Элбарсхондан кейин тахтни Султон Ҳожихон эгаллади. Кейинги ҳукмдорлар Ҳасанқулихон, Бучуғахон, Суфиянхон, Аванешхон, Қалхон, Ақатойхон, Дўст Муҳаммадхон даврида мамлакатда сиёсий бошбошдоқлик ва ўзаро ички кураш авж олди. Ташқаридан ҳужум кўпайди. Ушбу ҳолатларнинг аксариятига Ҳожи Муҳаммадхон барҳам бера олди. Унинг даврида сиёсий аҳвол бир оз ўнгланиб, мамлакатда тинчлик ҳукм сурди. Суғорма деҳқончиликка асосланган иқтисодиётни йўлга қўйиш ва ривожлантириш мақсадида қатор ишлар бажарилди, янги каналлар қазилди. Хусусан, Урганч ва Кат ҳудудларини бошқарган Али Султон Янгиариқ ва Тошли Ёрмиш каналларини ишга туширди.
Араб Муҳаммадхон ҳукмронлигининг аввалида Ëйиқ казаклари бир неча бор
мамлакатга бостириб кирди. Қалмоқлар ҳам Хоразмга юриш қилди. Шунга қарамай,
хон янги суғориш иншоотлари барпо этиш ва ирригация тармоқларини кенгайтириш
ишларини давом эттирди. Хусусан, унинг ташаббуси билан Араб Муҳаммад канали
бунёд этилди. Яна бир муҳим сиёсий ўзгариш — Хива шаҳри пойтахт этиб
белгиланди. Пойтахтнинг кўчирилиши шарафига Хивада хон номидан 1616 йили
мадраса барпо этилди.
Ўша даврда хонликда ички вазият кескинлашди. Хоннинг ўғиллари Ҳабаш ва
Элбарс ўзаро тахт талашиб, отасига қарши уруш бошлади. Жангда мағлуб бўлган
ҳукмдор Қум қалъасига банди қилинди ва ўша ерда вафот этди.
1643 йилда Хива тахтини эгаллаган Абулғозихон мамлакатни бирлаштира
бошлади. Унинг ҳукмронлиги даврида давлат бошқаруви соҳасида ҳам ўзгариш юз
берди. Бу ҳақда сарой муаррихи Шермуҳаммад Мунис “Фирдавс ул-иқбол” асарида
ёзган. Абулғозихон 360 ўзбек (амир)ни расмий лавозимга тайинлайди.
1657 йилда Карманага уюштирилган ҳарбий юришдан қайтаётган
Абулғозихонга Бухоро ҳукмдори Абдулазизхон ҳужум қилади. Ўғли Анушахоннинг
қаҳрамонлиги туфайли Абулғозихон муқаррар мағлубият ва ўлимдан омон қолади.
Абулғозихон Хивага қайтгач, катта тўй уюштиради ҳамда ўғли Анушага Ҳазораспни
туҳфа этиб, унинг шарафига Ичанқалъада масжид ва ҳаммом бунёд этади.
Абулғозихон 1663 йилда тахтни ўғли Анушага топширади. Анушахон даврида
мамлакатда ҳокимият янада мустаҳкамланди. Ички сиёсатда туркман уруғларининг
мавқеини тиклаш учун ҳаракат қилинган бўлса, ташқи сиёсатда Эронга қарши кенг
кўламли ҳарбий ҳаракатлар уюштирилиб, Машҳад шаҳри уч марта эгалланди. Учинчи
марта ишғол этилганда Анушахон шоҳ сифатида тахтга ўтқазилди. Хон мамлакатда
ирригация тармоқларини янада кенгайтирди. Хусусан, Хива хонлигида Ёрмиш ҳамда
Шоҳобод каналлари қазилди. Ёрмиш каналининг қазилишига Кат шаҳрининг сувсиз
қолиши сабаб бўлган эди. Шунингдек, канал бўйида Қиёт қалъасига асос солинди.
Шоҳобод каналининг қазилишига Анушахонни ўша даврдаги сиёсий вазият ундаганди.
