Суд ҳужжатларига кўра, Бекобод шаҳар Ички ишлар бўлимининг собиқ тезкор вакили, 1989 йилда туғилган фуқаро Nexia-3 русумли автомашинасини бошқариб кетаётиб, Қорасув–Бўка–Бекобод автомобиль йўлининг 64-километрида 43 ёшли пиёдани уриб юборган.
Судланувчининг кўрсатмасига кўра, у жабрланувчини автомобилга олиб, шифохонага йўл олган, бироқ кейинчалик воқеани яшириш мақсадида марҳумни Дўстлик каналига ташлаб юборган. Марҳумнинг жасади қарийб 80 кун давом этган қидирувлардан сўнг топилган.
Суд мажлисида судланувчи қилмишидан пушаймон эканини билдириб, енгиллик сўради. Жабрланувчи томон эса қонуний жазо тайинланишини талаб қилди.
Суд томонидан тўпланган далиллар, экспертиза хулосалари, ДНК текширувлари ва бошқа материаллар ўрганилиб, судланувчи Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми ҳамда 134-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилди.
Ҳукмга кўра, судланувчига барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан 3 йил муддатга маҳрум қилган ҳолда, узил-кесил 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Томонларга ҳукм устидан қонунда белгиланган тартибда апелляция шикояти бериш ҳуқуқи мавжудлиги тушунтирилди.