Президентнинг 2026 йил 25 августда имзоланган «Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида»ги ПФ-169-сонли фармони асосида қатор ҳудудларда фуқароликка қабул қилинган шахсларга Ўзбекистон фуқаросининг паспорт ва ID-карталари тантанали равишда топширилмоқда.
Тошкент вилоятида 48 нафарга паспорт топширилди
Тошкент вилояти ҳокимлигида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинган 48 нафар шахсга паспортлар тантанали равишда топширилди.
Тадбирда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, вилоят Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи Абдувосит Абдураззоқов, тегишли ташкилот ва идоралар вакиллари ҳамда фуқароликка қабул қилинган шахслар иштирок этди.
Фуқароликка қабул қилинганлар орасида Тожикистонда туғилган ва 26 йилдан бери Тошкент вилоятида яшаб келаётган Хурсаной Жумабоева ҳам бор.
Унинг айтишича, 2000 йилда Ўзбекистонга кўчиб келганидан сўнг узоқ йиллар давомида Тожикистонга бора олмаган.
«Онам вафот этганида, уни сўнгги йўлга кузата олмадим», — дейди Хурсаной Жумабоева.
Яна бир фуқаро Робия Қаҳҳорова эса Ўзбекистон фуқаролигини олишни 40 йил давомида кутганини айтди.
Отабек Расулов ҳам фуқароликка эга бўлиш унга катта қувонч бағишлаганини таъкидлади.
«Фуқаролигинг бўлмаса, жуда қийин. Кечқурун ишдан қайтсам, жияним югуриб келиб: “Тоға, янгилик бор”, деди. Хурсандлигимдан бақириб юбордим», — дейди у.
Навоийда 9 йил фуқароликсиз яшаган шахс ҳам паспорт олди
Президент фармони асосида Навоий вилоятида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган икки нафар шахс Ўзбекистон Республикасининг тўлақонли фуқароларига айланди.
Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов уларга Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспортларини тантанали равишда топширди.
Фуқароликка қабул қилинганлардан бири — Валиахметов Анас Илдусович 1965 йилда Навоий вилоятида туғилган. У 2017 йилда Россия Федерациясидан Ўзбекистонга кўчиб келиб, 9 йил давомида фуқаролиги бўлмаган шахс мақомида яшаб келган.
Яна бир фуқаро — Джумаев Роман Вячеславович 1987 йилда Навоий шаҳрида туғилган бўлиб, 2018 йилда Россия Федерациясидан Ўзбекистонга кўчиб келган.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон фуқаролиги улар учун янги ҳуқуқ ва имкониятлар эшигини очиши таъкидланди.
Сурхондарёда 90 нафар шахс фуқароликка қабул қилинди
Сурхондарё вилоятида доимий истиқомат қилувчи 90 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс ҳам Президентнинг 2026 йил 25 августдаги фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди.
Вилоят ҳокимлигида ўтказилган тантанали тадбирда уларга Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификация ID-карталари вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов томонидан топширилди.
Тадбирда Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Иноқов ҳам иштирок этиб, янги фуқароларни ушбу муҳим воқеа билан табриклади.
Тадбирда фуқаролик инсоннинг давлат билан ҳуқуқий боғлиқлигинигина эмас, балки унинг Ватан билан узвий алоқаси, жамият ҳаётида муносиб ўрин эгаллаши ва мамлакат тақдири ҳамда келажагига дахлдорлигини ҳам англатиши таъкидланди.
Маълумот учун, Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин 1991–2007 йиллар оралиғида 482 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинган. 2007–2016 йиллар давомида эса фуқароликка қабул қилиш ҳолатлари қайд этилмаган.
Мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида қабул қилинган янги фармон эса яна 264 нафар инсон учун Ўзбекистон фуқароси мақомини олиш имконини яратди.