“Бухоро шўрданаклари”нинг ўзига хос хусусиятлари ҳудуднинг табиий-иқлим шароити, маҳаллий хомашё ҳамда уни тайёрлашнинг анъанавий усуллари билан чамбарчас боғлиқ. Тарихан ушбу маҳсулот Бухоро воҳасида тайёрланиб, турли ҳудудларга кенг тарқалган.

“Бухоро шўрданаклари” географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилгани ушбу номнинг ҳуқуқий муҳофазасини таъминлайди.

Натижада:

маҳсулотнинг Бухоро ҳудудига мансублиги ва ўзига хос хусусиятлари ҳимоя қилинади;

истеъмолчилар учун маҳсулотнинг келиб чиқиши ва ҳақиқийлигини аниқлаш имконияти ошади;

Бухоро шўрданакларини маҳаллий ва халқаро бозорларда тарғиб қилиш учун ҳуқуқий асос мустаҳкамланади.

Мазкур географик кўрсаткичнинг давлат рўйхатидан ўтказилиши Бухоро вилоятининг миллий гастрономик меросини асраш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, ҳудудий брендни ривожлантириш ҳамда маҳсулотнинг ички ва ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.

Маълумот учун: географик кўрсаткич — маҳсулотнинг муайян географик ҳудудга мансублигини ҳамда унинг сифати, обрўси ёки бошқа хусусиятлари айнан шу ҳудудга хос табиий шароитлар ёки инсон омиллари билан боғлиқлигини ифодаловчи интеллектуал мулк объектидир.