Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 18 июндаги 315-сон қарори билан тасдиқланди.

Ҳужжатга мувофиқ, республикада ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган нефть маҳсулотлари ҳамда газ тўлдириш шохобчаларида хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаш, уларнинг фаолиятини назорат қилиш ва соҳадаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича қатор янги талаблар жорий этилмоқда.

Ҳужжатда қайд этилишича, республикада ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда ўтказилган таҳлиллар давомида 46 737 та ҳуқуқбузарлик аниқланган. Назорат органлари томонидан соҳада фаолият юритувчи субъектларга 79 049 та, техник хавфсизлик соҳасида эса 25 341 та ёзма кўрсатма берилган. Шунингдек, 3 354 та белгиланган талабларни бажармаган раҳбар ва масъул шахс маъмурий жавобгарликка тортилган, 7 875 та қоидабузарлик бартараф этилган.

Бироқ ўтказилган текширувларда аниқланган 7 166 та камчилик бартараф этилмагани сабабли 464 та ёқилғи қуйиш шохобчаси фаолияти вақтинча тўхтатилган.

Қарор билан ёқилғи қуйиш шохобчалари ҳамда газ тўлдириш иншоотлари учун қурилиш, техник жиҳозлаш, саноат ва экологик хавфсизлик бўйича минимал талаблар тасдиқланди. Энди объектларда ёнғин хавфсизлиги тизимлари, босим остида ишловчи ускуналар, авариявий ҳимоя воситалари ва муҳандислик коммуникацияларига нисбатан ягона талаблар амал қилади.

Ҳужжатга мувофиқ, 2026 йил 1 сентябрдан автомобиль газ тўлдириш компрессор шохобчаларида «U-Gaz» дастурий-аппарат мажмуаси босқичма-босқич жорий этилади. Ушбу тизим орқали газ сотиш жараёни, технологик қурилмалар ҳолати, босим кўрсаткичлари ва хавфсизлик талабларига риоя этилиши онлайн назорат қилинади.

Шунингдек, 2027 йил 1 январдан хавфи юқори ишлаб чиқариш объектлари учун рухсатнома бериш жараёнларида автоматлаштирилган назорат тизимлари маълумотларидан фойдаланиш йўлга қўйилади. Бу эса объектларнинг хавфсизлик талабларига мувофиқлигини баҳолаш ва давлат назорати самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Ҳукумат қарори билан белгиланган чора-тадбирлар нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланиш соҳасида саноат хавфсизлигини кучайтириш, авариялар хавфини камайтириш ҳамда рақамли назорат механизмларини кенг жорий этишга қаратилган.