Рақобат қўмитасининг маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан тезкор ўрганиш ишлари олиб борилди. Жойига чиққан мутахассислар томонидан хабарда кўрсатилган ҳудудда реклама баннери мавжуд эмаслиги аниқланган.

Шу билан бирга, вилоят ички ишлар органлари маълумотига кўра, баннер жорий йилнинг 29 апрель куни ўрнатилган ва шу куниёқ олиб ташланган.

Қонунчиликка мувофиқ, жумладан, “Реклама тўғрисида”ги Қонун талабларига биноан ташқи рекламани моддий-маданий мерос объектларига жойлаштириш тақиқланади. Шунингдек, қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар рекламасига йўл қўйилмайди.

Ҳозирда Рақобат қўмитаси томонидан реклама буюртмачиси, тайёрловчиси, тарқатувчиси ва тадбир ташкилотчиларига нисбатан қўшимча ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Якунларига кўра, ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилиши маълум қилинди.

Қўмита барча тадбир ташкилотчилари ва реклама соҳаси вакилларини амалдаги қонунчилик талабларига, айниқса маданий мерос объектлари ҳудудидаги чекловларга қатъий риоя этишга чақирди.