Бугунги кунда мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини илм-фан ва янги технологиялар асосида ривожлантириш борасида катта мақсадлар қўйилган. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳар гектардан 5 минг доллар даромад олиш, экспортни 10 миллиард долларга етказиш кўзда тутилган. Бунинг учун нафақат хорижий технологиялар, балки ота-боболаримизнинг минг йиллар давомида тўплаган тажрибаси ҳам керак.
Шу маънода, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишлаб, Фанлар академияси билан ҳамкорликда “Амир Темур ва темурийлар даврида қишлоқ хўжалиги” монографияси нашрга тайёрлангани диққатга сазовор. Китоб асосида XV-XVI асрларда ёзилган “Фанни кишту зироат” (“Деҳқончилик илми”) нодир қўлёзмаси ётади. Ушбу монографияда темурийлар давридаги деҳқончилик ва маҳсулот етиштиришнинг бой тажрибаси келтирилиб, зарур жойларда ўша давр усуллари ва ёндашувлар изоҳлар билан очиб берилди. Китобда шундай усуллар борки, улар қизиқ, оддий, фойдали, ҳайратланарли ва унутилган бўлса-да, ҳозир ҳам қўлланилиши мумкин. Келинг, шу сирларни биргаликда кашф қилайлик.
Об-ҳаво
қандай башорат қилинган?
Синоптик
станциялар бўлмаган даврда деҳқонларимиз об-ҳавони қандай билган? Ҳайрон
қоласиз — улар буни ойга, қушларга ва ҳатто қозонга қараб башорат қилган.
Масалан, агар ой учинчи ёки тўртинчи кечада ёрқин бўлса, кундузи ҳаво очиқ
бўлган. Ой қизғиш тортса — шамол кучайган, қорайса — ёмғир кўп ёққан. Чумчуқ
ва саъва дарахт устида сайраса, ёмғир кутилган. Товуқ ўзини титкилайверса ёки
қозон осилганда ўчоқ тагида учқунлар кўп бўлса — ёмғир ёғишини айтишган.
Ҳозирги
замон фани бундай кузатувларни фенология деб атайди. Япония ва Хитойда ҳозир
ҳам фермерлар ой тақвимига асосланиб иш тутади. Бу жуда қизиқ, албатта.
Ер
ости сувини қаердан топиш мумкин?
Ўша
даврда деҳқонлар ер ости суви қаердалигини билиш учун мис қозон ишлатган. Ҳа,
тўғри англадингиз. Айнан қозон. Бунинг учун улар ерни уч газ (тахминан 2 метр)
чуқурликда ковлаб, сариқ мис қозонни ёғ билан мойлаган. Тоза жундан ёнғоқ
катталигида шарча ясаб, уни эритилган мумга ботириб, қозон ичига ёпиштирган.
Кейин қозон тўнкарилиб, чуқурга кўмилиб, эрталабгача шу ҳолда қолдирилган. Агар
қозон нам, жун шарча сувга тўлган бўлса, ер ости суви ер юзасига яқин, агар
намлик кам бўлса, сув чуқурда.
Бугун бу
иш геофизик асбоблар билан бажарилади. Аммо бобомизнинг усули ҳозир ҳам кичик
фермерлар учун арзон ва тушунарли бўлиши мумкин.
Тупроқ
шўрлигини... татиб билишган!
Ҳозир
тупроқ шўрлиги махсус лабораторияларда аниқланади. Аммо темурийлар даврида бу
борада оддийроқ йўл тутилган. Қандай дейсизми? Албатта, ернинг таъмига қараб.
Бунинг учун икки-уч газ чуқурликдан бир ҳовуч тупроқ олиниб, хумчага солинган.
Устидан ёмғир суви қуйиб, аралаштириб, сув тинганидан
кейин унинг таъмини кўришган. Агар сувнинг мазаси ўзгармаса, ер яхши. Агар шўр
ёки аччиқ бўлса, ер шўр. Агар ердан ёмон ҳид келса, умуман, экин экишга
яроқсиз.
Қизиғи
шундаки, китобда келтирилишича, шўр ерда фақат хурмо яхши ўсади. Бугун шўрхок
ҳудудларда хурмо плантациялари барпо этилаётгани боболаримиз ҳақлигини
кўрсатади.
