Аввало, Ўзбекистон ўзини ижтимоий давлат сифатида намоён этмоқда. Юртимизда ҳар бир фуқаронинг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Бу жараёнда оила, маҳалла ва фуқаролик жамияти институтлари муҳим ўрин тутади. Маҳалла тизими орқали аҳолини манзилли қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоя механизмларини кучайтириш, эҳтиёжманд қатламларга амалий ёрдам кўрсатиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Натижада инсонни ҳимоя қилиш ва қадрини юксалтириш амалдаги ислоҳотлар марказидан ўрин олмоқда.
Мамлакатимизда
илгари “халқ — давлат учун” деган қараш устун бўлган бўлса, бугун “давлат —
халқ учун” деган принцип устувор аҳамият касб этмоқда. Маҳаллий кенгашлар
ваколатларининг кенгайиши, жойлардаги муаммоларни ҳал этишда депутатлар
фаоллигининг ортиши демократик бошқарувнинг муҳим белгисидир. Айниқса,
хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш, раҳбар ва илмий
соҳадаги аёллар сонининг ортиши жамият тараққиётининг муҳим кўрсаткичига
айланяпти.
Кейинги йилларда мамлакатда тадбиркорлик субъектлари учун
қулай ҳуқуқий ва институционал муҳит яратилмоқда, солиқ имтиёзлари, кредит ва
субсидиялар тизими такомиллаштирилмоқда. Хусусан, хотин-қизлар тадбиркорлигини
қўллаб-қувватлашга қаратилган дастурлар доирасида 1,5 миллионга яқин аёлни
иқтисодий фаолликка жалб этиш бўйича кенг кўламли ишлар қилиняпти.
Ёшлар
сиёсати ҳам янги босқичга кўтарилиб, давлатимиз раҳбарининг ёшлар билан доимий
мулоқоти, ҳафтанинг муайян кунини ёшлар билан учрашувларга бағишлаш ташаббуси
ёш авлод муаммоларини тўғридан тўғри ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу
эса инсон капиталига инвестиция киритишнинг амалий ифодасидир.
Аҳолининг
катта ёшли қатлами ҳамда нуронийларга эътибор кучайиб, уларни ижтимоий
қўллаб-қувватлаш, соғлиғини муҳофаза қилиш, мунтазам тиббий кўриклар ташкил
этиш тизимли тус олди. Шу билан бирга, ички туризмни ривожлантириш орқали
аҳолининг маданий ҳордиқ чиқариш имконияти кенгаймоқда. Маҳалла, ташкилот ва
жамоаларда саёҳат ҳамда зиёрат тадбирларининг мунтазам йўлга қўйилиши жамиятда
ижтимоий бирдамлик, миллий қадриятларни мустаҳкамламоқда.
Ёш
авлодни Учинчи Ренессанс пойдевори сифатида тарбиялаш давлат сиёсатининг
стратегик йўналишига айланган. Президент мактаблари, Темурбеклар мактаби, ижод
ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг ташкил этилиши ёшларнинг
интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Олимпиада
ғолибларини рағбатлантириш, уларни тайёрлаган устозларни қўллаб-қувватлаш,
ўқитувчи мақомининг Конституция даражасида мустаҳкамланиши таълим соҳасидаги
ислоҳотларнинг чуқур мазмунга эга эканини кўрсатади.
Спорт
соҳасида эришилаётган ютуқлар, хусусан, шахмат бўйича Жавоҳир Синдоров,
Нодирбек Абдусатторов каби ёшларнинг жаҳон миқёсидаги муваффақиятлари
мамлакатимизда иқтидорли ёшлар учун яратилаётган имкониятларнинг амалий
натижасидир.
“Эл-юрт
умиди” жамғармаси Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга хизмат
қилаётган стратегик институт сифатида намоён бўлмоқда. Жамғарма доирасида
дунёнинг энг нуфузли олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик
ёшлар сони ортиб бораётгани, уларнинг халқаро илмий маконда ўз ўрнини
топаётгани инсон капиталига қаратилаётган эътибор самараси.
Инсонни
қадрлаш фақат ижтимоий ҳимоя билан чекланмай, фуқароларнинг саломатлиги ва
турмуши сифатига доимий эътибор қаратишни ҳам тақозо этади. Сўнгги йилларда
аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, жисмоний фаолликни ошириш ва
касалликларнинг олдини олишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар
кўрилаётгани, пиёда юришни оммалаштириш, оммавий югуриш марафонлари, “10 минг
қадам” каби ташаббуслар одамларнинг кундалик ҳаётига эзгу одатларни киритишга
хизмат қиляпти. Спорт инфратузилмаси кенгайиб, замонавий спорт иншоотлари барпо
этилмоқда, аҳоли учун бепул ва оммавий спорт майдонлари сони кўпаймоқда.
