Бу ҳақда Тошкент шаҳар йўловчи ташишни мониторинг қилиш ва назорат қилиш давлат муассасаси директори Муҳаммаджон Қаҳҳоров «Ўзбекистон 24»га берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг айтишича, мазкур таклифлар Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 3 июндаги 276-сон қарори асосида ишлаб чиқилган ва Қонунчилик палатасига киритилган.
Маълумотларга кўра, 2026 йилнинг ўтган етти ойида 82 мингдан ортиқ йўловчи йўл ҳақини тўламаган ҳолда ҳаракатлангани аниқланган. Ушбу ҳуқуқбузарлардан 2 миллиард сўмдан ортиқ жарима ундирилган.
1 сентябрдан йўл ҳақини автобусга чиқишда тўлаш шарт
2026 йил 1 сентябрдан брутто-шартнома асосида фаолият юритаётган шаҳар автобусларида йўл ҳақини тўлаш тартиби қатъийлаштирилади.
Янги тартибга кўра, йўловчи автобусга чиққан вақтида йўл ҳақини тўлаши ёки имтиёзли ёки бепул юриш ҳуқуқини тасдиқлаши керак. Йўл ҳақини тўламаган ва имтиёзга эга эканини тасдиқламаган шахс чиптасиз йўловчи ҳисобланади.
Йўл ҳақини транспорт ёки ижтимоий картани валидаторга теккизиш, шунингдек, банк картаси, смартфон ва бошқа контактсиз тўлов воситалари орқали амалга ошириш мумкин.
Қоидабузарликлар назоратчиларнинг махсус планшетлари орқали аниқланади. Улар ёрдамида йўловчининг тўловни амалга оширгани ёки амалга оширмагани текширилади.
Янги тартибдан кўзланган асосий мақсад йўлкира тушумларини тўлиқ ҳисобга олиш, нақд пулга боғлиқликни камайтириш ва жамоат транспортида электрон тўлов маданиятини оширишдан иборат.
Шунингдек, йўловчиларнинг ҳар бир бекат ва вақт кесимида ҳаракати ҳақида аниқ маълумот шакллантирилиши автобус йўналишларини самарали режалаштириш ва жамоат транспорти ишини мувофиқлаштириш имконини беради.
Эслатиб ўтамиз, Ҳозирда автобусда чиптасиз юриш учун БҲМнинг 10 фоизи, яъни 41 200 сўм жарима белгиланган.