Абулғозихон даврида туркманларни сиёсий бошқарувдан узоқлаштириш ва мамлакатдан
сиқиб чиқаришга интилиш кузатилган бўлса, Анушахон, аксинча, улар хизматидан
фойдаланишга қарор қилди. Туркманлар хизматини муносиб тақдирлаш мақсадида
Шоҳобод канали ёрдамида янги ўзлаштирилган ерларни улар ўртасида тақсимлади.
Анушахон буйруғи билан Шоҳобод қалъаси қад ростлади.
Анушахон вафотидан кейин тахтни эгаллаган ўғиллари Худойдодхон ва
Арангхон даврида Хива хонлигининг сиёсий бирлиги ва мамлакатдаги нисбатан тинч
ҳаёт сақланиб қолди. Бироқ кейинги ҳукмдорлар даврида Хоразмда сиёсий
беқарорлик ҳукм сурди. Форс ҳукмдори Нодиршоҳ Афшор Хива хонлигини эгаллаган
1740 йилгача бўлган даврда мамлакатда 13 нафар ҳукмдор алмашди. Улардан Шоҳниёзхон
даврида хоннинг бевосита ташаббуси билан Паҳлавон Маҳмуд мақбараси таъмирланди,
зиёратгоҳ ҳовлисида қудуқ қаздирилди.
Арабшоҳийлар сулоласи вакилларидан Шерғозихон даврида мамлакатдаги
ички курашларга барҳам берилди ҳамда қўшни ҳудудларга қарши фаол ҳарбий
ҳаракатлар уюштирилди. Хусусан, Хива қўшини Машҳад ва Нишопур шаҳарларига юриш
қилиб, шаҳарларни қамал қилган ҳамда кўплаб ўлжа билан қайтган. Шунингдек, бу
даврда Россия империясининг Хива хонлигини эгаллашга қаратилган тўғридан тўғри
тажовузи олди олинди ва 1717 йилда А.Бекович-Черкасский бошчилигидаги рус
қўшини қириб ташланди.
XIX асрнинг 60-йилларида Хива хонлиги ҳаётида нотинч сиёсий вазият
юзага келди. Марказий ҳокимиятнинг сиёсий бошқарувдаги ўрни анча кучсизланди.
Ана шундай шароитда, 1767-1770 йилларда туркманларнинг Хива хонлигини эгаллашга
уриниши бир оз муддат бўлса-да, муваффақиятли якунланди. Туркманларнинг ёвмут
уруғи аҳоли мулкини талади, мамлакатда зулм авжига чиқди. Бундай оғир шароитда
қўнғирот уруғига мансуб Муҳаммад Амин иноқ мамлакатдаги инқирозли ҳолатни
яхшилашга киришди. У амалда ҳокимиятни 1763 йили қўлга киритган бўлса-да, 1770
йили Хива хонлигига қарши туркман қабилаларининг ҳужумини қайтариш билан
мамлакатдаги ҳукмронлигини тўла таъминлади. Муҳаммад Амин иноқ Хива хонлигида қўнғиротлар
сулоласи ҳукмронлигини бошлаб берди. Шундай қилиб, янги сулола вакиллари
мамлакатни 1920 йилгача идора қилди.
У марказий ҳокимиятни кучайтириш ва янги бошқарув тартибини ўрнатишга
интилди. Ҳар бир ҳудудга ўзига содиқ кишиларни ҳоким сифатида тайинлаш ҳамда
уларни ўз хоҳишига кўра лавозимларидан озод қилиш тартибини жорий этди.
Нодиршоҳ Афшор ҳужумидан Хива шаҳри катта зиён кўриб, қалъа деворлари
вайронага айланган эди. Муҳаммад Амин иноқ Хива қалъаси деворларини қайта
қурдирди, шаҳарда мадраса бунёд эттирди. Ушбу таълим даргоҳи “Мадрасайи иноқия”
номи билан машҳур бўлиб, “олимлар бошпанаси” ва “фозиллар маскани”, дея
таърифланган.
Муҳаммад Амин иноқ вафотидан кейин Хива тахтини ўғли Аваз иноқ
эгаллади. Унинг ҳукмронлиги даврида мамлакатда ички кураш сақланиб қолди.
Жумладан, Оролдан Манғит шаҳрига кўчирилган ўзбеклар вақти-вақти билан исён
кўтариб турди. Бу таҳдид Элтузархон даврида ҳам давом этди. Элтузар эски анъана
— фақат чингизийлар авлодидан бўлган шахслар хон бўлиши мумкинлиги борасидаги
мутлақ ваколатни йўққа чиқарди.
У солиқ соҳасида ҳам катта ислоҳотлар ўтказди. Хоннинг ташаббуси билан
солиқ йиғиш жараёни ва тартиби ўзгарди, маъмурий бошқарувни марказлаштириш
мақсадида қатор ўзгаришлар амалга оширилди. Хусусан, Хива хони томонидан
ҳудудларга ҳоким ва қозиларни тайинлаш амалиёти жорий этилди. 1806 йили Бухоро
хонлиги қўшинига қарши жангда Элтузархон мағлубиятга учради ва ҳалок бўлди.
Бироқ Хива хонлигининг Бухорога қарши вайронкор ҳарбий юришлари Амир Ҳайдар
даврида кучайди.
Элтузархон бошлаган кенг кўламли ислоҳотчилик ҳаракати Муҳаммад
Раҳимхон I даврида ҳам давом эттирилди. Муҳаммад Раҳимхон I ички курашларга
барҳам бера олди. Узоқ қаршиликдан сўнг 1811 йилда ороллик манғитларни ўзига
итоат эттирди.
Кейинги қўнғирот ҳукмдор Аллоҳқулихон даврида Хуросонга бир неча бор
ҳарбий юриш уюштирилди. Бешта юришда хоннинг ўзи шахсан иштирок этди.
Шунингдек, Бухоро билан муносабат Аллоҳқулихон ҳукмронлигининг сўнгига келиб
кескинлашди. Аммо бу даврда мамлакат маданий ҳаётида юксалиш кузатилди. Хусусан,
Тошҳовли биноси, Рофинак боғи, карвонсарой ва Тошҳавз қалъаси қуриб битказилди.
Хива шаҳрининг атрофи девор билан ўраб олинди. Шунингдек, 1835 йилда
Аллоҳқулихоннинг бевосита ҳомийлигида 99 ҳужрадан иборат йирик меъморий мажмуа
— мадраса шаҳарнинг Ичанқалъа қисмида қад кўтарди. 1836 йилда эса Кўҳна Иморат
мадрасасининг қурилиши ниҳоясига етказилди. Аллоҳқулихон ўша даврда хароб
аҳволга келиб қолган диний-маданий муассасалар биноларини таъмирлаш ва қайта
қуриш ишларида ҳам жонбозлик кўрсатди.
Аллоҳқулихон вафотидан кейин тахтга ўтирган Раҳимқулихон ташқи
сиёсатда отаси бошлаган ишларни давом эттирди. У қисқа муддат ҳукмронлик қилган
бўлса-да, маданий соҳа ривожига ҳисса қўшишга улгурди. Хусусан, унинг ташаббуси
билан 1843 йилда хонлик пойтахтида 20 ҳужрали мадраса бунёд этилди.
Муҳаммад Аминхон даврида кўчманчи қабилаларни тинчлантириш ва қўшни
ҳудудларни эгаллашга қаратилган саъй-ҳаракатлар муваффақиятли бўлди. Хусусан,
Марвни ишғол қилиш мақсадида Бухоро амирлиги ва Хуросонга қарши 10 дан ортиқ
юриш қилинди. Хон бир неча бор Россия ва Усмонлилар империяларига элчи юборди.
Хива шаҳрида 130 ҳужрадан иборат катта мадраса бунёд этди.
Саййид Муҳаммадхон тахтни эгаллаши билан қатор ҳарбий-сиёсий
ислоҳотлар ўтказди. Шунингдек, кўчманчи қабилалар ҳужумини бартараф этишга
муваффақ бўлди. 1858 йилда Н.Игнатьев бошчилигидаги рус элчилик гуруҳини Хивада
қабул қилди.
Саййид Муҳаммад Раҳимхон II Хива тарихида энг узоқ ҳукмронлик қилган
хон сифатида қолди. Ҳукмронлигининг дастлабки йилларида мамлакат ички ва ташқи
ҳаётида барқарорлик сақланиб турди. Бироқ 1873 йилда Хоразмни рус қўшини босиб
олди. Шу йили 12 август куни Туркистон генерал-губернатори фон Кауфман ва Хива
хони Саййид Муҳаммад Раҳимхон II ўртасида Гандимиён шартномаси имзоланди.
Натижада Хива хонлиги протекторатга айлантирилди. Саййид Муҳаммад Раҳимхон II
илм-фан ва санъатга ҳомийлик қилди, мамлакатда кўплаб диний-маданий муассасалар
бунёд этди.
1910 йил 16 августда Саййид Муҳаммад Раҳимхон II вафотидан кейин хонлик тахтини эгаллаган Асфандиёрхон
маъмурий ва молиявий ислоҳотлар ўтказишга киришди. Мансабдорларнинг
ваколатларини аниқ белгилаш ва уларни давлат ғазнаси ҳисобидан доимий маош
билан таъминлаш, ерларни қайта ҳисоблаб, рўйхатдан ўтказиш ҳамда уларни
мутаносиб равишда солиққа тортиш, меҳнат мажбуриятларини енгиллаштириш кабилар
шулар жумласидан эди.
Юқоридаги чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида 1910 йил 13-15
сентябрда Саййид Асфандиёрхоннинг манифести эълон қилинди. Ислоҳотлар доирасида
мамлакат пойтахтида илк почта-телеграф ва шифохона қуриш режаси тасдиқланди.
Хива шифохонасини бунёд этиш ташаббусини 1910 йили Хива хони Саййид
Асфандиёрхон бош вазир Исломхўжа ҳамроҳлигида Санкт-Петербургга уюштирган
сафари давомида Россия императори Николай II билан учрашуви чоғида билдирган
эди. Исломхўжа Николай II нинг ўғли шаҳзода Алексей Николаевич шарафига мазкур
шифохонани барпо этишни таклиф этган.
Асфандиёрхон манифести асосида 1911 йил 20-22 январь кунлари 10
бўлимдан иборат ислоҳот дастури ишлаб чиқилиб, сарой амалдорлари кенгаши
томонидан тасдиқланди. Бироқ жадал бошланган чора-тадбирлар бош вазир
Исломхўжанинг ўлими туфайли ниҳоясига етмай қолди. Петроградда рўй берган
февраль инқилоби Хива хонлигига ҳам таъсир кўрсатди. 1917 йил 5 апрелда ёш
хиваликлар талаби билан Асфандиёрхон манифести эълон қилинди. Унга кўра, хон
ҳокимияти чекланиб, вакиллик органи — мажлис тузиш кўзда тутилди. Кейинчалик
сиёсий кучлар мувозанатидаги ўзгаришлар натижасида Асфандиёрхон аввалги
мавқеини қайта тиклаб, манифестда белгиланган вазифаларни бажаришдан бош тортди
ва хонлик бўйлаб ёш хиваликларга қарши тазйиқлар бошланди. Кўп ўтмай,
Асфандиёрхон туркман уруғи сардори Жунаидхон аскарларининг фитнаси қурбони
бўлди. 1918 йили Хива тахтига Саййид Абдуллахон ўтқазилди. Қизил аскарлар Хива
хонлигини босиб олгач, Саййид Абдуллахон 1920 йил 2 февралда тахтдан воз
кечишга мажбур бўлди. Шу билан Хоразмда қўнғиротлар сулоласи ҳукмронлиги расман
якунланди!
Қаҳрамон ЯКУБОВ,
ЎзФА Шарқшунослик
институти
етакчи илмий ходими,
тарих фанлари доктори