбуотимиз таҳликали тузум зулматини ёриб чиққан ва жадид боболаримизнинг халқ маърифат йўлида қилган меҳнати кўз очган – “Тараққий” миллий газетаси нашр этилган сана тарихидир. Илму зиё йўлини ҳеч ким тўса олмагани каби, сўз эркинлигини чеклаш ҳам фойдасиз эканини уларнинг шонли тарихи мисолида гувоҳи бўлдик.
Маърифатпарвар жадид боболаримиз кутган асрий орзулар бугун миллий матбуотимизда бўй кўрсатаётгани бу — жамиятимизнинг улкан ютуғидир.
Баҳодиржон ШEРМУҲАММАДОВ,
Фарғона давлат университети ректори,
педагогика фанлари доктори, профессор









