Яқинда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистонда китобхонликни ривожлантириш бўйича умуммиллий ҳаракатга старт берилди. Бу тадбир юртимизнинг барча ҳудудларини қамраб олиб, мактаблар, оилалар ва бутун жамиятда китобхонлик муҳитини кучайтиришга, ёшлар қалбида янги бунёдкорлик руҳини уйғотишга хизмат қилади, албатта.
Президентимизнинг “Мен ушбу дастурни шунчаки китоб ўқиш мусобақаси эмас, балки жонажон Ватанимиз келажаги учун стратегик инвестиция деб биламан. Агар биз бугун болаларимизнинг қўлига яхши китоб берсак, эртага улар Янги Ўзбекистоннинг буюк келажагини барпо этишга албатта қодир бўлади. Шунинг учун барчангизни ушбу умумхалқ ҳаракатида фаол иштирок этишга чақираман”, деган эътирофи ҳар бир юртпарвар юракни тўлқинлантиргани рост.
Жорий йил 3 июнь куни мазкур умуммиллий ҳаракатни Самарқанд вилояти бошлаб берди. Китобхонлик фестивали кўҳна Самарқанд шаҳрида эмас, балки қадимийликда у билан тенгдош деб эътироф этиладиган Иштихонда бошланди.
“Икки дарё ювар кокилин...”
Она юрт ҳақида чиройли ташбеҳлар ахтариб
турганимда хаёлимга атоқли шоиримиз Ҳамид Олимжоннинг ушбу машҳур мисралари
келди:
Ўхшаши йўқ бу гўзал бўстон,
Достонларда битган гулистон —
Ўзбекистон дея аталур,
Уни севиб эл тилга олур.
Чиройлидир гўё ёш келин,
Икки дарё ювар кокилин...
Ўзбекистон замини
кўплаб манбаларда Мовароуннаҳр, яъни икки дарё — Амударё ва Сирдарё оралиғида
жойлашган тарихий-географик минтақа сифатида тилга олинади. Иштихон эса қадимда
Миёнқол номи билан машҳур бўлиб, Зарафшон дарёсининг Оқдарё ва Қорадарё
тармоқлари оралиғида жойлашган. Мен Иштихон заминини “Ватан ичра мўъжаз
Ватаним!” дея ардоқлаб, мазкур мисраларни баралла айтгим келди:
Қучоғингни қувончга
Тўлдирсам шавқим билан,
Амуга Сир сўзласам
Зарафшон завқим билан,
Қучоғингда барқ урар
Обод турмуш, гул ҳаёт,
Сен юксалиб борурсан
Бунёдкор халқинг билан!..
Ҳа, бугун Иштихон ростакамига замонга мос
равишда кўркам қиёфа касб этиб бормоқда! Китобхонлик фестивали ҳам Иштихон
шаҳрининг нақ юраги бўлмиш Устозлар хиёбонига узукка кўздек ярашиб тушган китоб
монументини очиш билан бошланди. Бир қарашда китобнинг тиниқ саҳифаларини
муносиб гавдалантира олган оппоқ тош ҳам бу заминга бегона эмас. Улкан
китобнинг жуссаси шу яқин орадаги Оқтов тизмаларидаги оқ рангли мармар кони
карьерларидаги тошлардан тарошланган.
“Китобдан миннатдорман”
Машҳур ижодкорлардан бири “Мен ўзимдаги барча яхши фазилат ва хислатлар учун китобдан миннатдорман”, деган эди. Демакки, юртимизда бошланган умуммиллий ҳаракатдан кўзланган мақсад ҳам, шубҳасиз, жуда улкан ва кўркам!
Яна Устозлар хиёбонига қайтамиз.
Бундан 50 йиллар муқаддам Иштихон туманига
раҳбарлик қилган Мурод Жўраев ташаббуси билан бунёд қилинган ушбу истироҳат
боғи, айниқса, ҳарорати баланд ёз кунларида дам олувчиларни ҳар лаҳза ўзига
чорлаб туради. Чунки бу манзилда аҳоли учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Хиёбон ўртасида мўъжазгина кутубхона ташкил қилинган бўлиб, соя-салқин
ўриндиқларда китоб мутолаа қилиб турган ёшларни кўриб янада завқинг ортади.
“Янги Ўзбекистон — маърифатли жамият!”
шиори остида мазкур боғда ўтказилаётган китоб фестивалини бир сўз билан
маърифат ва тафаккур майдони деб аташ мумкин. Зеро, тадбир доирасида ташкил
этилган тил бўйича саводхонлик танловлари, ижодий учрашувлар ҳамда “Заковат”
интеллектуал беллашувлари бу ерга жам бўлганлар кўнглида келгуси ёруғ кунларга
янада умид уйғотганига асло шубҳа йўқ.
Тадбир юзлаб ўқувчи ёшлар, устозлар,
ота-оналар ва кенг жамоатчиликни жамлаган ҳолда жуда кўтаринки руҳда бошланди.
Самарқанднинг ҳар бир тумани учун алоҳида павильонлар бунёд қилиниб,
жавон-жавон китоблар ва улар қаршисида ғужғон ёшларни кўриб кўзинг қувнайди.
Пойтахт — Тошкенти азимдан ташриф буюрган
меҳмонлардан бири, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек
Ҳасанов айни дамдаги кўнгил кечинмаларини бундай баён қилди:
— Ростини айтсам, ҳаммасидан ҳам кўра,
пештоқига “Китобхон оила” деб битилган павильон менга жуда маъқул бўлди.
Бундаги китобхон бобо ва буви ҳамда набираларнинг мароқли мутолаа билан
машғуллиги манзараси, тўғриси, мени ҳайратга солди. Агар рассом бўлганимда, бу
манзарани бошқача меҳр билан, албатта, қоғозга муҳрлаган бўлардим. Биз ҳар бир
маҳаллада мана шундай оилаларни кўпайтиришимиз керак. Китоб ўқиган, билимга
интилган миллат ҳеч қачон енгилмаслигини, қолаверса, “илмдан бошқа нажот
йўқ”лигини ҳаётий мисоллар асосида ҳикоя қилиб бера оладиган нуронийларимизга
бугун қаттиқ суянмоғимиз шарт, назаримда. Қолаверса, бугунги ахборот хуружлари,
маънавиятимиз ва қадриятларимизга турли таҳдидлар мавжуд даврда маънавият уч ё
тўрт соат ишлайдиган соҳа эмас, у 24/7 режимида ишлаши зарур! Бу эса, шубҳасиз,
аҳоли ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш билан амалга ошади.
Ўзбекистон Миллий кутубхонаси раҳбари
Умида Тешабоева фестиваль жараёнларини кузата туриб, ўз таассуротларини бундай
изоҳлади:
— Ўзбекистонда китобхонликни ривожлантириш бўйича умуммиллий ҳаракатга старт берилгани айни муддао бўлди. Чунки буюк аждодларимиз дунё илми пешволари сифатида эътироф этиб келинади. Демак, биз ҳам уларнинг давомчилари бўлиб, маърифат орқали ўзимизнинг муносиб сўзимизни айта олмоғимиз керак. Яқинда Президентимиз адабиёт, маданият ва санъат намояндалари билан бўлган учрашувда соҳада кутилаётган катта янгиликлар ҳақида гапириб ўтди. Мана, бугун Иштихонда шу ишларнинг узвий давоми сифатида йирик китобхонлик фестивали ўтказилмоқда. Буларнинг барчаси юртимизда китобхонлик даражасини юксалтириш йўлидаги инқилобий ўзгаришлардир. Айниқса, китобга ўрнатилган маҳобатли монументни кўриб ҳайратга тушдим. У улканлиги билан мамлакатда ягона, десам адашмаган бўламан.
Иштихонда зиё сайли
Самарқандда ўз журналистика мактабини
яратган устоз Фармон Тошев бошчилигидаги меҳмонлару тадбир ташкилотчилари
ҳамроҳлигида жараёнларни кузатишда давом этамиз. “Зарафшон” газетасининг қалами
ўткир журналисти Гулруҳ Мўминова таъбири билан айтганда, мазкур зиё сайлида
ёшлар ўртасидаги интеллектуал беллашувлар, болалар иқтидорини намоён этган
танлов ҳамда китоб тақдимотлари, ёш рассомларнинг очиқ хиёбонда асарлар
қаҳрамонларини тасвирлаши, ижодий жамоалар чиқишлари намойиш этилмоқда.
— Ҳар бир шаҳар, туман учун ажратилган павильонларда китоб билан боғлиқ саҳналар, кўргазмаларни янгича бир шаклда кўрсатиб беришга ҳаракат қилинди. Ушбу йирик байрам ташкилотчиларини номма-ном санашнинг иложи ҳам йўқ, чунки зиёлиман деганнинг барчаси бу ишга сафарбар қилинган, — дейди Иштихон тумани ҳокими Фазлиддин Рўзиев.
Китоб тарқатган муаллим
Бугунги кунда мамлакатимизда бор-йўғи
олтита хусусий кутубхона мавжуд. Уларнинг биттаси Иштихон туманида жойлашган.
— 2000 йилларда кутубхоналар фаолияти анчагина мураккаб ҳолга тушган, китоблар кам, борларининг аксарияти хароб аҳволга келиб қолганди, — дейди “Нодирабону кутубхонаси” оилавий корхонаси раҳбари Нодира Эсонбоева. — Ўзим ўқитувчиман, лекин ёшлигимдан китоб йиққанман, уларни асраб-авайлаб келганман. Ўша йиллари қарасам, уйимда 5 мингга яқин сара китоб йиғилиб қолган экан. Хаёлимга ишдан бўш вақтларимда одамларга китоб тарқатсам-чи деган бир ғоя келди. Қўлимга иккита сумка олиб, ҳар бирида 20 тадан 40 китоб солиб, аввал Иштихон туманимиздаги турли ташкилот, корхоналарга кириб, китоб тарқатдим. Муайян муддатдан кейин китобларни олиб кетдим, табиийки, озроқ маблағ эвазига. Буни қарангки, одамларнинг китоб ўқишга қизиқиши кучли экан. “Яна келинг”, деб қолишди. Шу тариқа мен қатнайдиган корхоналар сони кўпайди, географияси ҳам кенгая бошлади. Тўғриси, бундан катта даромад қилиб бўлмайди, лекин шу китоблар бўш ётмагани, одамлар уни ўқиётгани менга кўпроқ завқ берарди. Кейинчалик ишимни кенгайтирмоқчи бўлиб, вилоят ҳокимига имтиёз сўраб мурожаат қилдим. Ахир мен тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтолмайман, фаолиятим даромадга мўлжалланмаган. Шундан кейин менга бу борада йўл-йўриқлар кўрсатилди, “Labo” русумли автомобилни имтиёзли харид қилдим ва кутубхоначиликни оилавий тадбиркор сифатида давом эттириб келмоқдаман.
Фестивалнинг хорижлик иштирокчилари
— Биз ушбу туманда шу
йил иш бошладик ва бундай китобхонлик тадбири ўтказилаётганидан жуда
хурсандмиз, — дейди фестиваль иштирокчиси, Самарқанд халқаро коллежи раҳбари,
хитойлик Шу Шу. — Чунки бизнинг мамлакатимизда ҳам китобхонлик жуда
ривожланган. Ҳар ойнинг 24-санаси китобхонлик куни сифатида белгиланган ва бу
кунда доим китобсеварлар йиғилишиб, ўзлари ўқилган асарлари, уларнинг
қаҳрамонлари ҳақида суҳбат қуришади. Қолаверса, бизда китоб ўқиган, билимли
инсонга муносабат бошқача, яъни одамларнинг ташқи кўринишига қараб эмас, балки
асосан билимига баҳо беришади ва шунга қараб муносабат ўзгаради. Шунинг учун
кўпчиликда китоб ўқишга, ўзини ривожлантиришга интилиш кучли.
Ўзим ҳақимда тўхталадиган бўлсам, китоб ҳаётимнинг кескин ўзгаришига ёрдам берган. Чекка қишлоқда туғилиб ўсган оддийгина қизалоқ айнан китоблар орқали бугун катта компанияларга эга бўлдим. Ўз тадбиркорлик соҳамни юритиш баробарида қизиқишларим бўйича ҳам ишламоқдаман.
“Туғромда Ҳумо қуши”
Бир сўз билан
айтганда, кун давомида қайноқ мушоиралар, асарларга оид саҳна кўринишлари, ёш
бахшилардан янги айтимлар, созандаю хонандаларнинг мумтоз ижролари, қолаверса,
зукко китобхон ёшлар беллашувлари ҳамда оммавий диктант танловларида ғолибликни
қўлга киритганларнинг муносиб тақдирланиш жараёнларини ҳаяжон билан кузатдик. Анжуман
якуни эса қувноқ куй-қўшиқлару рақсларга уланиб кетди.
Шу юртнинг бир ижодкори сифатида мен ҳам
фахру ифтихорга тўлиб-тошдим. “Китобга, адабиётга ошно бўлган дилларда фақат
яхшилик яшайди”, деган сўзни кўп бор эшитганмиз. Илоҳим, ҳаёт йўлларимиз маърифат
нурлари ила янада чароғон бўлиб бораверсин!
Мен сўзимни янги шеърим билан
якунламоқчиман. Зеро, хулоса ўрнида айтишим керак бўлган барча улуғвор мақсад
ва сўзларим шеърда ўз ифодасини топган бўлса, не ажаб!
Янги Ўзбекистонда
Дунёларнинг олдида
Тили қисиқ жойим йўқ,
Шу тупроғим бўлмаса,
Қуёшим йўқ, ойим йўқ,
Тинчлик деса, “хўп” дедим
Акси учун доим “йўқ”,
Бор бўлса ҳам заковат
Жанги Ўзбекистонда,
Қарор топгай адолат
Янги Ўзбекистонда!
Мен сўз айтсам ўтмишим,
Бугуним ё эртамдан,
Болам қўлимдан тутар,
Аждодларим елкамдан,
Бу занжир узилмагай
Бобомерос ўлкамдан,
Темурийлар тулпорин
Чанги Ўзбекистонда,
Камол топар шунқорим
Янги Ўзбекистонда!
Иймон, инсоф, диёнат —
Сўзин танир ўзбекман,
Аввал Ҳақни ва яна
Ўзин танир ўзбекман,
Ҳар манзилда ҳамиша
Эзгуликдан сўз дебман,
Туғромда Ҳумо қуши
Мангу Ўзбекистонда,
Бахтиёрдир ҳар киши
Янги Ўзбекистонда!
Яхшилик элчисига
Мудом бағри кенг бу юрт,
Таровату чиройда
Жаннатларга тенг бу юрт,
Юртпарвар юрак учун
Аълосидир энг бу юрт,
Байроғимнинг мазмундор
Ранги Ўзбекистонда,
Ҳар манзара мафтункор
Янги Ўзбекистонда!
Тупроғимга ярашган
Баҳорларим бор менинг,
Дуолардан ёришган
Саҳарларим бор менинг,
Оламнинг меҳри тушган
Шаҳарларим бор менинг —
Бухорою Самарқанд
Донғи Ўзбекистонда,
Ўтмиш янгиланаркан
Янги Ўзбекистонда!
Нурли кунлар нафаси
Куйланмоққа муносиб,
Эзгу ғоя закоси
Сийланмоққа муносиб,
Қалб кўзимиз зиёси
Уйғонмоққа муносиб,
Маънавият машъали
Ёнди Ўзбекистонда,
Янги ҳаёт бошланур
Янги Ўзбекистонда!
Ориф ТЎХТАШ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси