Ўтказилган сўровда бухороликларнинг 98 фоизи сўнгги йилларда ҳаёт сифати яхшиланганини айтган, тадбиркорларнинг 83 фоизи эса келгуси уч йилга ижобий кутилма билан қарамоқда.
Шу билан бирга, иқтисодий ўсиш табиий ресурслар саноати ва қишлоқ хўжалигига сезиларли даражада боғлиқ бўлиб қолмоқда: уларнинг иқтисодиётдаги улуши 43 фоиз. Ўн йилда хизматлар соҳасининг улуши 33 фоиздан 36 фоизга ошган, холос.
Президентимиз вилоят иқтисодиётини диверсификация қилиш, саноатда чуқур қайта ишлашни ривожлантириш, ҳар бир туманнинг ўсиш нуқталарини аниқлаш зарурлигини таъкидлади. Мутасаддиларга саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалигида кўрсаткичларни 1,5 баравар ошириш бўйича аниқ режаларни киритиш топширилди.
Тошкент шаҳри, Фарғона ва Жиззах вилоятлари халқаро “Фитч” рейтингини олгани мисол сифатида келтирилди. Бухоро ҳам инвесторлар учун очиқ ва ишончли ҳудуд сифатида ўз салоҳиятини намоён қилиши лозимлиги қайд этилди.