Мазкур тартиб Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 31 октябрда 3966-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган ҳужжатда белгиланган.

Янги тартиб кимларга татбиқ этилади?

ҚҚС суммаларини ўзаро ҳисобга олиш имконияти қуйидаги тоифадаги тадбиркорлик субъектларига берилади:

  • Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро солиқ инспекцияси маъмурчилигидаги корхоналар;
  • ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун хом ашё ва бутловчи қисмларни импорт қилувчи электротехника саноати корхоналари;
  • тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингида «БББ» ва ундан юқори тоифага эга тадбиркорлар. Бунда давлат корхоналари ҳамда устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар мустасно;
  • хавф даражаси паст бўлган ва ҚҚС тўловчиси гувоҳномаси фаол ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари.

Жараён қандай амалга оширилади?

Тадбиркор импорт учун божхона юк декларациясини тақдим этиш жараёнида ҚҚСни солиқ органидаги ортиқча тўлови ҳисобидан ўзаро ҳисобга олиш истагини билдиради.

Бунинг учун божхона юк декларациясининг 47-графасидаги «ТУ» устунида «ВЗ» ҳарфли коди кўрсатилади.

Шундан сўнг Божхона қўмитаси ахборот тизимлари орқали Солиқ қўмитасига сўров юборади. Солиқ қўмитаси солиқ тўловчининг шахсий ҳисобварағида импорт учун тўланиши лозим бўлган ҚҚСни қоплашга етарли ортиқча тўлов мавжудлигини реал вақт режимида автоматик текширади.

Тасдиқланган сумма бўйича Божхона ва Солиқ қўмиталари ўртасида ўзаро ҳисобга олиш далолатномаси ахборот тизимида автоматик шакллантирилади.

Қандай ҳолларда ушбу имкониятдан фойдаланиб бўлмайди?

Агар солиқ тўловчида солиқ қарзи ёки солиқ хавфи суммалари мавжуд бўлса, шунингдек, унга нисбатан солиқ назорати тадбирлари ўтказилаётган бўлса, белгиланган тартибда ўзаро ҳисобга олиш амалга оширилмайди.

Бунда солиқ қарзи мавжуд бўлган ҳолатларда, тегишли қарз суммалари чегирилгандан кейин ортиқча тўловнинг қолган қисми ҳисобга олиниши мумкин.

Мазкур механизм тадбиркорлик субъектларининг айланма маблағларидан самарали фойдаланиш, импорт операцияларида ҚҚС тўловларини соддалаштириш ҳамда божхона ва солиқ органлари ўртасидаги электрон ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.