Ушбу ҳолатни ўрганиш, илмий тадқиқотлар ўтказиш айни пайтда долзарб вазифалардан. Чунки кейинги пайтларда аҳолининг ёш қатлами бевосита тармоқлардаги кайфият, мулоқот таъсирида вояга етмоқда. Афсуски, ўсмирларнинг қўлидаги телефонни назорат қилиш мушкул бўлиб қолди.

Шундай пайтда уларга тақиқ эмас, интер­нетдан фойдаланиш маданиятини ўргатиш билан вазиятни яхши томонга ўзгартириш мумкин. Бироқ бизда ҳали ҳам интернетдан фойдаланиш маданияти тўла шаклланиб ул­гурмаган. Хусусан, айниқса, ёшлар орасида кибермаконда тез-тез учрайдиган кибербул­линг ҳолати кўпчиликни хавотирга солаётган масалалардан бўлиб турибди. ЮНЕСКО тад­қиқотларига кўра, дунёдаги ўқувчиларнинг қарийб 32 фоизи турли шаклдаги буллингга дуч келган, шундан 15-20 фоизи кибербул­линг қурбони бўлган.

Жаҳон бўйлаб ижтимоий тармоқларда ўс­мирларнинг тажовузкор хатти-ҳаракатлари, жумладан, кибербуллинг бўйича юз бераёт­ган ҳолатлар сони ортмоқда. Pew Research Center маълумотларига кўра, ўсмирларнинг 59 фоизи камида бир марта онлайн ҳақорат ёки босимга дуч келган. ЖСТ маълумотлари эса кибербуллинг қурбонларида депрессия ривожланиши хавфи икки баробар юқори экани, ўз жонига қасд қилиш эҳтимоли сези­ларли даражада ортишини кўрсатади.

Виртуал тажовузнинг турли вариантлари мавжуд. Оғзаки зўравонлик, дўқ-пўписа, кам­ситиш ёки бошқа фойдаланувчига нисбатан масхара, ҳақорат ёки таҳдид шулар жумла­ сидан. Бир гуруҳ одамларнинг ёзишмалар орқали шахсни қабул қилмаслик, рад этиш ва у билан мулоқот қилишни истамаслик ҳо­лати гуруҳ зўравонлигидир. Бунга кичик ми­сол — гуруҳни танлаш ёки бошқалар билан бирга мулоқотга қўшилиш истагига қарамай, иштирокчини умумий суҳбатдан мажбуран четлатиб юбориш. Бошқа шахсларнинг фото ва видеоматериалларини ижтимоий тармоқ­қа жойлаштириш ҳамда тарқатиш мақсадида рухсатсиз фойдаланиш визуал зўравонлик деб аталади.

Олимлар Твиттер, яъни Х платформаси­даги ўсмирларнинг кибертажовузкорлигини таҳлил қилди. Натижалар тажовузкорларни тавсифлаш ва аниқлаш қийинроқ эканини кўрсатди. Чунки улар оддий фойдаланув­чилар каби эътиборни жалб қилмай, ўзини жуда сипо тутиши мумкин, лекин айни пайт­да кибербуллингдан фойдаланишга қодир. Бундай ҳолатда агрессия кибербуллингдан тизимли эмаслиги билан фарқ қилади. Шу­нинг учун кўпинча унга жиддий зарар кел­тирувчи сабаб сифатида қаралмайди. Бироқ бу жабрланувчининг психологик тўкислиги­га салбий таъсир кўрсатади ва такрорий он­лайн таъқиблар билан бир хил оқибатларга олиб келиши мумкин.

Кибербуллингнинг ўзига хослиги ва ортиб бораётган хавфи шундаки, анонимлик, яъни шахсини яширгани туфайли тажовузкор жа­зосиз қолиши ва ҳаракатлари учун ўзини айб­дор ҳис қилмаслиги мумкин. Жабрланувчи эса мунтазам ташвиш ва қўрқувни ҳис қила­ди. Кибербуллингнинг кенг тарқалган шакл­ларига қўрқитиш ёки мунтазам юборилган ҳақоратли хабарлар киради. Бошқа биров­нинг шахсий маълумотларини розилигисиз ошкор этиш, бошқа фойдаланувчининг обрў­сига путур етказиш мақсадида уни камситув­чи маълумотларни тарқатиш ёки чоп этиш, кўпинча бошқа фойдаланувчига қаратилган таҳдидлар билан бирга кибертаъқиб қилиш, троллинг ёки масхаралаш, ҳақоратлаш ва одобсиз сўзларни ишлатиш орқали буллинг қурбонига таъсир кўрсатади.

