Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда зиёратчиларнинг ишончидан фойдаланиб, тегишли рухсатномасиз пул ишлашга уринган шахсларнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди.
Жумладан, Фарғона шаҳрида фаолият юритувчи сайёҳлик фирмасининг норасмий ишчиси икки нафар фуқарони Саудия Арабистонига «Умра» зиёратига юбориш эвазига 2 500 АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда у 2 450 АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунга ўхшаш ҳолат Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида ҳам аниқланган. Ноқонуний фаолият юритаётган туристик фирма ходими тўрт нафар фуқарони «Умра» зиёратига юбориш эвазига 4 400 АҚШ доллари талаб қилган.
ДХХ Андижон вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда у отаси билан биргаликда 4 300 АҚШ долларини олаётган вақтида ушланган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.