Беш
юз йил аввал мавжуд бўлган усул
Бунисини
ҳали эшитмагандирсиз?! Ҳозирги кунда уруғсиз тарвуз, уруғсиз узум каби
навларга замонавий селекциянинг ютуғи сифатида қаралади. Лекин асарда бу бўйича
ажабланарли усул баён этилган.
Усул
қуйидагича: ошқовоқ ёки бодрингнинг палаги (шохи) бир газ (0,7 метр) ўсгач,
унинг остидан чуқур ковланиб, палакнинг бир қисми шу чуқурга солиниб, учи
чиқиб турадиган қилиб кўмилади. Палак бир газ ўсгач, бу иш яна такрорланади. Уч
марта шундай қилингандан кейин палак ер остида илдиз отиб, асосий ўсимликдан ажралганда,
қолган қисмидаги мева уруғсиз бўлади.
Буни
қандай тушуниш мумкин? Илм-фанда бу ҳолат партенокарпия дейилади. Яъни
урчитилмасдан мева тугиш ҳодисаси. Ҳозир бунга гормонал воситалар билан
эришилади. Боболаримиз эса механик усул — палакни кўмиб, стресс ҳосил қилиш
орқали шунга эришган. Ҳайратланарли... Афсуски, бу усул ҳам унутилган. Тарвузчиликда
илғор Кўкдала фермерлари буни синаб кўрса, нафақат эртаки тарвуз, балки
данаксиз ҳосил ва қўшилган қийматли янги брендга эга бўлармиди?! Давр ана
шундай янги билимларни ва изланувчанликни талаб қиляпти.
Шу ўринда
бошқа меваларни данаксиз қилишга интилишганмикан деган ҳақли савол туғилади.
Ахир ҳаммамиз данаксиз анор ва узум фалон бозорда ёки давлатда чиқаркан деб
ҳайрат билан гапирамиз-ку. Қўлёзма таржимасини таҳрирлар эканман, бу маълумотларга
етиб келганда, очиғи, ҳайратимни яшира олмадим.
Анор
ва узумни данаксиз етиштириш
Асарда
нафақат ошқовоқ, балки анор ва узумни ҳам данаксиз (уруғсиз) қилиш усуллари
келтирилган. Анорни данаксиз қилиш учун экилаётган ниҳол бир газ миқдорида
ёрилиб, ичидаги мағзи олиб ташланади. Сўнг ёрилган жой бир-бирига ёпиштирилиб,
лух (тол қавзоғи) билан боғланади, тоза лой ва янги гўнг билан сувалиб, ерга
экилади. Кўклаб чиққандан кейин ёриқ устидаги қисми кесиб ташланади. Натижада
етилган анорда уруғ бўлмайди. Узумни данаксиз қилиш учун эса токнинг ерга тегадиган
қисми ёрилиб, ичидаги мағзи олиб ташланган, сўнг ёриқ ёпиштирилиб, молнинг янги
гўнги билан бўяб экилган. Бундай токнинг узуми уруғсиз бўлиб етилади. Қаранг,
оддий, лекин самарали усул.
Ҳозирги
замон деҳқончилигида уруғсиз мевалар селекция йўли билан олинади. Лекин
боболаримиз механик усул билан ҳам шунга эришгани ҳайратланарли. Афсуски, бу
усуллар унутилган, бироқ буни синаб кўрсак, боғдорчиликда ҳақиқий янги
тажриба бўлади.
Бир
токдан уч рангли узум
Асардаги
энг қизиқарли боблардан бири пайвандлашга бағишланган. Унда айтилишича, уч хил
токдан икки газ узунликда уч новда олиниб, ҳар бири мағзига зарар етказмай
ёрилиб, сўнг бир-бирига ёпиштирилган. Лух билан боғланиб, экилган. Бундай ток
ҳосили уч рангда бўлган. Тасаввур қиляпсизми, бир новдада оқ, қизил ва қора
узум бирга ўсган.
Яна ҳам
қизиғи, агар токнинг ичидаги мағиз ўрнига мушк солиб экилса, узумдан мушк ҳиди
келган. Агар сурги дори солинса, узумнинг ўзи сурги (ични келтирувчи) бўлиб
қолган. Қойил қолмасдан иложи йўқ.
