Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 10 декабрдаги “Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мамлакат иқтисодиётини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим ҳужжатлардан бири сифатида баҳоланмоқда. Мазкур фармон билан бугундан бошлаб иқтисодиётнинг қатор муҳим йўналишларида ҳисоб-китобларни нақд пулсиз шаклга ўтказиш амалиёти кенг жорий этилмоқда.
Жумладан, давлат хизматлари, электр энергияси, табиий газ ва ичимлик сув учун тўловлар, спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари савдоси, ёнилғи қуйиш шохобчалари ҳамда электр транспортларини зарядлаш хизматлари, қиймати 25 миллион сўмдан ошадиган товар ва хизматлар, шунингдек, кўчмас мулк объектлари ва айрим тоифадаги транспорт воситалари олди-сотдиси нақдсиз шаклда амалга оширилади. Бу ўзгаришлар иқтисодий муносабатларни тартибга солиш, молиявий оқимларни назорат қилиш ҳамда уларни янада шаффофлаштиришга хизмат қилади.
Марказий банк раиси биринчи ўринбосари Нодирбек Сайдуллаевнинг таъкидлашича, ёнилғи қуйиш шохобчаларида хизмат кўрсатиш жараёнида асосий мақсад — фуқароларнинг тўлов усули сабабли хизматдан фойдалана олмай қолишининг олдини олишдан иборат. Унинг сўзларига кўра, ҳатто автомобиль эгасида карта бўлмаган ёки ҳисобида маблағ етарли бўлмаган ҳолатларда ҳам мижоз ўз ишини якунига етказиши учун зарур шароит яратилмоқда.
Нақд пул айланмасининг юқори улуши кўпинча яширин иқтисодиётнинг кенгайишига сабаб бўлади. Чунки нақд пул орқали амалга ошириладиган операцияларни тўлиқ назорат қилиш мушкул. Бу эса норасмий иқтисодий фаолиятга кенг йўл очади. Шу сабабдан нақдсиз ҳисоб-китобларни кенг жорий этиш давлат учун технологик янгиланиш билан бирга стратегик иқтисодий ислоҳот сифатида алоҳида аҳамиятга эга.
Айниқса, йирик молиявий операцияларнинг банк тизими орқали амалга оширилиши молиявий интизомни мустаҳкамлайди, солиқ тушумларини оширади ва ноқонуний операцияларни кескин камайтиради. Бу, ўз навбатида, давлат бюджети барқарорлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Статистик маълумотлар аҳолининг рақамли тизимга тез мослашаётганини кўрсатмоқда. Жумладан, 2025 йилда транспорт соҳасида 692 миллион транзакция амалга оширилган бўлиб, бу кўрсаткич 2024 йилдагига нисбатан 36 фоиз ошган. Транспорт карталари орқали амалга оширилган 213 миллион транзакция ва бу йўналишдаги 52 фоизли ўсиш кўрсаткичи нақдсиз тўлов воситалари кундалик ҳаётнинг ажралмас қисмига айланаётганини кўрсатади.
Энг аҳамиятлиси, мобил иловалар ва виртуал карталар орқали тўлов ҳажмининг 234 фоиз ошганидир. Бу рақамли технологиялар аҳоли орасида жадал суръатда оммалашаётгани ва молиявий хизматлардан фойдаланиш маданияти юксалаётганини англатади.
Тошкент шаҳри жамоат транспорти мисолида бу жараён янада яққол намоён бўлади. Бир йил давомида тушумларнинг 644 миллиард сўмга етгани, йўловчилар сонининг 206 миллионга чиққани ва транзакциялар ҳажмининг кескин ошгани тизим самарадорлигини тасдиқлайди. Энг муҳими, мазкур ўзгаришлар аҳоли учун жиддий ноқулайликлар келтириб чиқармади, аксинча, хизматлардан фойдаланишни енгиллаштирди.
Кўчмас мулк ва транспорт воситалари бўйича битимларнинг нақдсиз шаклга ўтказилиши эса иқтисодиётда шаффофликни янада оширади. Харидор томонидан банк орқали эскроу ҳисобварақ очилиши ва маблағнинг фақат битим тасдиқланганидан сўнггина сотувчига ўтказилиши молиявий хавфсизликни таъминлайди. Шу билан бирга, маблағни пластик картага ёки нақд шаклда олиш имкониятининг сақланиб қолиши тизимнинг мослашувчанлигини таъминлайди.
Бугун рақамли тўлов тизимлари нафақат иқтисодий самарадорликни оширмоқда, балки аҳоли учун қулай ва замонавий инфратузилмани шакллантирмоқда. Шу билан бирга, тижорат банклари томонидан ушбу жараённи қўллаб-қувватлаш мақсадида инфратузилмани кенгайтириш ишлари жадал бажарилмоқда.
Хусусан, банклар томонидан автоматлаштирилган депозит машиналарининг 24/7 режимида ишга туширилиши аҳолига қўшимча қулайлик яратмоқда. Ушбу қурилмалар орқали барча турдаги банк карталарини тўлдириш, кредит тўловларини амалга ошириш ҳамда юридик шахслар ҳисобварақларига маблағ киритиш имконияти яратилган. Энг муҳими, айрим операциялар бўйича қўшимча комиссия тўловлари мавжуд эмаслиги аҳоли учун янада қулай шарт-шароитларни таъминлайди.
Нақдсиз ҳисоб-китобларни кенг жорий этиш мамлакат иқтисодиётини янги босқичга олиб чиқадиган муҳим қадамдир. Бу жараён иқтисодий шаффофликни таъминлаш, яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш, молиявий интизомни кучайтириш ва замонавий рақамли иқтисодиётни шакллантиришда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Энг муҳими, бу ислоҳотлар аҳоли манфаатларини инобатга олган ҳолда, улар учун қулай ва самарали тизимни яратишга хизмат қилмоқда.
Сардор ТОЛЛИБОЕВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири