Мазкур тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 13 августдаги 440-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида йўлга қўйилган.

Имтиёздан қуйидаги тоифадаги фуқаролар фойдаланиши мумкин:

  • 1941–1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари;

  • уларга тенглаштирилган шахслар;

  • Чернобиль ҳалокати оқибатларини бартараф этишда қатнашган шахслар.

Имтиёзли тоифага кирувчи фуқароларга Ўзбекистон ҳудуди ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар ҳудуди бўйлаб календарь йилида бир марта бориш ва қайтиш учун имтиёзли чипта берилади.

Имтиёзли чиптани қандай олиш мумкин?

Бунинг учун фуқаро шахсини тасдиқловчи ҳужжат — ID-карта ёки биометрик паспортни «Uzbekistan Airways» ва «Ўзбекистон темир йўллари»нинг ваколатли бўлинмаларига тақдим этиши кифоя.

Фуқаронинг имтиёзли тоифага мансублиги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимидаги «Транспорт имтиёзлари» модули орқали текширилади.

Маълумотлар тасдиқланганидан сўнг бепул ёки чегирмали чипта мурожаатнинг ўзида расмийлаштирилади.

Имтиёзга эга фуқароларнинг ягона реестри шакллантирилади

Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Пенсия жамғармаси ўз ахборот тизимларидаги имтиёзли тоифага мансуб шахслар ҳақидаги маълумотларни Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига тақдим этиб боради.

Шу асосда транспортдан имтиёзли фойдаланиш ҳуқуқига эга шахсларнинг ягона реестри шакллантирилади.

Қайси турдаги чиптани танлаш мумкин?

Фуқаронинг хоҳишига кўра:

  • ҳаво транспортида — «эконом» тарифи бўйича;

  • темир йўл транспортида — «эконом», плацкарт ёки купе ўринларидан бири учун чипта берилади.

Имтиёзли тоифадаги фуқароларга кўрсатилган транспорт хизматлари харажатлари Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб борилади.