Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Президент қарори лойиҳасига кўра, мазкур ташаббус атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш, аҳоли саломатлигини асраш ҳамда транспорт воситаларидан чиқадиган зарарли моддалар ҳажмини камайтиришга қаратилган.

Лойиҳада эксплуатация муддати ўтган автомобилларни йиғиш, баҳолаш, қабул қилиш, утилизация қилиш ва уларнинг эҳтиёт қисмлари ҳамда материалларини қайта ишлаш бўйича ягона тизим яратиш назарда тутилган.

Ҳужжатга мувофиқ, тизим босқичма-босқич жорий этилади:

  • 2026 йилдан бошлаб M1 тоифасидаги транспорт воситалари (енгил автомобиллар),
  • 2027 йилдан бошлаб M2, M3, N1, N2 ва N3 тоифаларидаги микроавтобуслар, автобуслар ва юк автомобиллари,
  • 2030 йилдан эса барча турдаги ғилдиракли транспорт воситалари учун жорий этилади.

Лойиҳада 2027 йил 1 январдан бошлаб ишлаб чиқарилганига 30 йил ва ундан ортиқ бўлган автотранспорт воситалари эгалари томонидан ҳар йили экологик компенсация тўлови йилига бир марта базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари (12 млн 360 минг сўм) миқдорида экологик компенсация тўлаш таклиф қилинмоқда.

Шунингдек, қонунчиликда белгиланган тартибда «зарарли» экологик тоифага мансуб транспорт воситаларидан фойдаланиш ва уларни қайта рўйхатдан ўтказиш тақиқланиши, бундай транспорт воситалари давлат рўйхатидан чиқарилиши мумкинлиги назарда тутилган. Мазкур талаб антиквар автомототранспорт воситаларига татбиқ этилмайди.

Лойиҳада автомобилларни утилизацияга топширган фуқаролар ва ташкилотларга компенсация беришнинг бир нечта механизмлари таклиф этилган. Жумладан, пул маблағлари тўлаш, янги автомобиллар харид қилиш учун электрон ваучерлар бериш ёки қонунчиликда назарда тутилган бошқа шаклларда рағбатлантириш чоралари қўлланилиши мумкин.

Шу билан бирга, автомобилларни баҳолаш ва утилизация қилиш жараёнлари махсус электрон платформа орқали амалга оширилиши режалаштирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, мазкур ҳужжат лойиҳа ҳисобланади. Унинг нормалари жамоатчилик муҳокамаси ва тегишли келишувлар якунларига кўра ўзгариши, тўлдирилиши ёки қайта кўриб чиқилиши мумкин.