Ҳужжатда соғлиқни сақлаш тизимлари ва тиббиёт ходимлари учун илмий асосланган, ўз вақтида ҳамда инсонга йўналтирилган ёрдам кўрсатиш усуллари баён этилган.
ЖССТ маълумотларига кўра, 2024 йилда 5–19 ёшли 170 миллион бола ва ўсмир семизликдан азият чеккан. Уларнинг 70 миллиони 5–9 ёшли болалар, 100 миллиони эса 10–19 ёшли ўсмирлардир. Ушбу ёш тоифасида семизликнинг тарқалиш даражаси 1990 йилдаги 2 фоиздан 2024 йилда 8 фоизга етган, яъни тўрт баробар ошган.
Ташкилот семизликни сурункали ва қайталанувчи касаллик сифатида баҳолайди. Унинг оқибатлари болаликдан бошланиб, 2-тоифа қандли диабет ва юрак-қон томир касалликлари каби юқумли бўлмаган касалликлар хавфини ошириши мумкин. Семизликдан азият чекаётган болалар ва ўсмирлар стигма, камситиш ва буллингга ҳам дуч келиши мумкин.
ЖССТ ортиқча вазнга эга болалар ва ўсмирлар учун тузилмавий парҳез, жисмоний фаоллик ҳамда хулқ-атворни ўзгартиришга қаратилган чора-тадбирларни тавсия қилмоқда. Бундай ёрдам индивидуал тарзда ёки бир нечта усулни бирлаштирган дастур доирасида кўрсатилиши мумкин. Рақамли соғлиқни сақлаш воситаларидан эса ота-она ёки васий назорати остида фойдаланиш шартли равишда тавсия этилади.
Тавсияларга мувофиқ, 0–9 ёшли болаларда семизликни даволаш учун дори-дармонлар, бариатрик жарроҳлик ёки вазн камайтирувчи мосламалардан фойдаланиш тавсия этилмайди.
10–19 ёшли ўсмирларда тасдиқланган дори воситалари билан даволаш назорат қилинадиган, турмуш тарзини ўзгартиришга қаратилган дастур кутилган натижани бермагандагина кўриб чиқилиши мумкин. Оғир даражадаги семизлик кузатилган ўсмирларда бариатрик жарроҳлик эса қатъий шартлар асосида амалга оширилиши мумкин.
ЖССТнинг Овқатланиш ва озиқ-овқат хавфсизлиги департаменти директори доктор Луз Мария Де Регилнинг таъкидлашича, болалар ва ўсмирларда семизликни даволашнинг асоси дори-дармонлар ёки жарроҳлик эмас, балки соғлом овқатланиш, жисмоний фаоллик ва барқарор хулқ-атвор ўзгаришларини таъминлайдиган комплекс ёрдамдир.
Унинг қайд этишича, ҳар бир бола ва ўсмир эрта ёшдан сифатли тиббий ёрдам ва қўллаб-қувватловчи муҳитдан фойдаланиш имкониятига эга бўлиши, бу эса соғлом вазнга эришиш ва уни сақлашга ёрдам бериши керак.
ЖССТ ҳужжатида семизлик ва руҳий саломатлик ўртасидаги боғлиқликка ҳам эътибор қаратилган. Хавотир, депрессия, ўзини паст баҳолаш ва ҳиссиётларни бошқаришдаги қийинчиликлар носоғлом овқатланиш, жисмоний ҳаракатсизлик ҳамда ижтимоий яккаланишга олиб келиши мумкин. Шу билан бирга, семизлик билан яшаётган болалар ва ўсмирлар камситиш ва буллинг сабабли руҳий қийинчиликларга дуч келиши эҳтимоли бор.
Шу боис тиббиёт ходимларига семизлик ва руҳий саломатлик билан боғлиқ муаммоларни эрта аниқлаш, уларни биргаликда ҳал қилиш, ёшга мос ва оилани жалб этган ёндашувлардан фойдаланиш тавсия этилган.
Ҳужжатда соғлом вазнга эришиш ёки уни сақлашда асосий эътибор саломатлик, ҳаракатчанлик ва умумий фаровонликни яхшилашга қаратилиши лозимлиги таъкидланган. Бунда ҳар бир бола ва оиланинг эҳтиёжларини ҳисобга олиш, узоқ муддатли кузатув ва узлуксиз ёрдамни таъминлаш муҳим.
ЖССТнинг қайд этишича, фақат даволаш чоралари семизликнинг глобал ўсишини тўхтатиш учун етарли эмас. Шу сабабли ташкилот соғлом овқатланиш ва жисмоний фаолликни қулай ҳамда ҳамёнбоп қилишга қаратилган сиёсатни кучайтиришга чақирмоқда. Бунда тартибга солиш ва фискал чоралар билан бирга таълим, шаҳарсозлик, транспорт ва ижтимоий ҳимоя соҳаларидаги саъй-ҳаракатлар ҳам муҳим ўрин тутади.
Мазкур тавсиялар ЖССТнинг семизликка қарши глобал чора-тадбирлари, жумладан, уни тўхтатиш бўйича тезкор режасининг бир қисми ҳисобланади. Ҳужжатда болаликдан ўсмирлик ва катта ёшгача бўлган даврда семизликни бошқариш ҳамда назорат қилиш бўйича илмий асосланган тавсиялар ҳам келтирилган.