Дастлаб туман ҳокимлиги биносида бутунлай янгича усул ва тартибда иш бошлаган “Смарт қабулхона” фаолияти билан танишдик. Сунъий интеллект технологияларига асосланган ушбу қабулхона давлат хизматларини рақамлаштириш ва аҳоли мурожаатлари билан ишлаш сифатини тубдан яхшилашга қаратилган.

“Смарт қабулхона” — фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш, уларни сунъий интеллект ёрдамида автоматик таҳлил этиш ҳамда масъул ходимлар билан сониялар ичида тўғридан тўғри (видео ва овозли) алоқа ўрнатиш имконини берувчи интерактив платформадир. Масъулларнинг таъкидлашича, ушбу янги тизим ҳокимлик ташкилотларидаги аҳоли навбатларини қисқартириш ва мурожаатларни ҳал этиш тезлигини бир неча баробар оширишга хизмат қилади.

“Унинг ишлаш тартиби қандай?” деган савол кўпчиликка қизиқ, албатта. “Ақлли” қабулхонага мурожаат билан келган фуқаро бу ердаги махсус интерактив монитор (терминал)га яқинлашиши билан уни шартли “Мадина” исмли виртуал ёрдамчи овозли саломлашиш орқали кутиб олади. Фуқаро ўзининг шахсини тасдиқлаш учун тизимга ЖШШИР ва телефон рақамини киритади. Шундан сўнг мурожаатчи ўзини қийнаётган муаммо ёки таклифни айтади. Қурилма унинг гапларини матнга айлантиради ва сунъий интеллект ёрдамида сониялар ичида таҳлил қилади. Бошқача айтганда, ариза мазмуни ўрганилиб, уни тегишли соҳа бўйича (масалан, қурилиш, таълим, экология, коммунал хизматлар, ижтимоий ҳимоя ва ҳ.к.) автоматик равишда таснифлайди.

Кейинги босқичда мурожаат мазмуни ва йўналишига қараб, унга масъул ҳокимлик ходими аниқланади. Шундан сўнг ариза тафсилотлари соҳа вакили хизмат телеграм ботига ҳамда параллел равишда (назорат учун) ҳокимлик масъуллари телеграм гуруҳига тезкор хабар ёки билдиришнома шаклида юборилади. Бундан хабардор бўлган масъул ходим телефони ёки компьютери орқали биргина тугмани босиб, ҳокимлик кутиш залидаги терминалда турган фуқаро билан жонли видео ёки овозли алоқага чиқади. Муҳими, масала бартараф этилгунга қадар назоратда бўлади.

Мазкур қабулхонанинг яна бир афзаллиги, ҳар бир мурожаат автоматик тарзда базага ёзилади ва туман раҳбарияти қайси соҳада муаммолар кўплиги ҳамда ходимларнинг иш фаолиятини махсус бошқарув панели (Dashboard) орқали кузатиб бориш имконига эга бўлади.

Ҳа, бугун рақамлаштириш кириб бормаган соҳа, тармоқ қолмади ҳисоб. Ҳаётимиз унга боғланиб, “ақлли” технологиялардан кенг фойдаланиш давр талаби бўлиб бормоқда. Бу ерда ички ишлар идораларига мурожаат йўллаш учун ўрнатилган смарт-қурилма соҳадаги энг сўнгги янгиликлардан бири бўлди. Айни шу ускуна орқали Сергели туманидан юртимиз ва хориж фуқаролари уч — ўзбек, рус ва инглиз тилида мазкур туман ва Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси ёки Ички ишлар вазирлиги ­навбатчилик ­қисмларига тўғридан тўғри онлайн мурожаат йўллаши мумкин.

— Қурилмадан фойдаланиш жуда оддий ва осон, — дейди Сергели тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходими, лейтенант Сабина Қаҳрамонова. — Фуқаро дастлаб мулоқот тилини, кейин эса мурожаат йўлланадиган ички ишлар идорасини танлайди. Қурилма фуқаро шахсини аниқлагач, бир оз ўтиб экранда танланган навбатчилик қисми инспектори кўринади ва унга мурожаат қилинади. Ходим масалани бартараф этиш чораларини кўради. Айтайлик, шикоят Сергели туманидаги биронта маҳаллада содир бўлган жиноий ишга доир бўлса, ўша ҳудуд ички ишлари ходими тезкор хабардор қилинади. Эътиборли жиҳати, бу ерда фуқаро ички ишлар ходимининг иши ва муомала маданиятини баҳолаш имконига ҳам эга бўлади.

