Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида мазкур қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда автомобиль йўллари инфратузилмасини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ амалдаги қонун бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб бермайди.

Янги таҳрирдаги қонуннинг асосий мақсади автомобиль йўлларини ривожлантириш, улардан фойдаланиш тартибини белгилаш ҳамда соҳадаги муносабатларни замонавий талаблар асосида тартибга солишдан иборат.

Ҳужжатда автомобиль йўллари соҳасида амал қилиниши шарт бўлган асосий принциплар аниқ белгилаб қўйилмоқда. Жумладан, йўллар илмий ҳисоб-китоблар асосида лойиҳаланиши, қарорлар очиқ ва шаффоф бўлиши, йўл ҳаракати хавфсизлиги таъминланиши, атроф-муҳитга зарар етказилмаслиги ҳамда фуқаролар учун тенг ва қулай фойдаланиш имконияти яратилиши назарда тутилган.

Қонунда муҳим янгилик сифатида автомобиль йўллари бепул ёки белгиланган тартибда пулли бўлиши мумкинлиги мустаҳкамланмоқда. Шунингдек, соҳадаги махсус ваколатли орган сифатида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси белгиланмоқда.

Йўл ҳаракати хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, автомобиль йўлларида сунъий тўсиқлар ва нотекисликлар яратиш тақиқланмоқда, оғир вазнли ва йирик габаритли транспорт воситаларининг ҳаракатланиши эса фақат махсус рухсатнома асосида амалга оширилиши назарда тутилмоқда.

Қонунда пулли йўлларни ташкил этиш, давлат-хусусий шериклик асосида молиялаштириш, тўловларни автоматлаштирилган тарзда ундириш, шунингдек, фойдаланувчи ва оператор ўртасидаги муносабатлар ҳам тартибга солинмоқда.

Сўзга чиққанлар мазкур қонун нормалари йўлларни асраш, авариялар сонини камайтириш ва инсон ҳаётини муҳофаза қилишга хизмат қилишини таъкидладилар.

Сенаторлар фикрича, ушбу қонуннинг қабул қилиниши мамлакатда йўл инфратузилмаси ривожланишига, ҳаракат тезлиги ошишига, тирбандликлар камайишига ва йўл-транспорт ҳодисалари сони қисқаришига замин яратади.

Ялпи мажлис якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.