Сўнгги йилларда Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони раҳбарлигида мамлакатимиз мудофаа тизими ривожланишнинг янги босқичига кўтарилди. Хусусан, ҳаво сарҳадларимизни мустаҳкамлаш, чегаралар дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари изчил ислоҳ қилинмоқда.

Ислоҳотлар натижасида қўшинлар замонавий авиация техникалари, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва учувчисиз учиш аппаратлари билан таъминланмоқда. Амалий парвоз машғулотлари кўлами бир неча баробар оширилиб, авиация бўлинмаларининг жанговар шайлиги мустаҳкамланмоқда.

Тақдимотда замонавий билим ва кўникмаларга эга, ватанпарвар ва профессионал миллий кадрларни тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университетининг Қарши шаҳрида жойлашган Ҳарбий авиация институтининг ўқув-моддий базаси халқаро таълим стандартлари асосида жиҳозланган эди.

Институтда замонавий ўқув тренажёрлари, моделлаштириш ва симуляция воситалари жорий этилган. Назария ва амалиёт уйғунлигида ташкил этилаётган машғулотлар курсантларга авиация соҳасини чуқур ўзлаштириш имконини бермоқда. “Устоз-шогирд” анъанаси асосида курсантлар “Хонобод” аэродромида тажрибали мутахассислар кўмагида амалий кўникмаларини мустаҳкамламоқда.

Тақдимотда ҳаво сарҳадларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш, авиация бўлинмаларини замон талабларига мос равишда қайта ташкил қилиш бўйича таклиф этилаётган чора-тадбирлар кўриб чиқилди.

Бу ишлар Ҳарбий ҳаво кучларининг жанговар қобилияти ва амалий имкониятларини янада оширишга, қўшинларнинг тезкорлиги, ҳаракатчанлиги ва замонавий таҳдидларга жавоб бериш салоҳиятини кучайтиришга хизмат қилади.

Шунингдек, ҳарбий тиббиёт соҳасида Туркия билан ҳамкорликни ривожлантириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Президентимизнинг жорий йил январь ойида Туркияга ташрифи давомида икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида ҳарбий тиббиёт соҳасида таълим ва ҳамкорлик битими имзоланган эди.

Тақдимотда ушбу битим доирасида амалга оширилиши таклиф этилаётган чоралар ҳақида ахборот берилди. Мутахассисларни даволаш иши, стоматология, фармацевтика, профилактика, тиббий касб-ҳунар ва ҳамширалик олий таълими йўналишларида, магистратура ва аспирантурада ўқитиш, ҳарбий шифокорларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, тиббиётнинг илмий йўналишларида ҳамкорлик қилиш, семинар, конгресс ва симпозиумлар ўтказиш, ўқитувчи, маслаҳатчи, илмий ходим ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, қўшма машғулотлар ташкил этиш, беморларни биргаликда даволаш ҳамда тиббиёт муассасаларини ташкил этиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш режалаштирилмоқда.

Тақдимотда мудофаа ишлари органларида чақирилувчиларни қайд этиш, тиббий ва чақирув комиссиялари фаолиятини рақамлаштириш бўйича таклифлар ҳам кўриб чиқилди. Мазкур жараёнларнинг шаффофлиги ва тезкорлигини ошириш, фуқаролар учун қулайлик яратиш муҳимлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, мудофаа ишлари органлари фуқаро ходимларининг иш ҳақини босқичма-босқич ошириш, ҳарбий хизматчиларга Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида турар жой ижараси учун тўланадиган ҳар ойлик пул компенсацияси миқдорини кўпайтириш бўйича таклифлар билдирилди.

Президентимиз қўшинларнинг жанговар шайлиги ва тайёргарлигини ошириш, ҳарбий бошқарув ва таълим тизимига илғор тажрибаларни жорий этиш бўйича устувор вазифаларни белгилаб берди.

Мутасаддиларга ҳарбий таълим тизимидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш, аскарларни касбга ўргатиш, уларни олий таълим муассасаларига тайёрлаш ва бунинг учун муносиб шароитлар яратиш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.