Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 февралдаги ПҚ–59-сон қарори ижроси доирасида Бухоро шаҳрида ҳам жамоат транспорти инфратузилмасини модернизация қилиш ва йўловчиларга қулай шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, вилоятда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи “Алихан транс сервис” МЧЖ томонидан Хитойдан 25 та замонавий “Зҳонгтонг” русумли автобус олиб келинди.
Эътиборлиси, корхона томонидан 2026 йил давомида лойиҳанинг биринчи босқичида 36 та автобус харид қилинган эди. Янги автобуслар билан биргаликда жорий йилда харид қилинган транспорт воситалари сони 61 тага етди.
Айни пайтда корхона Бухоро шаҳридаги 2, 10, 18 ва 21-сонли автобус йўналишларида брутто-шартнома асосида аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Бугунги кунда шаҳардаги 18 та автобус йўналишида 250 дан ортиқ автобус брутто-шартнома асосида йўловчилар ташувини амалга оширмоқда.
Бу каби янгиланишлар шунчаки автобуслар сонининг ортиши эмас, балки жамоат транспорти хизматлари сифатини яхшилаш, йўловчилар учун қулайлик яратиш ва шаҳар транспорт тизимининг самарадорлигини ошириш йўлидаги муҳим қадамлардир.
Бухоро шаҳрининг транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича тасдиқланган бош режа асосида йўналишлар тармоғини такомиллаштириш, автобуслар ҳаракатини самарали ташкил этиш ҳамда аҳолининг жамоат транспортидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ишлари изчил давом эттирилмоқда.