Қарорга кўра, 2026 йил 1 августдан 2028 йил 1 январга қадар 1-иловага мувофиқ Ўзбекистонда камёб ва йўқолиб кетиш хавфи юқори бўлган ёввойи ҳайвонларни ов қилиш тақиқланади. Ушбу чеклов фермалар, питомниклар, инкубаторлар, балиқчилик питомниклари ва ҳовуз хўжаликларида сақланаётган ва (ёки) етиштирилаётган ёввойи ҳайвонларни ов қилиш, шунингдек, илмий ва тиббий мақсадларда фойдаланиш учун ов қилишга нисбатан татбиқ этилмайди.
Шунингдек, ёввойи ҳайвонларни тутишга доир квоталарни шакллантириш ва тақсимлашда ов қилиш тақиқланган камёб ва йўқолиб кетиш хавфи юқори бўлган ёввойи ҳайвонлар турларига нисбатан квота ажратилишига йўл қўйилмайди.
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида” 2025 йил 30 январдаги ПФ-16-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, ҳайвонот дунёси йўқотишларининг ўрнини қоплаш чораларини кучайтириш ҳамда экотизимлар барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.