Эндиликда Сергели туманидаги ҳар бир мактаб ва синф бўйича ўқувчилар давомати, уларнинг дарсдаги иштироки ва одоби, шунингдек, бу ердаги маҳалла фуқаролар йиғини жамоаси фаолияти онлайн кузатилади, назорат қилиб борилади. Бу каби ишлар эса мазкур ҳудудда яқинда фаолият бошлаган Вазиятлар маркази томонидан бажарилади. Сергелига ташриф давомида давлатимиз раҳбари ушбу марказда яратилган шарт-шароитлар билан ҳам танишиб, тегишли кўрсатма ва топшириқлар берган эди.

Сергели тумани ҳокими маслаҳатчиси Саидаҳрор Юнусовнинг айтишича, янгича услубда фаолият олиб бораётган мазкур марказ ҳудуддаги ташкилотлар фаолиятида илғор тажрибаларни қўллаш, соҳаларни ривожлантириш, пировардида юқори натижаларга эришиш, аҳолига қулайлик яратиш, юзага келган муаммоларни тезкор аниқлаш ва ечим топишга хизмат қилиши билан алоҳида аҳамият касб этади.

Марказ фаолиятининг биринчи йўналиши — “Ақлли туман” платформаси. У орқали туманда аҳоли билан ишлаш янги босқичга кўтарилмоқда. Бу ердаги ижтимоий-иқтисодий ва инфратузилмавий ҳолатни рақамли назорат қилиш, иш жараёнида сунъий интеллектдан фаол фойдаланиш йўлга қўйилмоқда. Тўпланаётган маълумотлар асосида хавф-хатарлар олдиндан аниқланаётир. Яна бир жиҳат, давлат идоралари билан корхоналар ўртасида тезкор алоқа ўрнатилди.

Иккинчи йўналиш ҳисобланган “Хавфсиз туман” тизими доирасида Ички ишлар вазирлигининг “Қалқон” платформаси ва “Менинг инспекторим” мобил иловаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг “Балит” платформасидан кенг фойдаланишга киришилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, ушбу марказ фаолиятининг йўлга қўйилиши туманда бошқарув қарорларининг қабул қилиш тезлиги 35 фоиз ошишига, йўл-транспорт ҳодисалари 20 фоиз камайишига, фавқулодда вазиятларнинг бартараф этилиши 25-30 фоиз тезлашишига хизмат қилади.

Президентимиз йўл-йўлакай ер усти метроси остида ташкил этилган савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари фаолияти билан ҳам танишган эди. Ҳокимлик биносидан чиқиб, шу ерга бордик.

Бу ерда 137 та тадбиркорлик субъекти, автотураргоҳ, 4 километр пиёдалар ва велосипед йўлаги, 2 та болалар ўйингоҳи ва спорт майдончалари ташкил этилган. Бундан ташқари, метро остига ўрнатилган юзта ўриндиқ, сайр қилиш майдонлари, дўконларга кириш учун икки томонлама йўлаклар ва турли чироқлар аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун қулайликлар яратиш баробарида уларга кўтаринки кайфият улашмоқда.  

Мазкур манзилда кўнглимиз яйради: озодалик, яшиллик, гулу гулзорлар. Дўконларда салқин ичимликлар, музқаймоқдан тортиб, қаҳванинг исталган хилигача сотилмоқда. Турли бадиий ва илмий адабиётларга бой китоб дўкони ишлаб турибди. Унинг мутолаа учун ажратилган қисмида йигит-қизларни учратиб хурсанд бўлдик.

Айни масканда яқинда иш бошлаган тадбиркор Аҳрор Қодиров билан суҳбатлашдик.

— Шу пайтгача маҳсулотларимизни сотиш учун жой муаммо эди, — дейди у. — Президентимизнинг биз, тадбиркорларга қаратаётган алоҳида эътибори туфайли савдо нуқтасига эга бўлдик. Бундан жуда мамнунмиз. Ҳозир бу ерда эркаклар ёзги оёқ кийимларини сотяпмиз. Режаларимиз катта. Уларни амалга оширишда давлатимиз томонидан яратиб берилаётган бу каби шарт-шароитлар, имконият ва имтиёзлар қўл келиши шубҳасиз.

Кечки салқин билан Сергелини кездик. Кўчада ҳаёт қайнаяпти. Янги Ўзбекистон нафаси кириб келгани шундоқ сезилади. ­Юқори технологияларга асосланган ўзгариш ва янгиланишлардан ақл шошади, юрак ҳаприқади.

Кўча-кўйда юрган одамларнинг кўзида хотиржамлик. Бу юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикдан, ҳаётимиз гўзаллашиб, фаровонлашиб бораётганидан, ободликдан, яратилган қулайликлардан, инсон қадри улуғланаётганидан, эртанги кунга ишончдан дарак.

Ўндан ортиқ хорижий давлатда бўлиб, у ерлардаги шарт-шароитлар билан яқиндан танишганман. Бугун Сергелида яратилган имкониятлар уларнинг ҳеч биридан қолишмайди. Бу барчамизга фахр-ифтихор бағишламоқда.

Маълумотларга кўра, кейинги ўн йилда мазкур туманда 30 минг хонадонли янги уй-жойлар, умумий майдони 2 миллион квадрат метр бўлган саноат, савдо ва сервис объектлари барпо этилган. Жорий йилда ҳудудни ривожлантириш учун бюджетдан 173 миллиард сўм, банклар орқали 2 триллион 200 миллиард сўм ажратилган. Аҳоли учун бешта йирик дам олиш маскани ва истироҳат боғи ишга туширилган. Йил охиригача 750 миллион доллар инвестиция жалб этилиши кутилмоқда. Ушбу рақамлар ҳам ишлар кўлами кенглиги, бардавомлиги, бу ер янада гуллаб-яшнашидан сўзлайди.  

Ҳудуддаги Янги Сергели кўчасига етиб борганимизда кун ботганди. Туман ҳокимлиги вакили Шамшода Ибрагимованинг айтишича, Янги Сергели кўчасининг 2,1 километр қисмидаги инфратузилма объектлари тўлиқ янгилангач, ҳудуддаги савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталари 24/7 режимида ишлашга ўтказилган. Бу ерда дўконлар, нуронийлар маскани бунёд этилгани, болалар ўйингоҳи ташкил қилиниб, турли замонавий аттракционлар ўрнатилгани, бир сўз билан айтганда, етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган аҳоли учун барча зарур шарт-шароитлар муҳайё эканлиги барчага манзур бўлмоқда.

— Фарзандларим кун бўйи ишда, кечки пайт уйда бўлади, — дейди шу кўчада яшовчи, 65 ёшни қарши олаётган Замира Халдарова. — Улар авваллари, чарчоқданми, ишдан сўнг шаҳар марказига сайрга боришга эринарди. Хонадонимизга яқинроқ ҳудудда туну кун ишлайдиган жойнинг ўзи йўқ эди. Мана, ҳудудимизда 24/7 режимида фаолият юритадиган ажойиб маскан ташкил этилди. Яширмайман, бундан фарзандларим, невараларим хурсанд бўлганини кўриб, қувончдан кўнглим бўшаган дамлар ҳам бўлди. Бизга бу каби қулайликларни яратишда бош-қош бўлаётган давлатимиз раҳбарига сергелилик ота-оналар номидан миннатдорлик билдираман.

...Оқшом чўкди. Янги Сергели кўчаси янада гавжумлашиб бормоқда. Бу ердаги фавворалар, рангли чироқлар кўзни қувнатади. Дилга хуш ёқувчи мусиқа оҳангидан кайфияту руҳиятингиз кўтарилади. Ўғил-қизларнинг ўйин-кулгусини кузатар эканман, болалигим эсга тушади. У пайтлари бундай шарт-шароит ва имкониятларни ҳатто орзу ҳам қилиб бўлмасди. Бугун улар ҳақиқатга айланганини кўряпмиз.  

Ҳа, кейинги йилларда мамлакатимиз, жумладан, Сергелида илгари тасаввур ҳам этиб бўлмайдиган улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Уларнинг самараси аҳоли турмуш тарзи ва кайфиятида намоён бўлаётган ижобий ўзгаришларда ҳам яққол кўзга ташланмоқда.

Холмурод САЛИМОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири