Бу ҳақда 5 ноябрь куни Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Қайд этилишича, Президентнинг 2026 йил 11 сентябрдаги PF–193-сон Фармони асосида «Аёллар дафтари» жамғармаси ҳисобидан кўрсатиладиган ёрдам ва хизматлар сони 11 тадан 18 тага етказилди. Уларнинг 6 таси аввалги тартибда сақланиб, 5 таси такомиллаштирилди ва 7 та янги йўналиш жорий этилди.
Янги тартибга кўра, хотин-қизларга жарроҳлик амалиётисиз даволаниш учун 22 миллион сўмгача, диагностик текширувлар учун эса 4,4 миллион сўмгача маблағ ажратилади. Операция харажатлари давлат ёки хусусий тиббиёт муассасаси билан тузилган шартнома асосида қопланади.
Уй-жойни таъмирлаш учун 22 миллион сўмгача ёрдам ажратиш тартиби ҳам такомиллаштирилди.
Ижарада яшовчи эҳтиёжманд хотин-қизларга эса ижара тўловининг 50 фоизи компенсация қилиб берилади. Бунда туман ва шаҳарларда 2,2 миллион сўмгача, Тошкент ва Нукус шаҳарлари, шунингдек, вилоятлар марказларида 2,64 миллион сўмгача маблағ тўланади.
Янги жорий этилган 7 та йўналишнинг асосий қисми хотин-қизларнинг ўз даромад манбаини яратишига қаратилган.
Жумладан:
- томорқада иссиқхона қуриш учун — 17,6 миллион сўмгача;
- уруғлик, кўчат ва ўғит харид қилиш учун — 1,32 миллион сўмгача;
- ерни ҳайдаш ва текислаш учун — 4,4 миллион сўмгача;
- тикувчилик, қандолатчилик, ҳунармандчилик ва маиший хизмат учун асбоб-ускуналар харид қилишга — 6,6 миллион сўмгача;
- хонадон ва томорқани сув билан таъминлаш учун — 17,6 миллион сўмгача;
- агротехник ва механизация хизматлари учун — 8,8 миллион сўмгача;
- чорвачилик, паррандачилик, қуёнчилик ва асаларичиликни бошлаш учун — 11 миллион сўмгача ёрдам берилади.
Шунингдек, касаначилик ва ҳунармандчилик билан шуғулланиш учун зарур асбоб-ускуналар харидига 22 миллион сўмгача маблағ ажратилади.
Яна бир муҳим янгилик — Ижтимоий реестрга киритилган оилалардаги белгиланган талабларга жавоб берувчи хотин-қизлар ёки икки ва ундан ортиқ фарзанднинг бир нафари учун олий таълим тўлов-контракт пулининг 50 фоизигача қисми қопланади. Бунда тўлов миқдори 22 миллион сўмдан ошмаслиги керак.
Ушбу имконият энди фақат кундузги таълимга эмас, балки кечки ва масофавий таълим шаклларига ҳам татбиқ этилади. Ёрдам эҳтиёжманд оилалар учун ҳар йили бир марта ажратилиши мумкин.
Бундан ташқари, «Энг яхши ижтимоий лойиҳалар» танловида 26,4 миллион сўмгача грант олиш имкониятига эга бўлганлар қаторига якка тартибдаги тадбиркорлар ҳам киритилди.
Кимлар ушбу ёрдамлардан фойдалана олади?
Янги тартибда 30 ёшдан ошган хотин-қизлар ишсизлик, тадбиркорлик, уй-жой, тиббий-психологик ва ҳуқуқий ёрдамга бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб, бешта тоифадан бирига киритилади.
Янги тадбиркорлик ва даромад топишга қаратилган ёрдамлар, асосан, Ижтимоий реестрга киритилган, камбағалликка тушиш хавфи бор ва бошқа эҳтиёжманд оилалардаги 30 ёшдан ошган хотин-қизларга мўлжалланган.
Шунингдек, маблағларнинг мақсадли сарфланишини таъминлаш учун янги йўналишлардаги тўловлар товар ва хизмат етказиб берувчиларга шартнома асосида тўғридан-тўғри ўтказилади.
Маълумот учун, «Аёллар дафтари» тизимининг 2021–2025 йиллардаги дастлабки олти босқичида 4 миллион 538 минг нафардан зиёд хотин-қизга амалий ёрдам кўрсатилган. Бу мақсадлар учун қарийб 7 триллион сўм йўналтирилган.