Муҳокама жараёнида таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларни ҳар қандай зўравонлик шаклларидан ҳимоя қилиш ҳамда болалар учун хавфсиз таълим муҳитини яратишга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мазкур Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда таълим ташкилотларида тарбия ва таълим бериш жараёнида вояга етмаган болаларга нисбатан жисмоний зўравонлик содир этганлик, шунингдек уларни таҳқирлаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Бундан ташқари, педагогик фаолиятни амалга ошириш жараёнида вояга етмаганларга нисбатан жисмоний ва (ёки) руҳий зўравонликка оид ҳуқуқбузарлик содир этганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилган шахсларга нисбатан бир йил муддат давомида мактабгача таълим ташкилотларида педагогик фаолият билан шуғулланиши мумкин эмаслиги назарда тутилмоқда.

Шунингдек, давлат ёки нодавлат муассасасининг тўлиқ таъминотида бўлган бола учун ота ёки онани алимент тўлашдан озод қилишга йўл қўйилмаслиги белгиланмоқда.

Шу билан бирга, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар оилага тарбияга фақат уларнинг қариндошларига берилиши қоидаси жорий этилмоқда.

Сенаторларнинг фикрича, ушбу Қонун болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, таълим муассасаларида уларнинг

қадр-қиммати ва дахлсизлигини таъминлаш бўйича ҳуқуқий кафолатларни мустаҳкамлашга замин яратади.

Муҳокама сўнггида сенаторлар Қонунни маъқуллади.