Сабр деб қабул қилинган жимлик, фазилатга айланган чидам, оғриқни яширишга ўргатган тушунчалар йиллар давомида кўплаб инсонлар тақдирини белгилаб келди. Аслида, адолат фақат қонунларда эмас, инсон қалбида яшагандагина ҳақиқий кучга айланади.

Бугун савол бошқача қўйилмоқда: оилани сақлаш муҳимми ёки инсонни асраш? Агар оилани сақлаш учун инсон ўзидан кечса, бу ҳали ҳам муқаддасликми?

Ана шу саволлар жамиятни безовта қила бошлади. Айнан шу безовталик  бошқача бир ўзгаришларнинг бошланиши, қадриятнинг қадди тикланишидир.

Сўнгги йилларда қабул қилинаётган қарор ва фармонлар шунчаки ҳуқуқий ҳужжатлар эмас. Улар йиллар давомида кўпларнинг ўз-ўзига берган изтиробли саволларига жавобдир. Президентимизнинг “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги фармони ана шу жавобнинг қонунга мужассам бўлган, қонунга сингдирилган шаклидир.

Бу фармон оилани ҳимоя қилади, лекин бу ҳимоя “оила” сўзининг ўзини эмас, унинг таркибидаги инсонларни ҳам ҳимоя қилади. У сабрни қадрлайди, лекин инсонни синдириш даражасигача эмас. У адолатни талаб қилади, лекин кечикиб келадиган адолатни кутиб ўтирмоқчи эмас. Энг муҳими, у муаммони хаспўшлашга эмас, жамият ва жамоат эътиборини унга қаратишга чақирмоқда.

Бу фикрларни тушуниш учун қонун матни билан бирга ҳаётни ҳам теран ўрганиш керак. Мазкур фармонда кўзда тутилган масалалар ҳақида ўйлар эканман, хотирамда бир воқеа жонланди.

Марҳамат тумани ижроия қўмитасида оналик ва болаликни ҳимоя қилиш бўлимида фаолият юритардим. Эҳтиёж туғилди — бир оилага бордик. Ҳовлида “кўрпа ҳашари” — қиз узатишга тайёргарлик авжида. 9-синфда ўқийдиган вояга етмаган қизнинг никоҳ куни белгиланган.

Қизнинг онаси саволимизга хотиржам жавоб берди: “Нима, ўз боламга ўзим эга бўлмай қолдимми? Яхши, бой-бадавлат оила сўради, розилик бердик. Мен ҳам 16 ёшимда турмушга чиққанман, ўлганим йўқ. Мен тенгиларнинг боласи ҳали этагига ёпишиб юрибди. Насиб қилса, бир йилда набира кўраман”.

Бу жавобда ишонч бор, лекин ҳаёт ҳақидаги тасаввурлар хато эди. Қиз ­шўрликдан ҳеч ким сўрагани ҳам йўқ. Қонун аралашди, тўй тўхтатилди. Аммо кўп ўтмай, улар барибир ими-жимида тўй қилди. Жигари хасталанган қизгина йил ўтмай, туғуруқ пайти ҳаётдан кўз юмди.

Фақат шундагина ота-она, қуда-андаларнинг кўзи очилди. Афсуски, дилбанди вафотидан сўнггина улар тушуниб етди. Бошларига муштлади, аммо энди кеч эди. Ўз қўллари билан экиб, кўкартирган гулларини ўзлари онгсизлик аёзларида сўлдирган эди.

Бу ерда фожиа фақат ўлим эмас. Фожиа ота-оналар миясида қотиб қолган мажруҳ тушунчалардадир. Фармон айнан шундай ҳали ҳам давом этаётган фожиаларнинг олдини олишга қаратилган. У инсон ҳаётида рўй бераётган ҳар қандай ҳолатни “пешонамга битилгани шу экан”, деб қабул қилиб, жим яшашдан, ўзини ўзи абгор қилишдан воз кечишга чақиради.

Ҳужжатда назарда тутилган “SOS” тизими бу ўзгаришнинг ёрқин кўринишларидан биридир. Бу шунчаки технология эмас. Бу “Мен ёлғиз эмасман” деган туйғуни қалбларга қайтариш учун қилинган мақсадли ҳаракат.

Яна ҳаётий воқеалар эсга келади.