Ўзбекистоннинг
халқаро майдондаги нуфузи ва фаол ташқи сиёсати мустақилликнинг энг муҳим
амалий ифодаларидан. 2025 йилда ЮНЕСКОнинг 43-сессияси Самарқанд шаҳрида
ўтказилгани нафақат тарихий воқеа, балки мамлакатимизнинг тинчликсевар,
бағрикенг ва очиқ давлат сифатидаги эътирофи ифодасидир. Ушбу нуфузли анжуманда
кўплаб давлатлар ва халқаро ташкилотлар вакилларининг иштирок этиши, минглаб
хорижий меҳмонларнинг юртимизга ташрифи Ўзбекистонга ишонч ва қизиқиш ортиб
бораётганини кўрсатади.
Шу
билан бирга, “C5+1” форматидаги мулоқотлар, жумладан, АҚШ, Европа Иттифоқи,
Япония, Хитой, Россия ва бошқа мамлакатлар билан ҳамкорлик Ўзбекистон ташқи
сиёсатининг кўп векторли ва прагматик характерга эга эканини намоён этмоқда.
Марказий Осиё давлатлари билан яхши қўшничилик ва ўзаро ишончга асосланган
муносабатлар мустаҳкамланаётгани, минтақадаги давлат раҳбарларининг мунтазам
учрашувлари ва қўшма ташаббуслари минтақавий барқарорлик ва тараққиётнинг муҳим
омилига айланмоқда.
Айниқса,
Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Ислом цивилизацияси марказига ташрифи, ушбу
марказнинг жаҳон илмий ва маданий меросини ўрганишдаги аҳамиятини эътироф этиши
мамлакатимизнинг маънавий-маърифий салоҳиятига берилган юксак баҳо бўлди.
“Келажак мероси” каби халқаро мукофотлар билан тақдирланган шахслар
фаолиятининг эътироф этилиши эса Ўзбекистоннинг глобал маданий ва интеллектуал
макондаги ўрни тобора мустаҳкамланаётганини англатади.
Кейинги
йилларда туркий давлатлар билан ҳамкорлик янги босқичга кўтарилиб, сиёсий,
иқтисодий ва маданий алоқалар янада чуқурлашмоқда. Бу ҳамкорлик доирасида ўзаро
маданий-маърифий тадбирлар, илмий форумлар, таълим дастурлари фаол йўлга
қўйилгани халқларимиз ўртасидаги яқинликни мустаҳкамлаяпти.
Истиқлол
йилларида Ўзбекистонда маданий-маънавий меросни тиклаш ва жаҳон тамаддунига
уйғун ҳолда ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Бу
борада Имом Бухорий мажмуасининг мутлақо янги қиёфада барпо этилиши, Ислом
цивилизацияси марказининг қурилиши нафақат диний-маърифий, балки халқаро илмий
ва маданий аҳамиятга эга улкан лойиҳалар сифатида намоён бўлмоқда. Ушбу
марказлар орқали ислом маданияти ва цивилизациясининг ҳақиқий инсонпарварлик
моҳиятини дунё жамоатчилигига етказиш имконияти кенгаймоқда.
Шу
билан бирга, буюк аждодларимиз меросини улуғлаш давлат сиёсати даражасига
кўтарилди. Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги, Алишер Навоий ва Заҳириддин
Муҳаммад Бобур каби алломалар юбилейининг кенг нишонланиши миллий ўзликни
англаш, тарихий хотирани мустаҳкамлаш ва ёш авлодни ватанпарварлик руҳида
тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу тадбирлар орқали Ўзбекистон
ўзининг бой тарихий ва маданий меросини нафақат ички, балки халқаро миқёсда ҳам
кенг тарғиб этмоқда.
Ўзбекистоннинг
маънавий-маърифий салоҳияти халқаро миқёсда кенг эътироф этилмоқда. Хусусан,
2026 йил 13 апрель куни Ислом цивилизацияси маркази дунёдаги энг йирик ислом
цивилизацияси музейи номинацияси бўйича “Гиннесснинг рекордлар китоби”нинг
расмий рекордига сазовор бўлди. Тантанали тақдирлаш маросимида Гиннесс
рекордлари ташкилотининг расмий вакили, судья Шейда Субаси иштирок этиб, марказ
барча халқаро мезон ва стандартларга тўлиқ жавоб беришини тасдиқлади.
Бу
марказ давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилган йирик лойиҳа бўлиб,
янги Ўзбекистоннинг гуманитар қиёфасини шакллантириш, миллий ўзликни
мустаҳкамлаш ҳамда мамлакатимизни жаҳон миқёсида ислом цивилизациясининг муҳим
марказларидан бири сифатида намоён этишга хизмат қилмоқда. Эътиборли жиҳати,
марказ тузилмасида Қуръони карим зали алоҳида ўрин тутади. Унда энг қадимий
муқаддас қўлёзмалардан бири — Усмон Мусҳафи жой олган, у ЮНЕСКОнинг “Жаҳон
хотираси” реестрига киритилган.
Юртимизда
зиёрат туризмига эътиборнинг ортиши, Хива, Самарқанд, Бухоро ва Шаҳрисабз каби
қадимий шаҳарларга келувчи сайёҳларнинг кескин кўпайиши, тарихий обидаларнинг
тикланиши ва замонавий инфратузилманинг яратилиши мамлакатимизнинг туризм
салоҳиятини янги босқичга олиб чиқмоқда.
Айниқса,
тезюрар поездлар қатновининг йўлга қўйилиши, қулай транспорт ва сервис
хизматларининг кенгайиши ички ва ташқи туризм ривожига кучли туртки бермоқда.
Шу
кунларда юртимизнинг қайси ҳудудига борманг, янгиланиш руҳини, замонавий
ёндашув ва энг муҳими, одамлар қалбидаги ўзгаришни ҳис этасиз. Халқнинг кўзида
қувонч, қалбида эса эртанги кунга мустаҳкам ишонч мужассам. Бу ишонч ислоҳотлар
самараси, давлат ва жамият ўртасидаги ишонч мустаҳкамланаётганидан далолат.
Халқ
хотирасини улуғламай туриб, келажагини мустаҳкам қуриб бўлмайди. Шу маънода,
Шаҳидлар хотираси майдони ва музейи, Ғалаба боғи ва бетакрор мажмуалари
ватанпарварлик руҳини уйғотадиган, тарихий ҳақиқатни ёш авлод онгига
сингдирадиган масканлар сифатида алоҳида аҳамият касб этмоқда. Бу ерда фидойи
аждодларимизнинг ҳаёти, жасорати ва бурчга садоқати намоён бўлади.
Айнан
ана шу ёдгорликлар орқали инсон қадри ғояси ўтмиш, бугун ва келажак ўртасидаги
маънавий кўприкка айланмоқда. Бу эса мустақилликнинг моҳияти фақат иқтисодий
ёки сиёсий ривожланишда эмас, балки маънавий хотира ва тарихий адолатни
тиклашда ҳам мужассам эканини кўрсатади.
Бугун
маданий меросни асраб-авайлаш ва замонавий тараққиёт билан уйғунлаштириш
Ўзбекистоннинг жаҳон тамаддунига интеграциялашувида муҳим омил бўлмоқда. Бу
нафақат ўтмишга ҳурмат, балки келажакка ишонч рамзидир.
Қонун
талабларига риоя қилмаган, бироқ ўз қилмишининг ҳуқуққа хилофлигини англаб
етган ҳамда тузалиш йўлига қатъий ўтган шахсларга инсонпарвар ёндашувнинг
қўлланиши, уларга оиласи бағрига қайтиш ва жамиятга ижтимоий мослашиш имконияти
берилиши ўзбек халқига хос кечиримлилик, раҳмдиллик ва бағрикенглик каби азалий
қадриятларнинг амалдаги ифодаси.
Мамлакатимизда ҳар йили амнистия тўғрисидаги ҳужжатлар
қабул қилинмоқда. Бу каби чоралар жамиятда инсонпарварлик тамойилларини
мустаҳкамлаш, фуқароларни қўллаб-қувватлаш ва оилавий қадриятларнинг янада
юксалишига хизмат қилади.
Мустақиллик
Ўзбекистон учун фақат тарихий воқеа эмас, балки жаҳон тараққиётига
интеграциялашувнинг мустаҳкам пойдевори бўлди. Инсон қадрини улуғлаш, ижтимоий
адолатни таъминлаш, иқтисодий эркинликни кенгайтириш ва ёш авлодни
қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар мамлакат тараққиётининг барқарор ва
узлуксизлигини таъминламоқда.
Феруза МУҲИДДИНОВА,
юридик фанлар доктори