Учрашув, асосан, тенг курашларга бой кечди. Пеп Гвардиола биринчи таймда ноодатий тарзда иккита ҳужумчи билан ҳаракат қилди. Эрлинг Ҳоланд ва Умар Мармуш асосий таркибда майдонга тушишди. Ушбу тажриба иш бермагач, иккинчи таймда бошида супер формада бўлиб турган Раян Шерки ўйинга қўшилди.

Учрашувдаги ягона гол иккинчи бўлимнинг 72-дақиқасида киритилди. Эрлинг Ҳоланднинг узатмасидан сўнг Антуан Семенё товони билан «Челси» дарвозасини ишғол қилди. Абдуқодир Ҳусанов бир неча бор жамоаси жонига оро кирди. Лондонликларнинг бразилиялик ҳужумчиси Жоау Педру яккама-якка вазиятларда ўзбекистонлик ҳимоячига имкониятни бой берди.