Бир аёл йиллар давомида қўрқув билан яшади. У ёрдам сўрашни биларди. Лекин ҳар сафар ўзини анъаналар қаршисида ожиз ҳис қилди. Балки ўтиб кетар деган умид ҳам уни сукут ичида сақлади. Бир кеча у қўнғироқ қилмоқчи эди. Онасига, акасига дардини айтишга чоғланганди. Аммо эри томонидан қилинган зулм туфайли у тилдан қолди. Аввалроқ овозини чиқарса бўларди, айтса бўларди, қайтса бўларди. Лекин у андиша қилди. Болаларим бор, эл нима дейди дея тилини тишлади.

Энг оғири овознинг сукутга айланиши эмас эди. Энг оғир вазият — овознинг шу ҳолатда қотиб қолгани эди.

“SOS” ана шу сукутга овоз берувчи, уни инсон қадрига хизмат қилдирувчи воситадир. Мазкур фармоннинг яна бир муҳим жиҳати тушунчалар билан ишлашдадир. Чунки муаммо кўп ҳолларда қонун йўқлигидан эмас, балки мавжуд қонунларнинг нотўғри англанишидан келиб чиқади.

“Чидаш керак”, “ўтиб кетади”, “оилавий иш” деган фикрлар йиллар давомида зўравонликни ўраб турган қобиққа айланиб келди. Шунинг учун бугунги ўзгариш фақат ҳужжатларда тўхтаб қолмасдан, тафаккургача етиб бориши, яшаш тарзига айланиши керак.

Фармонда унинг ижроси ва тарғиботига оммавий ахборот воситалари, блогерлар, ижодкорларни жалб қилиш белгилангани бежиз эмас. Чунки жамият фикри ўзгармас экан, ҳар қандай кучли қонуннинг ҳам таъсири тўлиқ сезилмайди.

Маҳалла тизими, таълим муассасалари, жамоатчилик билан ишлаш —

буларнинг барчаси бир занжирнинг ­ҳалқаларидир. Чунки зўравонликка қарши курашиш фақат жазо билан эмас, эзгуликка даъват этиш, тушунтириш ва тафаккурни уйғотиш билан бошланади.

Бу — фақат зарурий ҳужжат эмас, ­жамиятга берилган имкониятдир:

сукутни парчалаш учун, қўрқувни енгиш учун, бир сўз билан айтганда, оилани инсонга муносиб қилиш учун берилган имконият.

Бу ўзгаришлар инсонлар тақдирида янги босқични бошлаб бермоқда. Энди гап фақат муаммони тан олишда эмас, балки уни ҳал қилишга келиб қолди. Энди гап фақат қонун яратилишида эмас, балки уни ижро этишда, унга жон бахш этишда, уни тирик қадриятга айлантиришдадир.

Агар бир аёл ўзини ҳимояланган деб ҳис қилса, демак, қонунлар ишлаяпти.

Агар бир қиз ўз тақдир йўлини ўзи танлай олса, демак, қонунлар ишлаяпти.

Агар бир оилада сукут ўрнини мулоқот эгалласа, демак, қонунлар ишлаяпти.

Лекин энг муҳим савол ҳали ҳам катта сўроқ рўпарамизда ­турибди: “Биз ўзгаришни фақат қонундан кутамизми ёки ўзимиздан ҳам бошлаймизми?”.

Чунки зўравонлик доим инсон қадри ерга урилганда бошланади.

Ҳаётий зарур бўлган қонун қабул қилиниши — ўзгаришнинг бошланиши, холос. Энг оғир ва энг масъулиятли йўл ундан кейин бошланади. Чунки ҳар қандай қоида инсон тақдирида синовдан ўтади.

Шу маънода мазкур фармон жамият олдига янги вазифа қўяди: уни ўқиш, уқиш билан чекланмай, тушуниш керак. Фақат эшитиш эмас, амал қилиш керак.

Йиллар синдирмаган бир ҳақиқат бор: қонун барча замонларда қабул қилинади. Албатта, унинг мавжудлиги катта аҳамиятга эга — у асос, у пойдевор. Лекин у фақат адолат кучи билан тириклик касб этади.

Фармоннинг кейинги бандлари айнан шу масалага қаратилган. Унда ҳужжат мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш, оммавий ахборот воситалари орқали тушунтириш каби вазифалар белгиланган. Буни шунчаки ахборот сифатида қабул қилиш етарли эмас.  Бу — қарашларни ўзгартиришга уриниш. Чунки жамият ўзгармас экан, ҳар қандай қонуннинг кучи тўлиқ намоён бўлмайди.

Йиллар давомида бир тушунча бизга сингиб қолган: “Оилавий масалага аралашилмайди”.  Аслида эса баъзан жамиятни ҳам силкитиб юборадиган энг оғир фожиалар айнан шу девор ортига яшириб келинган.

Дейлик, маҳалладаги бир оиланинг нотинчлигини биламиз. Кунора бақир-чақир овозларини эшитамиз. Аёл, болаларнинг изтироблари бегона эмас. Деворлар нурай бошласа ҳам бирор қўшни эшик қоқиб: “Ҳой, тўхта”, дейишга ботинмайди.

Бу фармон ана шу ғофиллик устидан бонг урмоқда. У гўё жамиятни аёвсиз сўроққа тутаётгандек:

— Сен кўриб туриб, нега жимсан?

Ҳужжатда маҳалла тизимига алоҳида урғу берилгани бежиз эмас. Чунки муаммо биринчи бўлиб маҳаллада кўринади. Қўшни билади. Яқинлар сезади. Лекин кўп ҳолларда ҳамма ўзини четга олади. Фармон эса бу бефарқлик қобиғини синдиради.

Энди маҳалла кузатувчи эмас. У ҳимоячи бўлиши керак. Чунки зўравонлик кўпинча ёпиқ эшиклар ортида содир бўлади. Уни очиш учун бефарқлик эмас, жасорат керак.

Ёшлар билан ишлаш масаласи ҳам ҳужжатнинг энг муҳим йўналишларидан бири. Чунки эртанги жамият учун бугунги қарашлар пойдевор бўлади.

Агар ёшлар ҳурматни, тенгликни, шахсий қадрни тушуниб улғайса, улар учун зўравонлик оддий ҳолга айланмайди.

Дарсда устознинг айтган гапи бир ўқувчи қизнинг ёдига ўрнашиб қолади:

— Ҳеч ким ҳаётингни сенинг ўрнингга ҳал қилмаслиги керак. Қонун бор!

Йиллар ўтиб, унга эрта турмуш ҳақида қарор қабул қилишни таклиф этишганида хотирасидаги ўша фикр уйғонади ва биринчи марта “Йўқ”, дея ўзини, ҳаётини, келажагини ҳимоя қилади. Баъзан битта жумла бутун бир тақдирни тўғри йўлга солиши мумкин.

Белгиланган имтиёзлар — шунчаки моддий ёрдам эмас.

Бу иккинчи имконият.

Ҳомиладор бўлгани учун ўқишдан узилган қиз, фарзанд дунёга келтириб, орзуларидан воз кечган талаба энди ўша жойда тўхтаб қолмайди. Унинг қайта бошлаш имкони бор. Бу жуда муҳим.

Фармон эса инсонга ана шу қайтиш йўлини очади.

“Йўл харитаси” — ҳужжатнинг энг муҳим жиҳатларидан бири. Чунки у нима қилиш кераклигини эмас, фаолиятнинг аниқ вақти ва эгасини кўрсатиб беради. Бу эса янги босқич — жавобгарлик босқичининг бошланишидир.

Энди “нима қилиш керак?” деган саволдан “ким жавоб беради?” деган саволга ўтилади. Чунки кечикиш ортида бир инсоннинг бахтга кечиккан тақдири туриши мумкин. Фармон жамият учун ўзгаришлар олами эшигини очмоқда. Лекин бу эшик остонасига етиб келишнинг ўзи етарли эмас. Уни ҳаёт тарзига айлантириш керак. Бу эса ҳар бир инсоннинг ўзидан, тафаккури, ҳаракатидан бошланади.

Агар маҳаллада ҳар бир одам айтишдан кўра сукутни афзал кўрмаса, ўзгариш бошланади. Агар журналист қалами ҳақиқат тарафга хизмат қила бошласа, ўзгариш тезлашади. Лекин энг катта ўзгариш онгда, шуурда юз беради. Чунки жамиятни фақат қонунлар эмас, уларга амал қилишни билган инсонлар ўзгартиради. Тафаккури уйғоқ, виждони тирик, жасорати бор инсонлар ўзгартиради.

Мунаввара УСМОНОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими