“Андижон сув таъминоти” АЖнинг вилоят туманларидан биридаги филиали бошлиғи ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, мансабдор танишлари орқали 1983 й.т. фуқаронинг янги қурилган хонадонига оқава сув тармоғи тортиш учун рухсат олиш ва канализация насоси ўрнатишда ёрдам бериш эвазига 8,5 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ушбу мансабдор сўралган пул маблағини учинчи шахс орқали олган вақтида унинг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилди.

Қашқадарё вилояти ОИТСга қарши курашиш марказининг туманлардан биридаги ОИВ диагностика лабораторияси лаборанти 1996 й.т. фуқарога нисбатан тайинланган экспертиза хулосасини мансабдор танишлари орқали унинг фойдасига ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 3 минг АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.

Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, лаборантдан 2,5 минг АҚШ долларини олган вақтида Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий марказининг туман бўлими бошлиғи ҳам қўлга олинди.