Маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан тезкор тадбир ўтказилди. Унда қўшни Афғонистон ҳудудидан мамлакатимизга наркотик моддалар олиб киришга бўлган уриниш бартараф этилди.

Хусусан, Афғонистоннинг Қундуз вилоятида яшовчи 1974 йилда туғилган шахс давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиб, Амударё орқали қайиқда сузиб ўтаётган вақтида ушланди.

Текширув давомида унинг ёнидаги икки қоп ичида жами 10 дона ўрамда, соф оғирлиги 10 кг 354 грамм бўлган “гашиш” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди ва процессуал тартибда расмийлаштирилди.

Ҳозирда ДХХнинг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси Тергов бўлими томонидан мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов ҳаракатлари доирасида ушбу жиноятга алоқадор бўлган бошқа шахсларни аниқлаш чоралари кўрилмоқда.