Бунинг
изоҳи қандай? Бугун бу усулни инъекция ёки молекуляр фермерлик деб аташади —
ўсимликни дори ташувчи контейнер сифатида ишлатиш ғояси. Ҳозир ген муҳандислари
вакцина ва антитела ишлаб чиқарувчи ўсимликлар яратмоқда. Темурийлар бундан
500 йил олдин худди шу ғояни амалда қўллаган. Бу фақат ғурур бағишлайди ва илдамроқ
бўлишга етаклайди.
Дарахтларни “қўрқитиб” мева олишни
эшитганмисиз?
Бу усулни
кўпчилигимиз эшитганмиз, лекин ҳазилга йўйиб қўяверганмиз, аслида эса... Агар
дарахт мева қилмаса, темурийлар уни болта билан қўрқитган. Ҳа, тўғри ўқидингиз.
Бир киши болта олиб, ғазабланган ҳолда дарахтга югуриб келиб: “Сени кесиб
ташлайман”, деб бақирган. Бошқаси эса дарахтни ҳимоя қилиб: “Бу йил тегма,
келаси йили мева қилади”, деган. Натижада келаси йили дарахт мўл ҳосил берган.
Ҳозирги
замон деҳқончилиги бунга нима дейди? Илм-фан буни шок терапияси деб атайди. Ҳар
қандай тирик мавжудот ўлим хавфини сезса, зурриёт қолдиришга интилади. Дарахт
учун зурриёт — унинг меваси. Шундай қилиб, енгил қўрқитиш дарахтни ҳосил беришга
мажбур қилади. Бугун биз кимёвий воситалар билан ҳосилни кўпайтиришга
ўрганганмиз. Лекин боболаримизнинг биз ҳазил-мутойибага йўйган, оддий усули —
экологик тоза ва бепул.
Ҳосилни
тезлатишнинг антиқа йўли
Бугун
кўчатни бир жойга экиб, умрбод шунда қолдирамиз. Темурийлар эса бошқача йўл
тутган. Масалан, ёнғоқ ниҳолини ковлаб олиб, бошқа ерга ўтқазган. Бир йилдан
кейин яна бошқа жойга кўчиришган. Буни уч марта такрорлашган. Натижада дарахт
тезроқ ҳосилга кирган.
Сабаби
нима? Доимий кўчириш марказий илдизни чеклаб, кўплаб ён илдизларни
ривожлантирган. Бу эса дарахт озуқани тез йиғишига ва эрта ҳосилга киришига
сабаб бўлган. Замонавий агрономия буни стрессли кўчириш дейди, лекин амалда кам
қўллайди.
Зараркунандалардан қутулишнинг оддий
тадбири
Кимёвий
пестицидлар бўлмаган даврда боғбонларимиз қўл остидаги нарсалар билан
ҳашаротларга қарши курашган. Мана улардан айримлари.
Анзур
пиёзи (ёввойи пиёз) олма дарахтининг томири остига экилса, қурт тушишидан
сақлаган. Кабутар гўнги сувда ивитилиб, шохларга суркалса, мева кўпайган.
Ҳозирги
замон деҳқончилиги бунга нима дейди? Илм-фан бу усулларнинг кўпини тасдиқлаган.
Замонавий фанда бу экологик муҳандислик дейилади. Масалан, анзур пиёзи
таркибидаги алкалоидлар, аммиакли аралашмалар кучли инсектициддир. Ҳозир
экологик деҳқончиликда шунга ўхшаш табиий воситаларга қайтиш кузатилмоқда.
Аммо фермерларимиз бу усулларни унутган.
Унутилган
тежамкорлик
Сув
танқислиги бугунги куннинг энг катта муаммоларидан бири. Темурийлар эса сувни
тежашни билган. Улар полиз экинлари учун мўлжалланган ерни қишда суғориб, кейин
устини хашак билан ёпган. Шунда ер ёзда кам сув талаб қилган. Бу усул ҳозирги
мулчалаш (ерни хашак, сомон билан қоплаш) технологиясининг айнан ўзи. Европада
бу усул XX аср охирида қайта “кашф” этилган. Бизда эса ҳануз кўп фермерлар ерни
очиқ қолдириб, сувни исроф қилади.
Ер остига
сомон тўшаб, буғдойни шунда сақлашган, устини лой билан сувашган. Бундай
омборда ғалла 50 йилгача бузилмайди. Бу замонавий модификацияланган
атмосферали омбор технологиясининг қадимий кўринишидир.
Ҳозир
бундай билимлар бир оз замонавий кўринишда бутун дунёда фойдаланиляпти,
масалан, пахтани плёнка остида экишнинг Шинжон усули анча самарали, сув тежаш
имконини беради. Жорий йилда 325 минг гектар майдонга шу усул қўлланилмоқда
ва бу бежиз эмас!
Устоз-шогирд
анъанаси — аждодлардан мерос
Асрлар
давомида, хусусан, темурийлар даврида ҳам агротехник билимлар асосан амалиёт
орқали, яъни устоз-шогирд анъанаси, оилавий тарбия ва кундалик меҳнат
жараёнида авлоддан авлодга ўтган. Кекса ва тажрибали деҳқонлар билим ҳамда кўникмаларини
ёшларга ўргатиб, ерга ишлов бериш, экин турларини танлаш, касаллик ва
зараркунандаларга қарши курашиш усулларини амалда намойиш этган. Бу анъана туфайли
ҳар бир авлод отасидан кўра кўпроқ билимга эга бўлиб, деҳқончилик доимий
ривожланган.
Бугун
қишлоқ хўжалигида устоз-шогирд тизими қайта тикланмоқда. Жумладан, 2026 йилдан
бошлаб пахтачиликда 1000 дан ортиқ илғор фермер кам ҳосил олаётган 5 мингга
яқин фермерга бевосита устозлик қилиш тизими жорий қилинди. Мақсад — билим ва
тажрибани соҳадаги қолоқликни бартараф этишнинг энг самарали воситасига айлантириш.
Бу борада
энг ёрқин мисол: Мирзачўл туманида ташкил этилган “Азамат мактаби”дир.
Пахтакор Азамат Султонов илғор усуллар билан чўл шароитида гектаридан 70
центнер пахта олишга эришмоқда. Унинг мактабида энди нафақат Мирзачўл, балки
бошқа туманлардан келган фермерлар ҳам тажриба орттирмоқда. Бу — аждодларимизнинг
“устоз-шогирд” анъанасининг замонавий кўриниши. Агар темурийлар даврида бу усул
орқали агротехник билимлар асрлар давомида такомиллашган бўлса, бугун ҳам шу
йўл билан қисқа муддатда катта натижаларга эришиш мумкин.
Хулоса
ўрнида
Афсус,
китобда айтилган жуда кўп усул ва кўрсатмаларни бу ерда келтиришга имконимиз
йўқ. Китобни ўқиб, ундаги билимлардан баҳраманд бўлишни ҳар бир юртдошимизга
тавсия қиламиз. Сабаби “Амир Темур ва темурийлар даврида қишлоқ хўжалиги” монографияси
нафақат тарихий ҳужжат, балки боболаримизнинг табиат билан уйғунликда яшаш, ер
ва сувдан оқилона фойдаланиш борасидаги бой тажрибаси тўпланган маънавий
меросимиздир.
Ҳозирги
замон деҳқончилиги кимёвий ўғитлар ва пестицидларга тобора қарам бўлиб
бормоқда. Бу эса тупроқни шўрлантириб, сувни камайтиради, маҳсулот сифатига
зарар келтиради. Темурийлар давридаги усулларнинг аксарияти экологик тоза,
арзон ва ҳар бир фермер учун тушунарли.
Қишлоқ
хўжалиги тизими ислоҳотлари асоси сифатида соҳага олиб кирилган STEM+ HECI
(STEM — Илм-фан, Технология, Муҳандислик, Математика) (HECI — Инсонийлик,
Ахлоқ, Ижодкорлик, Тасаввур) дастури айнан шу бой меросни тиклаш, уни
замонавий билимлар билан уйғунлаштириш ва ёш авлодга етказишга қаратилгани
билан аҳамиятли. Эҳтимол, айнан шу “унутилган” усуллар келажакда экологик тоза
ва барқарор деҳқончиликнинг асосига айланар?!
Иброҳим
АБДУРАҲМОНОВ,
қишлоқ
хўжалиги вазири, академик