Қарорга кўра, 2026 йил 1 апрелдан тегишли транспортни фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар асосида бошқариш ҳамда улардан фойдаланиш ҳуқуқини олган шахсларга йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик ўтказилгани ҳақида Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларини хабардор қилиш имконияти яратилади.

Қарор билан тасдиқланган низомга кўра, хабардор қилиш ЯИДХП (my.gov.uz) ёки Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг мобил иловаси орқали амалга оширилади.

Хабардор қилиш хизматидан фойдаланиш учун транспорт эгаси ЯИДХП ёки мобил иловада шахсий кабинет очган ҳолда сўровнома тўлдиради ва унда бошқариш ҳуқуқини бериш муддатини кўрсатиб ўтади.

Бошқариш ҳуқуқини олган шахс сўровномани тасдиқлаш орқали келгусида унга нисбатан жарима солиш тўғрисида қарор расмийлаштирилиб борилишига розилигини электрон рақамли имзо ёки “Mobile-ID” ёхуд “Face-ID” орқали тасдиқлайди.

Хабардор қилиш хизмати учун БҲМнинг 10 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.

Шунингдек, мазкур қарор билан қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиришларга кўра, автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги гувоҳнома 5 йил муддатга расмийлаштирилиши белгиланди.