Айниқса, жамиятнинг энг нозик ва ҳимояга муҳтож қатлами бўлган болаларимиз манфаатларини ҳар қандай таҳдиддан ишончли муҳофаза қилиш алоҳида аҳамиятга эга. «Ўзбекистон - 2030» стратегияси ҳамда «Одил судлов - 2030» концепцияси бу йўналишдаги ислоҳотларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариб, чинакам халқчил ва адолатли одил судлов тизимини таъминлашга асос бўлмоқда.

Жумладан, болалар хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам ўз аксини топмоқда. Суд тизимида қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг, хусусан, вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича тизимли чоралар кўрилмоқда.

Шу жиҳатдан, жорий йилнинг 14 октябида ЎРҚ-1180-сонли Қонуни билан Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига киритилган ўзгаришлар вояга етмаганларга қарши жиноятлар учун жавобгарликни сезиларли даражада кучайтирди. Бу ўзгаришлар жамиятда зўравонликка нисбатан муросасиз муҳитни шакллантиришнинг ҳуқуқий пойдеворидир.

Жазо муддатлари узайтирилди. Ўн тўрт ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш (Жиноят кодекси 118-моддасининг 4-қисми) учун жазо кескин кучайтирилди. Худди шундай, унга нисбатан зўрлик ишлатиб, қўрқитиб ёхуд ожизлигидан фойдаланиб жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш (119-модданинг 4-қисми) учун ҳам жазо оғирлаштирилди. Энди бундай жиноятлар учун ўн беш йилдан йигирма беш йилгача ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Енгилликлар тақиқланди. Боланинг ўлимига сабаб бўлган қасддан содир этилган жиноятларга нисбатан шартли ҳукм қилиш тўлиқ тақиқланди. Шунингдек, узоқ муддатли ва умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоларини тайинлашда жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатларнинг аниқ рўйхати белгилаб қўйилди.

Бундай қатъий талаблар судьялар зиммасига улкан масъулият юклайди. Улар ҳар бир иш бўйича чиқариладиган қарорнинг одилона ва қонуний бўлишини талаб этади.

Жиноят-процессуал кодексига киритилган ўзгаришлар вояга етмаган жабрланувчи ва гувоҳларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг янги босқичини бошлаб берди. Бу ҳимоя судга қадар ва суд жараёнида бирдек таъминланади.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам. Жинсий зўравонликка оид жиноят ишлари бўйича вояга етмаган жабрланувчи ва гувоҳларга давлат ҳисобидан адвокат ёрдами таъминланмоқда. Бу ҳимояга муҳтож болаларнинг ҳуқуқий манфаатларини профессионал даражада ҳимоя қилиш имконини беради.

Васийлик ва ҳомийлик органлари иштироки. Айрим жиноятларда вояга етмаганга нисбатан жиноятни ота-онаси, фарзандликка олувчиси, васийси, ҳомийси ёки бошқа яқин қариндоши содир этади. Бундай ишларда судга қадар иш юритишда ҳам, суд муҳокамасида ҳам васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг иштироки мажбурий қилиб белгиланди.

Сўроқ ва юзлаштиришнинг хавфсиз тартиби. Вояга етмаганлар сўроқ қилинганда қонуний вакил, педагог ва психолог билан бирга васийлик органи вакили ҳам қатнашади. Жинсий зўравонликка оид ишларда жабрланувчи ва айбланувчи ўртасида юзлаштириш фақат суд ажрими ёки тергов органининг қарори асосида ўтказилади.

Ишларни холис ва қисқа муддатларда кўриш. Вояга етмаганлар иштирокидаги ёки уларга қарши қаратилган ишлар ҳар томонлама, чуқур ва холис ўрганилмоқда. Ҳеч бир айбдорнинг жавобгарликдан четда қолмаслиги судьялар фаолиятининг бош мезонига айланган.

Профилактика ва ҳуқуқий тарғибот. «Ўзбекистон - 2030» стратегияси ва «Одил судлов - 2030» концепциясида белгиланганидек, судлар жазо қўллаш билан чекланиб қолмаяпти. Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Таълим муассасалари, маҳаллалар ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда сайёр суд мажлислари, тарғибот ва тушунтириш тадбирлари мунтазам ўтказиб борилмоқда.

Хулоса қилиб айтиш керакки, вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги тизимли ишлар ва қонунчиликдаги янги нормаларнинг амалиётда қўлланилиши жамиятда қонун устуворлигини, тинчлик ва адолатни қарор топтиришга хизмат қилмоқда. Зеро, ҳар бир боланинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўлақонли ҳимоя қилинган жамиятгина тинч, фаровон ва буюк келажакни барпо этишга қодир.


Ориф Қличев,
Жиноят ишлари бўйича
Учтепа туман суди раиси