Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълум қилди.

Қайд этилишича, аэрологик шарга ўрнатилган метеозонд атмосферанинг турли баландликларига кўтарилиш жараёнида ҳаво ҳарорати ва намлиги, атмосфера босими, шамол тезлиги ҳамда йўналишини реал вақт режимида ўлчайди ва маълумотларни ердаги қабул станциясига узатади.

Олинган маълумотлар мутахассисларга атмосферанинг турли баландликлардаги ҳолатини таҳлил қилиш ва синоптик таҳлилларда фойдаланиш имконини беради.

Аэрологик кузатувларнинг йўлга қўйилиши об-ҳаво прогнозларини аниқлаштириш, хавфли гидрометеорологик ҳодисаларни олдиндан аниқлаш имкониятларини кенгайтиради.

Шунингдек, атмосферанинг юқори қатламлари ҳақидаги аниқ маълумотлар авиация, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларини метеорологик ахборот билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Бухорода аэрологик шарнинг илк бор муваффақиятли учирилиши Ўзбекистонда гидрометеорологик кузатувлар тизимини замонавий технологиялар асосида ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Янги технологиядан фойдаланиш орқали атмосферада кечаётган жараёнлар ҳақида янада кенгроқ маълумот олиш ва тезкор метеорологик ахборот базасини шакллантириш имконияти ошади.