Аксарият ҳолларда хулқ-атвори тажовуз­кор ўсмирлар киберҳужум қурбонларидан кам бўлмаган даражада ёрдамга муҳтож. Рос­сиялик тадқиқотчилар ҳар хил даражадаги кибербуллинг хавфи остида бўлган ўсмир­ларнинг турли даражали ҳолатини аниқла­ди. Маълум бўлишича, уларнинг аксарияти учун ташқаридан ёрдам сўраш одатий ҳол эмас ва пайдо бўладиган хавфларни муста­қил енгиш қобилияти интенсив фойдаланиш билан боғлиқ. Бундан ташқари, АҚШлик ўсмирлар орасида онлайн безорилик тарқа­лишини тизимли кўриб чиқиш мақсадида ўтказилган 32 та тадқиқот натижасида мам­лакатда кибербуллингнинг тарқалиши 1 дан 41 фоизгача ўзгариб туриши маълум бўлди. Шу билан бирга, қурбон бўлиш хавфи 72 фоизгача, тажовузкор позициясини эгаллаш эса 16,7 фоизгача етиши мумкин. 2019 йилда Россияда ёш фойдаланувчиларнинг қарийб 70 фоизи кибербуллингдан азият чекаётгани, 44,3 фоизи эса бошқа одамларга нисбатан ки­бербуллингдан фойдаланиши қайд этилган.

Бу ўсмирларни кибербуллингга нима ун­дайди деган савол бугун аксарият тадқиқот­чилар, ўқитувчилар ва ота-оналарни бирдай қизиқтираётгани табиий. Ўрганишларга кўра, ўсмирнинг ўтмишда таҳқирлангани учун қасос олишга интилишидир. Тенгдош­ларининг босими ҳам ўқувчиларни онлайн безориликка ундаши мумкин. Чунки улар ўзи учун обрўли шахс сифатида ҳаракат қилади­ган дўстлар гуруҳига мослашишга интилади.

Баъзи тадқиқотларга кўра, кибербуллинг қурбони бўлиш эҳтимоли аёллар орасида юқори. Интернетда кўп вақт ўтказадиган ва онлайн хавфли хатти-ҳаракатларга жалб қи­линган, шунингдек, анъанавий мактаб безо­рилиги қурбони бўлганлар аксарият ҳолларда қизлардир.

Ўсмир болалар кибербуллингга кўпроқ мойил бўлади. Қизлардан фарқли ўлароқ, улар ўсмирлик даврида тажовузкор зўравон­ликни бошдан кечиради ва бу ҳақда ота-она­ларга ёки ўқитувчиларга камроқ хабар бери­лади.

Кибербуллинг болалар ва ўсмирларнинг психологик тўкислигига сезиларли таъсир кўрсатса-да, бу таъсирни камайтирадиган қатор омиллар мавжуд. Биринчи навбатда, оилавий муносабатлардан қониқиш ҳисси ки­бербуллинг қурбонларининг ўз жонига қасд қилиш ниятини камайтиради. Бундай хавфни камайтирадиган яна бир омил мактабдаги му­ҳитнинг назорат қилиниши ва тартибга соли­нишидир. Шунингдек, кибербуллингнинг ол­дини олишдаги асосий йўналишлар сифатида интернет платформаларининг хавфсизлик да­ражасини ошириш, болалар ва ота-оналарни интернетда адекват хатти-ҳаракатларга ўрга­тиш каби мезонлар муҳим.

Баъзи ижтимоий тармоқлардаги аккаунт­ларда махфийлик созламаларини ўрнатиш имконияти мавжуд. Бу эса фойдаланувчи­ларга салбий шарҳлардан қутулиш ва ҳуқуқ­бузарларни блоклаш имконини беради. Шу билан бирга, тармоқ маъмуриятига ёзиш ёки зўравонлик ҳолатлари ҳақида хабар бериш мумкин.

Интернет ва ижтимоий тармоқлар ривож­лангани сайин бизнинг жамиятга ҳам кибер­буллинг хавфи ортиб бормоқда. Мактабларда ўсмирларнинг тажовузкор хатти-ҳаракатла­рининг олдини олиш учун махсус дастурлар ишлаб чиқилиши лозим. Педагогларнинг психологик компетенциясини ошириш ва вояга етмаганларнинг тенгдошлари билан муносабатларидаги психологик муаммолар­ни бартараф этиш зарур. Виртуал зўравон­ликдан азият чекканлар билан индивидуал ва гуруҳли психотерапия усуллари орқали шуғулланиш тавсия этилади.

Кибербуллинг ва анъанавий мактаб зўра­вонлигининг ўзаро боғлиқлиги долзарб маса­ладир. Безориликнинг бу турларидаги одатий кетма-кетлик ва ривожланиш қай ҳолатда эка­ни, мулоқотнинг қандай шаклларидан фойда­ланилиши ва уларни безорилик жараёни иш­тирокчилари қандай қабул қилишини аниқлаш виртуал ҳамда реал тажовузнинг тузилиши ва динамикасини аниқлашга ёрдам беради.

Камолиддин ТЎРАЕВ,

фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент